Ўзбекистон | 09:00 / 25.10.2023
7907
7 дақиқада ўқилади
Реклама

Ҳинд шифокори Ҳиндистонда даволанишни истаган беморларга тавсиялар берди

Ҳиндистондаги Фортис шифохонасининг Трансплант бўлими раҳбари доктор Вивек Виж Тошкентдаги Гепатологлар халқаро анжуманида иштирок этди. Шифокор ўз соҳасидаги янги изланишлари ҳақида гапирар экан, Ҳиндистонда даволанишни истаган беморлар учун керакли тавсияларни ҳам бериб ўтди.

Даволаниш учун борган кўплаб беморлар Ҳиндистонда алданиб қолганини эшитамиз, бунга қандай изоҳ бера оласиз?

Мен шифокорман ва бўлим раҳбари сифатида мен ҳам бундай муаммоларга кўп дуч келаман, бунга ўзбек халқининг соддалиги сабаб деб ўйлайман. Ҳамма учун эсида тутиши керак бўлган маълумот – беморлар хусусий шифохонага келади ва хусусий шифохонанинг мақсади беморларга энг яхши муолажани таклиф қилиш билан бирга, албатта, бизнес ва фойда топишдир.

Келинг, шу ўринда баъзи бир беморлар учрайдиган афсоналарга тўхталиб ўтмоқчиман:

Маблағ масаласида тушунмовчиликлар энг кўп учрайдиган муаммо: “5000 доллар ёки топганингиз билан келаверинг, қолганини кейин берсангиз бўлади” дейишади. Ёки бошқа шифохонадан фарқли даражада арзон нарх айтилганда, беморлар ишониб етиб боришади. Хусусий шифохона ҳеч қачон беғараз ёрдам бериш мақсадида бемор қабул қилмайди. Бемор келганидан кейин нарх ортиши ёки пулни олдиндан тўлашини эшитгандан кейин ўртадаги одам кўринмай қолади ва бемор мажбурликдан айтилган пулни тўлаши керак бўлади. Бегона юртда ҳар бир кунингизнинг чиқимини ҳисобга олганда, албатта, бу беморлар қийин аҳволга тушади.

Яна бири “Шу айтилган нархдан ошмайди”, деб берилган ваъдалардир. Одатда ҳар бир муолажа ёки жарроҳлик “пакети” бўлади ва унга киритилган ва киритилмаган хизматлар тури мавжуд. Ҳиндистонга кетиш ниятингиз бўлса, шифохонадан пакетга нималар киришини ва ортиқча пул нималарга кетиши мумкинлиги бўйича имкон қадар ёзма шартнома ёки тилхат олинг. Бемор борганидан кейин ҳар хил ҳолатга тушиши ёки бирон қўшимча муолажа таклиф қилиниши мумкин. Бундай ҳолатдаги беморлар мусофир давлатда қийин аҳволга тушиб қолади. Ҳиндистон тиббиёти сифатли, лекин нархлари ҳам баланд. Жонлантириш бўлими хоналари кунига $300 дан $1500 гача бўлиши мумкин, бемор эса жарроҳликка қадар аҳволи жиддийлашиши ва мажбур ётиши керак бўлган ҳолатлар мавжуд. Бизда Ўзбекистондагидек бепул тез ёрдам кўрсатиш хизмати мавжуд эмас ва шошилинч хизмат қиммат туради.

Айрим тиббиёт муассасалари беморларга донорни Ҳиндистоннинг ўзидан топиш имкони бор деб айтади, бу ҳақиқатми?

Ҳиндистонда инсон органлари савдоси бўйича қонун (Human Organ Trasnplantation Act - HOTA) 1994 йилда эълон қилинган. Унга кўра шифохоналар қаттиқ назоратда туради ва чет эл фуқароси бошқа давлат фуқаросига тана аъзоларини бериши қатъиян ман қилинади. Жасад донордан орган олиш бўйича ҳинд фуқаролари навбатга қўйилади – қонунга кўра ўзбек фуқароси ҳам бу навбатга туриши мумкин. Лекин ҳозирда 15 000 одам навбат кутяпти. Ҳатто Ҳиндистон фуқаролари ўз навбатига етиб бормай ҳаётдан кўз юмяпти. Ўзбекистондан баъзи беморлар “Ҳиндистонда уйсиз аҳоли кўп ва хоҳлаганингни танлаб, донорликка олишинг мумкин”, деган афсонага ишониб келишади, лекин бизнинг қонун бунга йўл қўймайди.

Баъзида қариндош бўлмаса ҳам донорлик қилиши мумкин, деб айтишади, лекин ўз обрўсига эга катта шифохоналарда комитет ҳужжатларни жиддий текшириб, кейин жарроҳликка рухсат беради. Агар ноқонуний донор билан қўлга олинса, шифохона ҳам, бемор ҳам жиддий муаммога дуч келади. Шунинг учун бундай алдовларга ишонмасликларини сўрайман.

Агар донор топишда муаммолар бўлса, биз иккита усул таклиф қиламиз:

Донор алмашиш – иккита бир мамлакат фуқаролари: А бемор донори Б га ва Б бемор донори А беморга тушса, уларнинг ўзаро келишувига кўра донорлар алмашиб трансплант қилинади.

Яна бир усул, бемор қон гуруҳи тўғри келмаётган бўлса, тўғрилаш учун бир муолажа ўтказамиз ва тўғрилаб, жарроҳликка оламиз. Бу муолажа учун қўшимча тўлов олинади.

Барча трансплант қилдирмоқчи бўлган фуқаролардан одам савдоси, яъни ноқонуний донор бўйича алдовлардан эҳтиёт бўлишларини сўраб қоламан.

Ўтказилган жарроҳликдан кейинги асоратлар ҳақида нима дея оласиз?

Ҳар бир жарроҳлик ўзи катта хавф, беморнинг жарроҳлик столидан чиқиб кетиши масаланинг бир томони бўлса, жарроҳликдан кейинги ҳаёт энг муҳим қисми ҳисобланади.

Энг кўп учрайдиган асоратлардан бири – жигарнинг қабул бўлмаслиги ва бунга ҳар хил сабаблар бўлиши мумкин. Барча беморлар жарроҳликдан кейин шифокор назоратида бўлиши ва дори дозаси бемор иммун тизимига кўра ўзгариб туриши керак. Афсуски, кўплаб беморлар қайтганидан кейин, ўртада турган одамлари алоқани узиб қўяди, ёки ўзлари бефарқлик қилиб, анализларини кўрсатишмайди, баъзилар эса ўзбошимчалик билан дориларини тўхтатиб қўйишади. Шу билан иммун тизим қайта уйғониши ва янги келган органга ҳужум қилиши мумкин. Баъзи беморларда эса, табиий иммунитетидаги баъзи ҳужайралар жуда кучли бўлади ва қилинган муолажага қарамай, жигар ишлашдан бош тортади. Бу ҳолатларда кўплаб беморларни даволаш имкони бор, лекин баъзи беморларда қайтадан трансплант қилиниши керак бўлади.

Кейинги асорат бу сафро йўлидаги стриктура, ёки сафро йўли торайиши. Трансплантдан кейинги сафро йўлидаги муаммо, ўт қопини олишдаги муаммо каби эмас. Трансплантда биллиар анастамозида айланиб қолиши, ёки жигар регенерацияси давридаги сафро йўлида торайиш ҳосил бўлиши мумкин. Ҳар бир инсон танаси иммун тизими ҳам ҳар хил: шу тизим уланган веналардаги чандиқнинг қандай битишига жавоб беради. Баъзи беморда у текис битиб, ўз организмининг бир қисмидай бўлиб кетади, баъзиларда эса вақт ўтган сайин чандиқ ҳосил қилади ва беморда билирубин кўтарилиб кетади. Бундай ҳолларда энг самарали йўл – сафро йўлини қайта тиклаш жарроҳлигидир

Янги трансплантдан қайтган беморларда инфекция муаммоси кўп учраб туради. Беморлар, албатта, тозалик қоидаларига риоя қилиши, кўп одам тўпланадиган жойларга чиқмаслиги ва вирус, бактерия, инфекциядан сақланиши керак. Бемор трансплантга кетиши олдидан, қайтгандан кейинги назорат бўйича ёрдам олишига ишонч ҳосил қилибгина тайёргарлик кўриши керак.

Телефон:   +998975824777, +998901286000

Веб-саҳифа:        www.ailbsindia.com

Реклама ҳуқуқи асосида