Жаҳон | 09:22 / 01.11.2023
4579
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Тожикистон ва Россия фуқаролари РФ армияси учун техника контрабандасида айбланиб судланмоқда

Россиянинг уч фуқароси АҚШда Украинадаги урушда қўлланган Россия қуролларидан топилган электроникани санкцияларни четлаб ўтиб, етказиб беришда айбланмоқда.

Фото: Colourbox

Ню-Йорк прокуратураси Канаданинг Бруклин ва Монреал шаҳарларида яшовчи Тожикистон ва Россия фуқароларини АҚШ санкцияларини бузиш ва Россияга электрон компонентлар, жумладан, ҳарбий қисмларни контрабанда қилиш мақсадида тил бириктиришда айблади. Бу ҳақда 31 октябр, сешанба куни штат прокуратураси маълум қилди.

Прокуратура маълумотларига кўра, Бруклинда Россия ва Тожикистон фуқаролигига эга бўлган шахс қўлга олинган, унинг уйидан минглаб яримўтказгич ва бошқа электроника топилган. 

Россия ва Канада фуқаролари бўлган икки шахс Тожикистон фуқаросининг олдига сафари чоғида Манҳэттендаги меҳмонхонада қўлга олинди. Улардан 20 минг долларга яқин нақд пул олиб қўйилган. Расмийлар, шунингдек, ушланганларга алоқадор маҳаллий банк ҳисобларидан бир миллион доллардан ортиқ маблағни мусодара қилди. 

Россияга ҳарбий электроника етказиб бериш бўйича айблов 

Тергов фикрича, 2022 йил январ ойидан бери уч нафар шахс Бруклиндаги SH Brothers ва SN Electronics фирмалари орқали Америка компанияларидан сотиб олинган турли электрон компонентларни Россияга етказиб беришни ташкиллаштирган. Умуман олганда, тахминан 10 миллион долларга баҳоланган 300 дан ортиқ етказиб бериш ҳолати қайд этилган. Шу билан бирга, АҚШ расмийлари таъкидлаганидек, электрон қурилмаларнинг бир қисми кейинчалик Украинадаги вертолётлар, ракеталар, танклар ва бошқа рус қуролларидан топилган. 

Прокуратуранинг фикрича, айбланувчилар электроника ҳарбий мақсадда ишлатилиши ҳақида олдиндан билган. Иш материалларида судланувчилардан бирининг иккинчисини «Ватан ҳимоячилари куни» билан табриклаши тилга олинади, унга шундай жавоб берилган: «Биз уни имкон қадар ҳимоя қиляпмиз». 

Прокурорлар суддан айбланувчиларни қамоққа олишни сўради, чунки улар жиддий халқаро алоқаларга эга ва қочиш эҳтимоли бор. 

Мавзуга оид