Жаҳон | 18:02 / 25.10.2023
6396
4 дақиқада ўқилади

Хитойлик олимлар илгари номаълум бўлган саккизта янги вирусни аниқлашди ва улар устида тажриба ўтказишмоқчи

Дунёни келгуси пандемияларга тайёрлаш вазифаси топширилган хитойлик тадқиқотчилар мамлакат жанубидаги Ҳайнан оролида яшовчи кемирувчи ҳайвонлардан 700 га яқин намуналар тўплашган.

Фото: static.open.online

Хитой ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа мобайнида саккизта янги вирус топилган, улардан бири SARS-CoV-2 коронавируси мансуб бўлган оилага тегишли, деб ёзади DailyMail.

Экспертлар қайд этишича, аниқланган патогенлар агар қачонлардир тур тўсиғини ёриб ўта олса инсонларнинг зарарланиши бўйича «катта хавф» туғдиради. Улар вируслар устида келгуси тадқиқотлар ўтказиб, уларнинг инсонга таъсири айнан қандай бўлишини аниқлашга чорлашган. Натижалар Хитой микробиология жамияти (CSM)нинг матбаа бўлимига тегишли Virologica Sinica журналида чоп этилган. CSM ХХР ҳукуматининг Фуқаролик ишлари вазирлиги томонидан «маъмурий назорат ўрнатувчи» Хитой давлат фан ва технология ассоциацияси билан боғлиқ.

Янги вируслар Хитойнинг Ҳайнан оролида топилган. Фото: aerotelegraph.imgix.net

Янги тадқиқотда Ҳайнанда 2017-2021 йиллар мобайнида тутилган турли кемирувчиларнинг томоғи ва анусидан олинган 682 та сурма таҳлил қилинган. Бу кемирувчиларнинг муайян турли ва оролдаги яшаш ўрнига қараб таснифланган намуналар бўлиб, улар лабораторияларга ўрганиш учун жўнатилган. Таҳлил кўплаб янги вирусларни аниқлаган, жумладан, экспертлар томонидан CoV-HMU-1 деб номланган коронавирусни ҳам. CoV-HMU-1 COVID-19 касаллигини келтириб чиқарган SARS-CoV-2 коронавируси мансуб бўлган бетакоронавирус экани ҳам аниқланган.

Олимлар вирусларнинг бошқа гуруҳларида ҳам бир нечта янги қўзғатувчиларни аниқлашган. Уларнинг сирасига сариқ безгак ва денге безгаги қўзғовчи икки янги пестивирус, ичак инфекцияларини чақирувчи янги астровирус, гриппсимон симптомлар чақирувчи иккита янги парвовирус, ниҳоят, инсонларда ўткир учли кондилома ва саратон касаллиги келтириб чиқариши мумкин бўлган иккита янги папилломавирусни киритишган. Тадқиқотчилар қайд этишича, янги пестивируслар ва парвовирусларнинг очилгани жуда муҳим, чункила улар узун думли Эдвардс гигант каламушлари ва Сикким каламушларида аниқланган. Аввал бу жониворлар бундай типдаги патогенлар ташувчиси ҳисобланмас эди.

Эдвардс гигант каламуши. Фото: thainationalparks.com

9 миллион киши истиқомат қиладиган Ҳайнан ороли материкдаги Хитойдан сув билан ажралган. Олимлар тахминига кўра, худди шу каби вируслар дунёнинг бошқа чеккаларида ҳам учраши эҳтимоли бор.

«Натижалар бизга вирусларни таснифлаш ҳамда унинг ташувчилари бўйича билимларимизни кенгайтиради. Бу эса ҳали очилмаган, инсон қадами етмаган ёввойи табиатдаги уникал эгалари танасида мустақил ривожланаётган турли-туман вируслар борлиги ҳақида тахмин қилиш имконини беради», — дейишмоқда олимлар.

«Агар бу вируслар эгаси танасидаги тўсиқдан чиқиб кета олса, катта эҳтимол билан инсонларга ҳам юқиши мумкин, — дейди тадқиқотчилар. — Патогенлик ва янги вирусларнинг инсонлар ва ҳайвонларга у билан боғлиқ таъсири келгусидаги тадқиқотларда яхшилаб баҳоланиши керак».

Каламушлар инсон билан яқин яшайди ва жуда тезлик билан кўпаяди. Фото: fineartamerica.com

Олимларнинг сўзларига кўра, потенциал патоген олиб юрган кемирувчилар инсонга касаллик юқтириши нуқтайи назаридан улкан таҳдид ҳисобланади. Бунга сабаб — улар кенг тарқалган, турлари бўйича хилма-хил ҳамда жуда тезлик билан кўпайиш хусусиятига эга. Боз устига улар гуруҳ-гуруҳ бўлиб миграция қилишади ва Хитой маркази ва жанубидаги каби аҳоли зич яшовчи, нам ва иссиқ жойларда тўпланишади. Бу уларга «инсонлар билан алоқа қилиш учун кўплаб имкониятларни тақдим этади», деб таъкидлашмоқда олимлар.

Мавзуга оид