Ўзбекистон | 18:17 / 28.10.2023
17451
5 дақиқада ўқилади

Талабга қараб таклиф: айрим чиройли авторақамлар бошланғич нархи 165 млн сўмдан аукционга чиқарилди

Ушбу сотув нархлари аукцион жараёнларида каррасига ошади, эҳтимолки амалдаги рекорд - 893 млн сўм (75 минг доллар)ни ҳам янгилаши мумкин. Талабгорлар “олтин” авторақамлар эгасига айланиш учун 6-7 талаб Cobalt’нинг пулини сарфлашга тайёр. Йиллар кесимидаги таҳлилларга қаралса, қиммат бўлишига қарамасдан чиройли авторақам ишқибозлари ортган. 2019 йилда 156.1 млрд сўмлик «чиройли» авторақамлар сотилган бўлса, 2022 йилда бу сумма 304 млрд сўмни ташкил этган.

Фото: Kun.uz

Авторақамлар онлайн аукционида 5 та чиройли рақам 165 млн сўм бошланғич нарх билан сотувга чиқарилди. Уларнинг тўрттаси Сурхондарё вилояти, биттаси Бухоро вилояти ҳудудида рўйхатга олинади. 

Сотувга чиқарилган «олтин» рақамларнинг 3таси жисмоний шахслар учун мўлжалланган.  

Авторақамлардан иккитаси юридик шахслар учун сотувга қўйилган.

Авторақамларнинг 4 таси 12 октябр куни, 1 таси 24 октябр куни сотувга чиқарилган.

Аукцион савдоларида одатда охирги соатларда «бозор» қизғин кечишига эътибор қаратилса, бу «олтин» рақамлар бошланғич нархдан бир неча баробар қиммат нархларда сотилиши турган гап.   

Рақам учун миллиардлар

Биржада сотилган авторақамлар суммаси йилдан йилга ўсиб бормоқда. 2019 йилда 156,1 млрд сўмни, 2020 йилда 262,6 млрд сўмни, 2021 йилда 298,8 млрд сўмни ҳамда 2022 йилда 304 млрд сўмни ташкил этган. 

2019 йилда онлайн-аукционлар орқали 36 мингдан ортиқ авторақам сотилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 118 мингга етган. 

2019 йил. 36 мингдан зиёд «чиройли» авторақамлар 156.1 млрд сўмга сотилган. Тузилган битта битимнинг ўртача нархи 4.3 млн сўмни ташкил этган. 2019 йилда сотилган энг арзон «чиройли» авторақам - 1 млн 23 минг 786 сўмга, энг қиммати эса 91 млн 876 минг сўмга баҳоланган.

2020 йил. 262,6 млрд сўмлик 106 мингдан зиёд авторақамлар онлайн-аукционлар орқали сотилган. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,4 млн сўмни ташкил этган. Сотилган авторақамларнинг 92,3 фоизи жисмоний шахслар, 7,7 фоизи юридик шахслар томонидан харид қилинган. Авторақамларнинг энг паст баҳоси 450 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 206,7 млн сўмни ташкил қилган. 

Битимларнинг 30 фоизи биринчи тоифадаги авторақамлар, 33,5 фоизи – иккинчи, 19,3 фоизи – учинчи, 5,9 фоизи – тўртинчи, 5,4 фоизи – бешинчи ва 5,9 фоизи – олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

2021 йил. Ушбу йилда 139,4 мингдан зиёд авторақам 298,8 млрд сўмга сотилган. Сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилган.

2022 йил. 118 мингдан зиёд авторақам онлайн-аукцион орқали 304,1 млрд сўмга сотилган. Сотилган авторақамларнинг ўртача қиймати 2,6 млн сўмни ташкил этган. Уларнинг 91 фоизини жисмоний шахслар, 9 фоизини юридик шахслар харид қилган.2022 йилда сотилган авторақамларнинг энг паст баҳоси 494,9 минг сўмни, энг юқори баҳоси 348 млн сўмни ташкил қилган. Битимларнинг 5 фоизи биринчи тоифадаги, 8 фоизи иккинчи ва учинчи, 11 фоизи тўртинчи, 22 фоизи бешинчи ва 46 фоизи олтинчи тоифа авторақамларга тўғри келган.

Илк савдо

Авторақамларнинг илк онлайн-аукциони 2017 йил 14 сентябр куни ўтказилган ва ўшанда соат 15:24 да Жиззах вилоятида яшовчи шахс 7.563.637,5 сўмга (ўша пайтдаги курсда 934 доллар) 25 E 070 EA рақамини харид қилган.

Кейинчалик харидорлар авторақамларни анча баланд нархларда сотиб ола бошлашди. 2021 йил 4 январгача онлайн-аукционда сотилган энг қиммат рақам — 30 777 ААА ҳисобланган. Ушбу авторақамни 2017 йилнинг 1 ноябр куни Самарқандда истиқомат қилувчи тадбиркор 287 млн сўмга (ўша пайтдаги курс бўйича 35.500 доллар) сотиб олган. Ўшанда мазкур авторақамнинг бошланғич баҳоси 14.977.500 сўм (ўша пайтдаги курс бўйича 1 873 доллар) эди ва аукцион савдо жараёнларида нарх 20 баробарга ўсган.  

600 млн сўмга «олтин» рақам

2021 йилда Самарқанд вилоятига тегишли 30 Z 777 ZZ рақамининг қарийб 600 млн сўмга сотилиши ўша пайтда шов-шувга сабаб бўлганди. Сабаби, бу харид ўша пайтда рекордни янгилаган эди.

Харидорлардан бири мазкур авторақамни 596 млн 525 минг сўмга сотиб олган. Мазкур авторақамнинг бошланғич нархи 111 млн 500 минг сўм бўлган. Савдо жараёнида харидорлар томонидан унинг нархи 100 мартадан ошиқроқ кўтарилган.

Орадан кўп ўтмай Самарқанд вилоятига тегишли 30 O 010 OO авторақами ҳам 250 млн 875 минг сўмга сотилди. Мазкур авторақамга 66 млн 900 минг сўм бошланғич нарх белгиланган эди. Харидорлар унинг нархини 4 баробар ошириб юборишган.

Рекорд янгиланадими? 

Олдинроқ 297 млн сўм бошланғич нарх билан савдога чиқарилган 01 777 RRR давлат рақами аукцион савдоларида 893 млн сўм ёки 75 минг долларга сотилганди.

Бу пулга Ўзбекистонда янги Tesla Model Y, Lexus LS, Kia Carnival, Zeekr 001 ва бошқа премиум автомобиллари ёки Тошкентнинг марказидан 3 хонали квартира харид қилса бўлади.

Таҳлиллардан кўриниб турибдики, қиммат бўлишига қарамасдан чиройли авторақам ишқибозлари йил сайин ортиб бормоқда. Бу «ўсиш сурати» ортидан яқин вақтларда битта авторақам учун млрд сўмлик поғона «забт этилса» ажаб эмас.

Руслан Сабуров
Kun.uz

Мавзуга оид