Жаҳон | 10:42 / 31.10.2023
10642
4 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу ҳарбий амалиётнинг учинчи босқичи бошланганини эълон қилди

Исроил армияси ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда ва Ғазо секторига қуруқликдан киришни кенгайтирмоқда, деди у.

Фото: Mostafa Alkharouf/Anadolu/picture alliance

Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Ғазо секторида ҲАМАС гуруҳига қарши урушнинг учинчи босқичини бошлади, у қуруқликдаги ҳарбий амалиётни кенгайтиришни назарда тутади, деди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 30 октябр, душанба куни.

«Биз уруш ўртасида турибмиз. Олдимизга аниқ мақсад қўйганмиз: ҲАМАСнинг ҳарбий ва режим салоҳиятини йўқ қилиш. Биз буни тизимли равишда қиляпмиз», - дея таъкидлади Нетаняҳу. Унинг сўзларига кўра, биринчи «тормозлаш босқичи» аллақачон якунланган. «Иккинчи босқичда доимий равишда ҳаво ҳужумлари давом эттирилмоқда. Учинчи босқич - Ғазо секторига қуруқликдан киришни кенгайтириш. ЦАХАЛ буни ўлчовли, жуда кучли қадамлар билан амалга оширмоқда, тизимли равишда босқичма-босқич олға силжимоқда», - деди бош вазир.

Бунга параллел равишда Исроил армияси мамлакат шимолида Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳини жиловлаш устида ишламоқда. «Мен «Ҳизбуллоҳ»га яна бир бор айтаман: агар сиз кампанияга тўлиқ аралашишга қарор қилсангиз, ҳаётингиздаги хатога йўл қўясиз. Сиз ҳатто тасаввур ҳам қила олмайдиган зарба оласиз», деди Нетаняҳу.

Нетаняҳу ўз мурожаатида Исроил томонидан бошланган кампания вақт талаб қилишини таъкидлади. «Кутилмаган тўсиқлар бўлади, қийинчиликлар бўлади, йўқотишлар, кутилмаган ҳодисалар бўлади, лекин охирида мен сизга бир нарсани ваъда қиламан: ҲАМАС йиқитилади, ҲАМАС мағлуб бўлади, бошқа Ғазо бўлади», деди бош вазир.

Нетаняху ўз кампаниясининг яна бир соҳаси сифатида Исроилнинг «ҳуманитар саъй-ҳаракатлари»ни айтди. «Биз Ғазо аҳолисини жанубга кўчиришга ҳаракат қиляпмиз, у ерда ҳуманитар ёрдам жўнатмоқчи бўлган хавфсиз ҳудуд яратдик. Буни америкалик дўстларимиз билан келишилган ҳолда қиляпмиз. Бу жараён ҳам вақт талаб этади», - дейди у. 

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8 мингдан ортиқ фаластинлик ва 1400 нафар исроиллик ҳалок бўлди.

Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

БМТ Бош ассамблеяси зудлик билан ҳуманитар оташкесимга чақирди. Шу билан бирга, Иордания таклиф қилган резолюция учун 120 давлат овоз берди. Бироқ Исроил бу таклифни рад этди.

Мавзуга оид