ХХ аср 70-йилларида кўпгина авиакомпаниялар самолётларни оқ рангга бўяш орқали қандай манфаат кўришган? – “Заковат”нинг кузги мавсуми тўртинчи ўйинидан репортаж
ХХ асрнинг 20-йиллари ўзбек киносидаги иқтидорли ёшларни Москва, Петербургга ўқишга юборишда фақат актёр, режиссорлар эмас, оператор ва ўша давр киноси учун муҳим бўлган яна қайси мутахассислар ҳам юборилган? – “Заковат” телеўйини кузги мавсумининг тўртинчи ўйинида Нодира Турғунова жамоаси иштирок этди.
Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):
Майсара Очилова - Республика маънавият ва маърифат маркази мутахассиси;
Муаззам Узоқова - араб тили ўқитувчиси;
Нодира Турғунова - инглиз тили ўқитувчиси (жамоа сардори);
Мадина Мирзараҳматова - Ўзбекистон Миллий университети магистранти;
Нодира Раҳмонова - Ўзбекистон Миллий университети магистранти;
Назокат Абдусайитова - педагог.
Нодира Турғунова жамоаси 2023 йилнинг кузги мавсуми тўртинчи ўйинида иштирок этади.
1-раундда ўрта асрларда дарахтларнинг пўстлоғи, қоракуя, ёнғоқ пўстлоғи, анор ва тут дарахти смоласи, қарағай ва каноп ёғидан фойдаланиб, узоқ қайнатиб ҳосил қилинган суюқликдан нима сифатида фойдаланилгани ҳақидаги савол ўйналди. Бир дақиқа давомида жамоа турли вариантларни ўртага ташласа-да, тўғри вариант чиқмади ва ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.
2-раундда Франциядаги дуэл жараёнида атрофда секундантлардан сал нарида қайси икки соҳа кишилари тургани сўралди. Ушбу саволда жамоа тўғри жавобга анча яқин келганди, жамоанинг якуний жавобидан биттаси тўғри чиқди, аммо иккинчи соҳа кишисига нотўғри жавоб берилди. Ҳисоб – 0:2.
3-раундда ХХ аср 70-йилларида кўпгина авиакомпаниялар самолётларни оқ рангга бўяш орқали қандай манфаат кўришган, деган мазмундаги савол ўйналди. Муҳокама давомида жамоа тўғри жавобга етиб бора олмади ва телетомошабинлар йирик ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 0:3.
4-раундда турли суратли саволлардан иборат блиц саволлари ўйналди. Блицнинг биринчи ва иккинчи саволидан муваффақиятли ўтган жамоа учинчи саволга келганда қийинчиликка учради ва клуб ёрдамини олишга қарор қилди. Клуб ёрдами жамоага блиц раундини ўз фойдасига ҳал қилиб, ўйинда илк очкони олишига ҳисса қўшди. Ҳисоб – 1:3.
5-раундда ўрта асрларда Самарқанддаги қул бозорида қулларнинг фарёди ва йиғиси билан бирга яна ниманинг овози эшитилиб турган, деган мазмундаги саволга жамоанинг етакчи билимдонларидан бири Муаззам Узоқова тўғри жавоб бера олди ва жамоасининг аҳволини бироз енгиллаштирди. Ҳисоб – 2:3.
Кейинги раундда хоразмлик ҳаваскор шоирнинг бир машҳур филмга бағишлаб ёзган шеъридан тузилган қизиқарли савол ўйналди. Афсуски, бу саволда ҳам жамоанинг ишлари юришмади ва ҳисоб 2:4 кўринишига келди.
7-раундда қизиқарли миллий савол ўйналди. ХХ асрнинг 20-йиллари ўзбек киносидаги иқтидорли ёшларни Москва, Петербургга ўқишга юборишда фақат актёр, режиссорлар эмас, оператор ва ўша давр киноси учун муҳим бўлган яна қайси мутахассислар ҳам юборилгани ҳақидаги саволда жамоа яна муваффақиятсизликка учради ва томошабинлар жамоаси йирик ҳисобда олдинга чиқиб олди. Ҳисоб – 2:5.
Кейинги раундда Қадимги Римда қуллар сони жуда кўпайиб кетган шароитда кўча-кўйда уларни оддий инсонлардан фарқлаш учун уларнинг бўйнига кимнинг қули эканлигини билдириш учун медалён осиб қўйиш амалиёти жорий этилгани, аммо тез орада нега бу амалиётдан воз кечилгани ҳақидаги савол ўйналди. Нисбатан осонроқ бўлишига қарамай, ушбу саволга ҳам жавоб топилмади ва кетма-кет иккинчи ўйин ҳам 2:6 ҳисоби билан якунланадиган бўлди.
Шундай қилиб, мавсумнинг тўртинчи ўйини ҳам билимдонларнинг мағлубияти билан якунланди.
Жамоанинг мағлубияти сабаблари сифатида уюшқоқликнинг йўқлиги, етакчи ўйинчиларнинг ўзини кўрсата олмагани ва ютқазаётганда руҳий тушкунликка тушиб қолингани каби ҳолатларни келтириш мумкин.
Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.
1-раунд. Савол муаллиф: Равшанбек Мамажонов, Наманган вилояти, Тўрақўрғон тумани
Бошловчи: Ўрта асрларда бир соҳа кишилари сафар олдидан бир суюқликни тайёрлаш учун дарахтларнинг пўстлоғи, қоракуя, ёнғоқ пўстлоғи, анор ва тут дарахти смоласи, қарағай ва каноп ёғидан фойдаланиб, узоқ қайнатиб, ўзлари учун керак суюқликни тайёрлаб олишган. Кейин бир аниқ мақсадда сафарга йўл олишган.
Диққат савол: Қандай суюқлик тайёрлашган ва қаерга сафарга йўл олишган?
Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: Мактубларни ёпиштириш жараёнида фойдаланган ва бундан улар элчилик қилиб, мактубларни бир давлатдан бошқасига етказиб юришган.
Тўғри жавоб: Улар хаттотлар, улар ўзларига ўчмайдиган сиёҳлар тайёрлаб олишган ва Маккага йўл олишган. У ердан Қуръони Каримни кўчириб олиб келиш мақсадида.
Ҳисоб: 0 - 1
Савол муаллифи Равшанбек Мамажонов 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
2-раунд. Савол муаллиф: Аъзам Неъматов, Ромитан тумани, Бухоро
Бошловчи: Проспер Мерименинг “Карл VI салтанати йилномаси” асарида Франциядаги дуэл жараёни тўлиқ тасвирланади. Атрофда секундантлардан сал нарида иккита холис одам туради, аммо улар бошқа соҳа кишилари. Улар ҳам дуэлга алоҳида чақирилган. Уларнинг вазифаси дуэл тугагандан кейин бошланади. Ёзувчи шу дуэл саҳнасини жуда ҳам тўлақонли қилиб тасвирлаган.
Диққат савол: Улар қайси иккита соҳа вакили бўлиши мумкин?
Жавобни Назокат Абдусаидова беради: Бизнинг фикримизча, бири шифокор, иккинчиси нотариус, яъни ўша пайтда васиятнома расмийлаштириш керак бўлиб қолиши мумкин.
Тўғри жавоб: Дуэл тугагач, йиқилган дуэлчи ёнига ҳалиги икки киши келади. Улардан бири ярадор бўлса, ёрдам беради. Улардан иккинчиси, уни сўнгги манзилга жўнатиш учун керакли оятларни ўқийди. Уларнинг бири шифокор, иккинчиси руҳоний.
