Ўзбекистон | 20:47 / 30.10.2023
6357
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 3 йил ичида 2 мингдан ортиқ киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинди

Уларнинг мутлақ катта қисми – 86 фоизи ота-оналик мажбуриятларини бажармагани айтилди.

Фото: Getty Images

«Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. 

Унда қайд қилинишича, Ўзбекистонда 3 йил ичида 2 мингдан ортиқ киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бу ҳақда адлия вазири ўринбосари Шерзод Раббиев маълумот берди. 

«Ўзбекистонда сўнгги 3 йилда 2 мингдан ортиқ киши ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Уларнинг мутлақ катта қисми – 86 фоизида ота-оналик мажбуриятларини бажармаганлик, 14 фоизи эса болаларини ташлаб кетганлиги, уларга жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказганлиги, ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик моддаларига берилиши ёки боласи ёки эри (хотини) ҳаёти-соғлигига қасддан жиноят содир этиш сабаб бўлган», деди у. 

12 октябр куни «Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳа Адлия вазирлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва UNICEF ҳамкорлигида ишлаб чиқилган.

Ҳужжатда болаларга нисбатан зўравонликларнинг турлари – жисмоний зўравонлик, жинсий зўравонлик, руҳий зўравонлик, ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабиларга таъриф берилган. Болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларини содир этиш тақиқланиши ҳамда қонунга биноан таъқиб қилиниши белгилаб қўйилган. 

Жамоатчилик муҳокамаси 27 октябр куни якунланди. Энди қонун лойиҳаси парламент томонидан кўриб чиқилади.

Мавзуга оид