Жаҳон | 13:53 / 26.10.2023
12077
3 дақиқада ўқилади

Истанбул ичимлик сувисиз қолиш хавфи остида

Туркиянинг энг йирик шаҳри — Истанбулда икки ойга етарли ичимлик сув қолди. Ёғинли кунлар тезроқ бошланмаса, вазият таҳликали тус олиши мумкин. Истанбулда сув қанақасига муаммо бўлиши мумкин, шаҳар ўртасидан Босфор бўғози ўтади-ку, дейишга шошилманг. Гап ичимлик суви ҳақида бормоқда ва денгизнинг шўр суви истеъмолга яроқсиз эканини унутмаслигимиз керак.

Туркия аҳолисининг бешдан бир қисми — 16 миллиондан кўп аҳоли истиқомат қилувчи қадимий Истанбул сув омборларидаги чучук сув захираси 20,6 фоизгача қисқарган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу ҳажмдаги сув шаҳарни яна икки ойгина таъминлаб бера олади.

Истанбул сув ресурслари ва канализация бошқармаси маълумотларига кўра, апрел ойидан буён чучук сув захиралари 48,5 фоиздан ҳозирги 20,6 фоизгача камайган. Айни пайтда сув омборларидаги сув ҳажми 180 миллион метр кубгача қисқарган. Ҳолбуки, сув омборлари 868 миллион метр куб сувни сиғдира олади.

Журналистларнинг ҳисоб-китобига кўра, 16 миллионлик шаҳар кунига 3,1 миллион метр куб сув истеъмол қилади. Агар етарли миқдорда ёғин ёғмаса, икки ой ичида сув захиралари тугаб битади.

Истанбул сув омборларида сув захираси камаймоқда. Фото: campaigntr.com

Бундай кўрсаткич 2014 йилдан буён кузатилган энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Ўшанда вазият бугунгидан ҳам оғирроқ эди — сув омборларидаги захира 17 фоизгача тушиб кетган эди. Сўнгги 8 йилда сув омборларидаги захиралар ҳеч қачон 25 фоиздан камаймаган эди.

Ҳозирга келиб синоптиклар узоқ давом этаётган қурғоқчилик, айниқса бунинг оқибатида келиб чиққан ўрмон ёнғинларидан сўнг Туркиянинг катта қисмини фавқулодда вазият ҳудуди деб эълон қилган. Жумладан, Истанбул жойлашган ғарбий қисм ҳам энг қуруқ ва иссиқ ёзни ўтказди.

Графика Фото: haberglobal.com.tr

Маълумотларга кўра, шаҳарни сув билан таъминловчи 10 та йирик сув омборларидан тенг ярмида сув сатҳи кескин тушиб кетган. Қолган сувнинг катта қисми учта сув омбори — Ўмерли, Дарлиқ ва Теркос сув омборларига тўғри келади.

Ўмерли ва Дарлиқ сув омбори.
Ўмерли ва Дарлиқ сув омбори.

Боз устига, сентябр ойи бошларидан буён Истанбул ҳокимияти сувни иқтисод қилиш учун хусусий парклар ва боғларни суғоришда сувдан фойдаланишни чеклаш тўғрисида қарор қабул қилишган.

Истанбул шаҳри ҳокими Акром Имомўғли ҳам шаҳар аҳолисига сувни иқтисод қилишни сўраб мурожаат қилган.

Қайд этиб ўтиш керак, истанбулликлар совуқ сув учун 1 метр кубига туманга қараб 5 лирадан 8 лирагача ҳақ тўлашади. Бу бизнинг пулга 2150 сўмдан 3450 сўмгача дегани.

P.S. Метеопрогнозларга кўра 26 октябрда Истанбул, Кожаэли, Бурса, Текирдағ шаҳарлари ва атроф туманларда ёмғирлар кутилмоқда. Бу вазиятни бироз юмшатиши мумкин.

Мавзуга оид