БМТ Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини кенгайтиришга чақирди
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш агентлиги раҳбарининг айтишича, ҳозирги ёрдам даражаси «мисли кўрилмаган эҳтиёжларни» қондира олмайди.
БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги (UNRWA) раҳбари Филипп Лазарини 30 октябр, душанба куни «мисли кўрилмаган инсонпарварлик эҳтиёжларини»қондириш учун Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами оқимини оширишга чақирди.
Лазарини БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишида: «Ёрдам оқимини мазмунли қилиш ва мисли кўрилмаган инсонпарварлик эҳтиёжларини қондириш учун сиёсий ирода бўлмаса, Ғазога ёрдам етказилишига имкон берувчи мавжуд тизим барбод бўлишга маҳкум» деди.
Унинг сўзларига кўра, Ғазо сектори аҳолисига «бошқа тинч аҳоли вакиллари каби муносабатда бўлишмаяпти». «Улар дунё ҳаммасини ҲАМАС билан тенглаштирганини ҳис қилмоқда. Бу хавфли. Биз буни аввалги можаролар ва инқирозлардан ҳам яхши биламиз. Бутун аҳоли инсонийликдан маҳрум бўлган», - дея таъкидлади UNRWA раҳбари. У секторда содир бўлаётган воқеаларни фаластинликларнинг «жамоавий жазоси» деб атади ва ҳалок бўлганларнинг 70 фоизи аёллар ва болалар эканини айтди.
Ёнилғи етишмаслиги сув таъминотига таъсир қилади
БМТ маълумотларига кўра, Ғазо секторидаги жиддий ёнилғи танқислиги аллақачон сув таъминотига таъсир кўрсатмоқда. «Биргина тузсизлантириш қурилмасининг ўзи атиги беш фоиз қувват билан ишламоқда, Ғазо секторидаги барча олтита сув тозалаш иншооти ёнилғи ва электр қуввати тақчиллиги туфайли ҳозирда ишламаяпти», — деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.
ЮНИСЕФ раҳбари яна Хавфсизлик кенгашини томонларга ўз мажбуриятларини эслатувчи ва ҳуманитар ёрдамдан тўсиқсиз фойдаланишга имкон берувчи ўт очишни тўхтатиш бўйича резолюцияни зудлик билан қабул қилишга чақирди.
Ўтган ҳафта The New York Times газетасининг ёзишича, ғазоликлар озиқ-овқат ва сув танқислигига дуч келган бўлса-да, ҲАМАС ҳаракати уч-тўрт ой давом этадиган жанглар учун етарли озиқ-овқат ва юз минглаб литр ёнилғига эга бўлиши мумкин.
Исроил-Фаластин можароси
7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.
ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.
Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.
Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.
Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.
БМТ Бош ассамблеяси зудлик билан ҳуманитар оташкесимга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат овоз берди. Бироқ Исроил бу таклифни рад этди.
Мавзуга оид
16:16 / 16.11.2024
Экспертлар: БМТнинг иқлим бўйича конференциялари «мақсадларга мос келмайди»
17:11 / 15.11.2024
Илон Маск Эроннинг БМТдаги элчиси билан махфий учрашув ўтказгани маълум бўлди
09:46 / 12.11.2024
АДЛ ва ИҲТ Исроилни Ғазодан чиқиб кетишга чақирди
19:17 / 11.11.2024