Ўзбекистон | 10:06 / 27.10.2023
12037
2 дақиқада ўқилади

2022 йилда Ўзбекистонда нафақа олганларнинг 5,6 фоизи ўзига тўқ оилалар бўлгани аниқланди

2022 йилда жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1 фоизи кам таъминланган деб топилган, аммо ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар (шахслар) бўлган.

Ўзбекистонда 2022 йилда ижтимоий ҳимоя дастурлари доирасида нафақа олганларнинг 5,6 фоизи ўзига тўқ ва 12,5 фоизи ўрта аҳволдаги оилалардир. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Умида Зокирова маълум қилди.

Билдирилишича, шундан келиб чиқиб 2022 йилда жами нафақа олувчи оилаларнинг 18,1 фоизи кам таъминланган деб топилган, аммо ҳақиқатда ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлмаган оилалар (шахслар) бўлган.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон кўринишда ариза беришни жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, оиланинг иқтисодий аҳволи автоматик равишда вазирлик ва идоралардан олинадиган электрон маълумотларга мувофиқ ҳар ойда мониторинг қилиб борилади ҳамда иқтисодий ҳолати яхшиланган оилаларга нафақаларни тўхтатиш амалиёти жорий этилмоқда.

Лойиҳа давлат томонидан берилаётган нафақаларни адолатлилик тамойили билан тақсимланиши, миқдори кўтарилиши ва ушбу тоифага кирмайдиган фуқароларни виждонсиз хатти-ҳаракатларини олдини олиш ҳамда жамиятда норозилик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.

Мавзуга оид