Иқтисодиёт | 19:07 / 26.10.2023
19602
2 дақиқада ўқилади

Марказий Банк 21 та тижорат банкига нисбатан чора кўрди 

Улар кредит ва омонатлар ҳақидаги ахборотларни истеъмолчиларга тўлиқ ошкор қилмаган ва банк карталари орқали хизмат кўрсатишни тўлиқ йўлга қўймаган. 

Фото: Kun.uz

Марказий Банк томонидан август-сентябр ойларида тижорат банкларида назорат тадбирлари ўтказилди. Унда истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банк фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилиши, шу жумладан, терминаллар орқали тўловларнинг қабул қилиниши ҳамда банк хизматлари тўғрисидаги ахборотларни истеъмолчиларга тўғри ва тўлиқ тақдим этилиши ҳолатларига эътибор қаратилган. 

Қайд қилинишича, банклар томонидан таклиф этаётган кредит ва омонатлар ҳақидаги ахборотлар истеъмолчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда ошкор қилиниши ҳамда банк карталари орқали хизматлар кўрсатилиши тўлиқ йўлга қўйилмагани аниқланган. 

Натижада, 21 та тижорат банкига нисбатан чора кўрилиб, бунда 16 та тижорат банки жаримага тортилган ҳамда 5 та тижорат банкига огоҳлантириш берилган. 

Хабарда чора кўрилган банклар номи ва уларга қўлланилган жарима миқдори ҳақида маълумот берилмаган. 

Марказий Банк хабарида таъкидланишича, истеъмолчилар банк хизматларидан фойдаланиш бўйича оқилона қарорга келиши учун тижорат банклари хизматлар ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ошкор қилиши ва уларнинг шартларини батафсил тушунтириши лозим.

Мавзуга оид