Ўзбекистон | 18:39 / 31.10.2023
5907
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2024 йилда 38 та кичик ва микро ГЭС қурилиши кутилмоқда

Жорий йилда бундай станциялардан 20 тасини қуриш кўзда тутилган. “Ўзбекгидроэнерго”га 6 минг MW қувватларни ишга тушириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш, йирик хорижий энергетика компанияларини жалб қилиш топшириғи берилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев гидроэнергетика соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар ва энергетика тизимини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказди.

Расмий релизда айтилишича, ГЭСларда ишлаб чиқариладиган электр таннархи бошқа манбаларга нисбатан анча арзон, улар энергетикада кунлик энергияни барқарор таъминлашда энг самарали воситадир.

Ҳисоб-китобларга кўра, юртимиздаги гидроэнергетика салоҳияти 8 минг мегаваттни ташкил қилади. Айниқса, Тошкент, Сурхондарё ва водий вилоятларида бу борада катта салоҳият бор.

Жорий йилда “Тўпаланг” ГЭСни модернизация қилиш ишлари якунланиб, унинг қуввати 30 мегаваттдан 175 мегаваттга ошди.

“Дарғом” каналида 7,2 мегаваттли “Шаудар” ГЭСи фойдаланишга топширилди. Лекин ҳозирда жами гидроэнергетика қувватлари мавжуд салоҳиятга нисбатан 2-3 баробар кам.

Соҳага хусусий сектор жалб этилмоқда. Бу йил 20 та, 2024 йилда эса яна 38 та кичик ва микро ГЭС қуриш режа қилинган.

Бу борада Андижон вилоятида ишлар яхши бошлангани, лекин Фарғона, Сурхондарё, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида бу йилги 15 та кичик ва микро ГЭСни қуриш лойиҳаси кечикаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга қурилиш ишларини жадаллаштириш, қўшимча захираларни топишга кўрсатма берилди.

Мисол учун, Норин дарёсида каскадлар қуриб, 230 мегаватт қувватларни ишга тушириш ва Намангандаги 450 минг аҳолига етарли электр ишлаб чиқариш имконияти бор.

“Ўзбекгидроэнерго”га 6 минг мегаватт қувватларни ишга тушириш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқиш ва хусусий шериклик асосида йирик хорижий энергетика компанияларини жалб қилиш топширилди.

Толдиқсой, Муллалак, Қоронғи-тўғай, Юқори Пском ва Норин йирик ГЭСларини қуриш лойиҳалари доирасида эса техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқишни якунлаш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид