Ўзбекистон | 16:07 / 31.10.2023
10913
2 дақиқада ўқилади

“Исроилда 10,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик бор, Фаластин бўйича маълумотимиз йўқ” – Ўзбекистон ТИВ

Исроилдаги 10 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароларининг аксарияти у ерда қарияларга қараб, ишлайди. Уларнинг кўпчилиги моддий шароити туфайли қайтишни хоҳламаяпти, деган Ўзбекистон ТИВ расмийси. Фаластинда қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида эса, аниқ маълумот йўқ. 

Фото: Reuters

30 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг йиғилишида Ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев вазирликнинг 2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот берди. ТИВ расмийси, шунингдек, Исроил-Ҳамас можароси ҳудудидаги ўзбекистонликлар ҳақида ҳам маълумот берди.

“Биздаги маълумотларга кўра, Исроилда 10,5 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари яшайди. Уларнинг аксарияти, Самарқанд вилоятидан. Фуқароларимизнинг 95 фоиздан ортиғи Исроилдаги қарияларга хизмат кўрсатади. Ушбу можаролар бошлангач, Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси фуқароларимиз билан яқиндан, доимий алоқада бўлиб турибди.

Исроилда ўқиётган 70 нафар талабаларимиз ватанга қайтарилди. Шундан СамДУдан борган 6 нафар талабамиз қайтишни хоҳламади, ҳозир улар билан ҳам ишлар олиб бориляпти, имкон бўлса қайтарамиз.

Ўзбекистон ҳаво йўллари [Исроилга] ҳафтасига 3 та рейсни амалга оширяпти. Хоҳлайдиганлар қайтяпти, лекин кўпчилик ишлагани борганлар қайтмоқчи эмас. Очиғини айтиш керак, чунки улар қарзлар олиб кетишган, ишламаса бўлмайди. Моддий шароит туфайли шу ерда ишлашга тайёр.

Биз дипломатларимизнинг оилаларини ҳам Ўзбекистонга қайтардик. Ҳозир 5 нафар дипломатимиз ўз фаолиятини олиб боряпти.

Фаластинда эса қанча ўзбекистонлик борлиги ҳақида бизда аниқ маълумот йўқ. Баъзи биздаги маълумотларга таяниб айтишим мумкинки, у ерга турмушга чиққан баъзи аёлларимиз бўлиши мумкин”, — деган вазир ўринбосари Баҳромжон Аълоев.

Мавзуга оид