Ҳисоб: 0 - 2
Савол муаллифи Аъзам Неъматов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
3-раунд. Савол муаллифи: Хадича Ғофурова, Тошкент шаҳри
Бошловчи: ХХ аср 70-йилларида кўпгина авиакомпаниялар самолётларни бўяшни урфга киритдилар. Ўша пайтларда негадир кўпчилик самолётларни оқ рангга бўяшни афзал биларкан. Сабаби оқ ранг бошқа ранглардан кўра қуёш нурини яхши қайтаради. Самолёт корпусидаги дефектларни ҳам, зангларни ҳам дарров кўрсатиб қўя қолади. Оқ рангнинг яна бир устунлик томони борки, бундан авиакомпаниялар яхшигина фойда кўришади.
Диққат савол: Оқ рангга бўялган самолётлардан компаниялар қандай фойда кўришади?
Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Фикримизча, авиакомпаниялар самолётни оқ рангга бўяшдан мақсад, авиакомпаниянинг номи оқ рангда яхшироқ кўринади ва бу ўзига хос реклама бўлиб хизмат қилади.
Тўғри жавоб: Оқ рангнинг бошқа рангдан массаси камроқ бўларкан. Самолётни қанча вазни камайса, ёнилғи сарфлаш шунча камайиб боради. Ҳамма бўёқлар аслида оқ бўлади, унга бошқа ранглар қўшилиши натижасида унинг вазни ортади. Самолётни бўяш учун эса юзлаб кило бўёқ керак бўлади.
Ҳисоб: 0 - 3
Савол муаллифи Хадича Ғофурова 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
4-раунд. Блиц саволлари.
1-савол муаллифи: Абдулазиз Ғаниев, Наманган
Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.
Бу сурат "Ғалати никоҳ" деб номланган. Бу сурат 2-3 йил олдин суратга олинган.
Диққат савол: 2-3 йил олдинги ҳолатни эсланг ва саволдаги никоҳнинг номини топиб беринг.
Жавобни Майсара Очилова беради: "Карантиндаги тўй"
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри.
2-савол муаллифи: Мухлиса Маъруфхўжаева, Олтинкўл тумани, Андижон
Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.
Бу расмдаги бинолард ичидаги уйчалар ичида бир соҳа кишилари учун зарур мосламалар ишлаб чиқарилади. 19-асрда Европада қурилган бу фабрика бинолари атайлаб шундай бўлак-бўлак қилиб қурилган.
Диққат савол: Бу фабрикаларда нима ишлаб чиқарилган?
Жавобни Мадина Мирзараҳматова беради: Бу Алфред Нобелнинг компанияси бинолари, бу ерда динамит ишлаб чиқарилган.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри.
3-савол муаллифи: Диласал Давлатова
Бошловчи: Экранга эътиборингизни қаратинг.
Бу ҳарбий транспортлар Чехиянинг "Инфротех" компаниясида ишлаб чиқарилган. Бу танклар бошқа танклардан эллик, юз баробар арзон туради. Аммо улар жанг майдонида анча самарали иш қилади, рақиблар уларни йўқ қилиш учун 20 баробар кўп маблағ сарфлайди. Самарали томони кўп дейиляпти, асосийси у масофадан бошқарилади.
Диққат савол: Нега бу танклар арзон, аммо самараси юқори?
Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.
Жавобни Нодира Турғунова беради: Бу каби ҳарбий танклар ҳақиқий танклар эмас, бу танклар душман тарафни алдаш учун ишлаб чиқарилган танклар.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри.
Ҳисоб 1 - 3
Диласал Давлатова 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
5-раунд. Савол муаллиф: Музроб Ҳошимов, Тошкент шаҳри
Бошловчи: Сергей Бородиннинг "Самарқанд осмонида юлдузлар" асарида XIII-XIV асрлардаги Самарқанддаги қул бозори таърифланган. Бу бозорнинг бошқа бозорлардан фарқи ўзига хос овозида бўлган. “Бозорни ташқи томондан эшитиб турсангиз, қулларнинг доди эшитилади, йиғиси билан бирга Унинг овози ҳам эшитилиб турарди” деган.
