«Украина урушдан чарчашни ўзига эп кўра олмайди» — Володимир Зеленский
Киевда ғалабага ҳамма ҳам ишонмаяпти. Time журнали репортёри Саймон Шустер Украина президенти ва унинг ҳаммаслаклари билан суҳбатлашган. Meduza у тайёрлаган матннинг асосий жойларини келтирди.
«Энг даҳшатлиси — дунёнинг бир қисми урушга кўникди»
Time нашри 30 октябр куни эълон қилган мақола Володимир Зеленскийнинг ўзи билан интервю ва унинг командаси аъзолари, шунингдек Украина президентига яқин аноним манбалар билан суҳбатларга асосланган. Матннинг асосий муаллифи — машҳур репортёр Саймон Шустер. 2022 йил апрелида у Украина президенти офисида икки ой яшаган ва урушнинг дастлабки ойида Зеленский нималар қилгани ҳақида мақола ёзган. Бундан ташқари, 2024 йил январида Шустернинг уруш чоғидаги Украина президенти ҳақидаги китоби босмадан чиқиши керак.
Шустернинг янги мақоласи Зеленскийнинг сентябр ойида АҚШга ташрифини тасвирлашдан бошланади — аввалроқ АҚШ оммавий ахборот воситалари Украина президенти бу сафар урушнинг биринчи йилидагига қараганда совуқроқ кутиб олинганини ёзган эди.
Мақолада айтилишича, Зеленский ташриф чоғида четлангандек ва ҳаяжонлангандек кўринган. Унинг ўзи Украина иттифоқчиларнинг ёрдами билан Россия армиясини енга олишига уларни ишонтиришдан чарчаганини айтган. «Ҳеч ким бизнинг ғалабамизга мендек ишонмайди. Ҳеч ким», — деган Зеленский ташрифдан сўнг нашрга берган интервюсида.
У америкалик сиёсатчилар ундан агар Украина АҚШ ёрдамидан мосуво бўлса нима бўлишини тўғридан тўғри сўрашганини айтган. «Биз ютқазамиз», — дея жавоб берган уларга Зеленский.
«Энг даҳшатлиси, дунёнинг бир қисми Украинадаги урушга кўникди, — дея қайд этган Украина президенти Time нашри билан суҳбатда. — Урушдан чарчаш тўлқиндек бостириб келмоқда. Сиз уни АҚШда, Европада кўрасиз. Ва биз кўряпмизки улар [ғарб давлатлари аҳолиси] салгина чарчашса, бу улар учун гўёки сериалдек тус олмоқда: «Мен буни ўнинчи марта томоша қилишни истамайман», дейишмоқда улар».
Мақолада қайд этилишича, Зеленскийнинг ташрифи АҚШда Украинани қўллаб-қувватлаш даражаси сусайиб бораётгани билан боғлиқ вазиятни ўзгартира олмаган. Reuters’нинг сўровномасидан кўринишича, Украинага қурол-яроғ етказиб бериш кўпайтирилишини америкаликларнинг 41 фоизи қўлламоқда — июнда уларнинг миқдори 65 фоиз бўлган.
«Бизда вариант қолмади. Биз юта олмаяпмиз»
Нашрнинг Зеленскийга яқин доирага кирувчи суҳбатдошларидан бири қайд этишича, президент Киевга «ғазабланган» ҳолда қайтган. «У келади, янгиликларни эшитади, буйруқларни беради, кетади», — дея президентнинг феъл-атворини тасвирлаган унинг жамоасида анчадан буён ишлаётган одам. Яна бир манба Зеленский ғарблик иттифоқчилар унга «хиёнат» қилганини ҳис қилмоқда, деган. Чунки Украина ғалаба учун етарли қурол-яроғни ололмаяпти.
Time томонидан сўровга тутилган Зеленскийнинг атрофидагилар президент Украинанинг ғалабасига матлақо ишончи комиллигини айтишган. «У ўзини ўзи алдамоқда, — деган улардан бири. — Бизда вариант қолмади. Биз юта олмаяпмиз. Лекин буни унга айтиб кўринг-чи».
Президентнинг ўзи журналга берган интервюсида Россия ҳукуматидагилар билан музокара ўтказиш имконини кўриб чиқмаётганини тасдиқлаган: «Бу биз учун бўлғуси авлодларга очиқ жароҳатни қолдириб кетишни англатади». Зеленский яна қўшимча қилган: «Балки бу мамлакат ичида ва унинг ташқарисида кимларнидир тинчлантирар. Камида барчасини нима қилиб бўлса-да тугатмоқчи бўлганларни. Лекин мен учун бу муаммо».
Зеленский агар Украина Россияни тўлақонли тўхтата олмаса вазият янада ёмонлашишидан ташвишланади: «Учинчи жаҳон уруши Украинада бошланиши, Исроилда давом этиши ва шундан сўнг Осиёга кўчиши мумкин. Шундан сўнг яна қаердадир портлаш рўй бериши мумкин».
«Қани қурол? Қани артиллерия? Қани янги аскарлар?»
Time журнали тахминига кўра, келаётган қиш Украина учун аввалгисидан ҳам мураккаб бўлиши мумкин: ўшанда Россия қўшинлари мамлакат энергия тизимини ишдан чиқариш учун инфратузилма объектларини мунтазам бомбалаб туришган. Агар бир йил аввал украинлар ток узилишида фақат Россияни айблаб туришган бўлса, энди норозилик маҳаллий мансабдорларга ҳам кўчиши мумкин, деб тахмин қилади журнал.
Совуқ ҳаво фронтда ҳарбийларнинг илгарилашини ҳам қийинлаштиради. Натижада Украина раҳбариятида сезиларли алмаштиришлар бўлиб ўтиши мумкин, деб ёзади Time аноним манбаларга таяниб. Улар берган маълумотларга кўра, вазирлардан бири ва юқори мартабали генераллардан бири ишдан бўшатилиши мумкин — қарши ҳужум асносида «фронтда секин силжиш» учун жавобгарлик уларнинг зиммасига юкланади.
Мамлакат раҳбарияти ва армиясидаги номи ошкор этилмаган манбаларга ҳавола қилиниб, мақолада Украина қуролли кучларига техника ҳам, одамлар ҳам етишмаётгани таъкидланади. Time суҳбатдошлари берган маълумотларга кўра, бунинг оқибатида айрим қўмондонлар «Қани қурол? Қани артиллерия? Қани янги аскарлар?» деб, ҳаттоки президент офисидан келаётган буйруқларни бажаришдан бош тортишмоқда.
«Одамлар эртанги кун келмайдигандек ўғрилик қилишмоқда»
Мақолада ғарблик ҳамкорлар Украинадаги коррупция билан боғлиқ вазиятдан норози эканига урғу берилган. Бунга жавобан Зеленский бир неча қатъий қадамларни ташлаган. Масалан, 2023 йил сентябрида айнан коррупцион можаролар фонида мудофаа вазири Олексий Резников ишдан олинган.
Президент офиси раҳбари Андрий Ермак нашр билан суҳбатда мамлакатнинг олий раҳбарияти «дабдабали ҳаёт кечирмаётгани»ни таъкидлаган. Нашр маълумотига кўра, президент офисидаги ўртача маош минг доллар атрофида, мансаби юқорироқлар бир ярим минг доллар маош олишади.
Шу билан бирга, Зеленскийнинг ўз исмини ошкор этмаган маслаҳатчиларидан бири Саймон Шустерга «одамлар худди эртанги кун келмайдигандек ўғрилик қилишмоқда», деган ва Резниковнинг ишдан бўшатилиши вазиятни ўзгартира олмаганини айтган. Time суҳбатдоши бу ҳолда «эркинроқ гапириш» учун диктофонни ўчиришни сўраган.
* * *
«Бу мантиқли. Албатта, биз Яқин Шарқдаги воқеалардан ютқазамиз. Одамлар ўляпти, бизга жонларни қутқариш, инсонийликни қутқариш учун жаҳоннинг ёрдами керак», — деган Зеленский янги урушнинг Украинага таъсири ҳақида гапирар экан. Бу иқтибос мақоланинг сўнгида келтирилган. Шундан сўнг Time Фаластин-Исроил можароси авж олгани фонида Зеленскийга ғарблик шериклари билан музокараларга киришиш қийин бўлаётганини қайд этган. Бироқ президент урушни давом эттиришга бошқа муқобил кўрмаяпти: «Мен Украина урушдан чарчашни ўзига эп кўра олади, деб ўйламайман», деган у.
Мавзуга оид
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024