Жаҳон | 09:00 / 27.10.2023
14603
7 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқдаги можаро: дунёда энергия инқирози юз бериши мумкинми?

Нефт нархи ҲАМАСнинг ҳужумидан олдинги даражага деярли қайтди. Ғарбнинг қўрқуви ва Россиянинг умидлари оқланмади. АҚШ Венесуэлага қарши санкцияларни бекор қила бошлади.

Фото: Bloomberg

Яқин Шарқдан ҳар куни ҳарбий ҳаракатлар ҳақида хавотирли хабарлар келаётган бўлса-да, бир ҳафтадирки жаҳон бозорида нефт нархи пасайиб бормоқда. Бундан ташқари, улар Ғазо секторидан, Исроил, шунингдек, ҲАМАС ҳужумига учраган ҳудудлардан ҳам, «Ҳизбуллоҳ» Ливандан жанговар ҳаракатларда қатнашаётган шимолдан ҳам келяпти. Шу тариқа, минтақадаги зўравонлик кучайишда давом этмоқда, аммо бу фонда нефт арзонлашяпти.

Brent нефти 87 доллар атрофидаги кўрсаткичга қайтди 

7 октябр куни, ҳарбий ҳаракатлар бошланишидан олдинги сўнгги кунларда Европанинг Brent нефти тури нархи бир баррел учун 84 доллардан 86 долларгача бўлган эди. 19 октябрда нархлар тахминан 93,5 долларга етди ва шу тариқа бу ойнинг максимал қиймати бўлди, шундан сўнг у пасайишни бошлади. Энди эса, 26 октябрда котировкалар деярли асл даражасига қайтди. Савдо пайтида деярли 86,5 долларга тушди ва бу хабар эълон қилинганда у 87,5 доллар атрофида эди. 

Аммо гап шундаки, сентябр ойи давомида нефт 85 доллардан 95 долларгача бўлган. Бунинг Яқин Шарққа ҳеч қандай алоқаси йўқ, лекин ОПEК+ аъзолари томонидан ишлаб чиқаришни қисқартириш ва ушбу картел етакчилари - Саудия Арабистони ва Россиянинг алоҳида саъй-ҳаракатлари натижаси бўлди: улар бир томонлама равишда нефт қазиб олиш бўйича қўшимча сунъий чекловларни эълон қилди. Кўпгина кузатувчилар Россиянинг ҳозирги можарода Фаластинга яқин позицияси кўп жиҳатдан Москванинг нефт нархи янада ошишига умиди билан боғлиқ, деган фикрда: ҳозир Украинадаги урушни давом эттириш учун ҳақиқатан ҳам пул керак.

Бироқ, Яқин Шарқда вазият ёмонлаша бошлаганидан уч ҳафта ўтгач, ушбу минтақанинг (ва Россиянинг) асосий экспорт маҳсулоти нархи куз бошидан бери кузатилган коридорнинг пастки қисмига тушди. Бошқача қилиб айтилса, янги уруш ҳозирги кунга қадар нефт жаҳон нархларининг қисқа ва унчалик кучли бўлмаган ўсишига олиб келди, лекин умуман олганда, уларга сезиларли таъсир кўрсатмади. Шунга кўра, у ҳозирча жаҳон иқтисодиётига янги энергия инқирози билан таҳдид солмайди.

Кузда белгиланган даража май-июн ойларига қараганда юқори (72-77 доллар) бўлган бўлса-да, лекин ҳали ҳам Европанинг энг йирик - Германия иқтисодиёти учун жуда мақбулдир. Германияда ifo институти томонидан ойлик ҳисоблаб чиқиладиган ишбилармонлик кайфияти индекси олти ой ичида биринчи марта ошгани ҳақидаги 25 октябр кунги ҳисоботни шарҳлар экан, ушбу тадқиқот маркази эксперти Клаус Волрабе Яқин Шарқда можаронинг кескинлашгани Германия иқтисодиётига таъсир қилгани йўқ, деди. Унинг қўшимча қилишича, кейинги кескинлашув нефт нархи кўтарилишига сабаб бўлиши эҳтимолдан йироқ эмас.

ADAC немис автомобил клуби ўзининг ҳафталик ҳисоботида «ёнилғи нархининг бироз пасайганини» таъкидлади: бензин минимал, дизел бироз кўпроқ тушди. Бу содир бўлди, деб тушунтирди ADAC ўз веб-сайтида, чунки «Яқин Шарқда кучайиб бораётган можародан ташвишланиш бироз пасайганга ўхшайди». 

Эрон ҳам вазиятни кескинлаштирмаяпти 

Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейинги дастлабки кунларда Исроил армияси Ғазо секторида қуруқликда кенг кўламли операция ўтказади ва бу можарога бир қатор араб давлатлари, айниқса ҲАМАС бош ҳомийси сифатида Эроннинг аралашувига олиб келади, деган фикр бор эди. Шунингдек, Исроил воқеада Эронни айблаши ва АҚШ кўмагида унга қарши зарбалар бериши бўйича тахминлар ҳам билдирилди.

Аммо бу содир бўлмади. Исроил қуруқликда ҳужумни бошлагани йўқ ва Ғазо секторига ҳаводан зарбалар бермоқда, шу билан бирга, минтақадаги бошқа давлатлар фаластинликларни дипломатик йўл билан қўллаб-қувватлаяпти, аммо ҳарбий ёрдам тақдим этмаяпти. Эрон ҳам Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўймади. Бу, одатда, Яқин Шарқ минтақасидаги вазиятнинг ҳар қандай кескинлашувида жаҳон нефт бозоридаги энг катта хавотирга сабаб бўлади, чунки бу ҳолда нефт танкерлари Форс кўрфазини тарк эта олмайди - ва жаҳон бозори ёнилғи тақчиллигига дуч келади.

«Менда Эрон ёки бошқа давлатлар Исроилга очиқдан-очиқ ҳужум қилмоқчи, деган таассуротга эга эмасман. Бу катта эскалация эҳтимолини камайтиради, - деди Commerzbank бош иқтисодчиси Йорг Кремер DW нашрига. - Бозор буни тўғри тушунаётганга ўхшайди, бу нефт нархининг мўътадил реакциясидан кўриниб турибди».

Қандай бўлмасин, ҳозирги вазият 1973 йилдаги нефт инқирозини эслатмайди, ўшанда Саудия Арабистони бошчилигидаги ОПEК араб давлатлари урушда Исроилни қўллаб-қувватлагани учун ғарбни жазолашга қарор қилган. Шундан сўнг Яқин Шарқ экспортчилари АҚШ ва Ғарбий Европага нефт етказиб беришга эмбарго жорий этди, бу эса ёнилғи нархининг мисли кўрилмаган даражада ошишига, ғарб мамлакатлари учун оғир иқтисодий инқирозга ва жиддий инфляцияга олиб келди. 

Ўшандан бери ярим аср давомида Ғарбий Европа мамлакатлари нефтга, айниқса, Яқин Шарқ нефтига қарамлигини кескин камайтирди ва Қўшма Штатлар сланец ишлаб чиқариш буми туфайли нефт импортига боғлиқликни бутунлай тўхтатди. Шу билан бирга, араб ишлаб чиқарувчилари учун Хитой ва бошқа Осиё мамлакатлари асосий харидорларга айланди, шунинг учун жаҳон нархларининг кучли ўсиши ушбу мижозларнинг манфаатларига зарар етказади. 

АҚШ Венесуэланинг нефт секторига сармоя киритишга рухсат берди 

Бундан ташқари, 20 октябр куни, ҲАМАС ҳужумидан икки ҳафта ўтиб, АҚШ маъмурияти Венесуэлада мухолифатга ён босган режимга нисбатан санкцияларни юмшатди ҳамда унинг нефт ва газ соҳасига сармоя киритиш учун рухсатномалар берди. Венесуэла жиддий эътибордан четда қолган ва шунинг учун ишлаб чиқаришни дарҳол оширишга қодир эмас, аммо бу шундай йирик потенциал нефт етказиб берувчини жаҳон бозорига қайтариш йўлидаги муҳим қадамдир. 

Ўрта муддатли истиқболда бундай сиёсий манёвр энергия инқирози хавфини камайтиради, аммо уни тўлиқ бартараф этмайди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин ошган жаҳон нефт нархининг тушиши айнан 20 октябрда бошлангани бежиз эмас. 

Мавзуга оид