Диққат савол: Асарда таърифланган У нима?
Жавобни Муаззам Узоқова беради: Фикримизча, қуллар бўлгандан кейин уларни жазолаш ёки овози ёқмаган пайтда овозини ўчириш учун қамчидан фойдаланилган бўлса, балки, қамчи овози эшитилиб тургандир.
Тўғри жавоб: Жавоб тўғри.
Ҳисоб: 2 - 3
Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
6-раунд. Савол муаллиф: Гулрухсор Рўзматова, Янгиариқ тумани, Хоразм
Бошловчи: Хоразмлик бир ҳаваскор шоирнинг бир машҳур филмга бағишлаб ёзган шеъри:
Балки омад кулди ва ё тақдир ҳам,
Зеҳни ғарқ бўлмади нафснинг қарига.
Тўрт гумон остида тўққизта қадам,
Болалик севгиси сабаб барига.
Сезган бўлсангиз бу шеър бир филм қаҳрамонига атаб ёзилган.
Диққат савол: Ўша филм номини топинг.
Жавобни Муаззам Узоқова беради: "Меҳробдан чаён" филми.
Тўғри жавоб: "Харобадан чиққан миллионер" филми эди.
Ҳисоб: 2 - 4
Савол муаллифи Гулрухсор Рўзматова 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
7-раунд. Савол муаллиф: Ўрол Очилов, Жиззах вилояти
Бошловчи: ХХ асрнинг 20-йиллари ўзбек киноси учун илк кўтарилиш йиллари ҳисобланади. Талантли ёшларни Москва, Петербургга ўқишга юбориш бошланган. Фақат актёр, режиссорлар эмас, оператор ва Улар ҳам юборилар экан. Ўша давр киноси учун Улар жуда зарур бўлишган.
Диққат савол: Улар кимлар?
Жавобни Нодира Раҳмонова беради: Таржимонлар.
Тўғри жавоб: 20-30-йиллар давомида аёллар ролини театрда ҳам кинода ҳам эркаклар ўйнаган, уларнинг кўринишини ўхшатиш учун уста гриммёрлар керак бўлган.
Ҳисоб: 2 - 5
Савол муаллифи Ўрол Очилов 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
8-раунд. Савол муаллифи: Саидаъзам Хўжаев, Олмазор тумани, Тошкент
Бошловчи: Қадимги Римда бир пайтлар қуллар сони жуда кўпайиб кетади. Аҳолининг 1/3 қисмини қуллар ташкил этади. Кўча-кўйда уларни оддий инсонлардан фарқлаш учун уларнинг бўйнига кимнинг қули эканлигини билдириш учун медалён осиб қўйилади. Аммо тез орада бу амалиётдан воз кечишади.
Диққат савол: Нега бу каби медалёнлардан воз кечишади?
Жавобни Нодира Турғунова беради: Айтайлик, барча медалёнлар ечиб ташланди. Кейинчалик шундай бир қонун чиққандирки, мамлакатдаги барча қуллар императорга тегишли, алоҳида бир шахсларга эмас.
Тўғри жавоб: Агар қуллар ўзларининг жуда кўп эканликларини билиб қолишса, қўзғолон кўтаришлари мумкин, деган хавотирга боришган ва зудлик билан бўйинларидаги медалёнларни ечиб олишган.
Ҳисоб: 2 - 6
Савол муаллифи Саидаъзам Хўжаев 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Энг яхши савол муаллифи - Ўрол Очилов, гриммёрлар ҳақидаги савол
Ўрол Очилов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.
Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
19:38 / 06.08.2024
“Заковат” Осиё кубогида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди
10:04 / 06.08.2024
Саида Мирзиёева: “Жадидлар ҳам, Алаш ҳаракати ҳам халқни озод қилишга интилган”
22:57 / 05.08.2024
“Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона муносабатлар – бутун дунёга намуна” — Саида Мирзиёева
17:39 / 05.08.2024