Рафаҳ пункти очилди. Хорижликлар ва беморлар Ғазо секторидан чиқмоқда
1 ноябр куни Ғазо сектори ва Миср чегарасидаги Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти уруш бошланганидан буён илк марта очилди ҳамда жароҳатланган фаластинликлар даволаниш учун хорижга чиқиш имконига эга бўлди. Шунингдек, секторни рўйхат асосида чет эл фуқаролари ёки икки фуқароликка эга фаластинликлар ҳам тарк этмоқда.
Миср тиббиёт мулозими фаластинликларни қабул қилиш учун Синай шимолидаги Шайх Зувайд шаҳрида, Рафаҳдан 15 км узоқликда дала касалхонаси қурилиши мумкинлигини маълум қилган.
Al-Jazeera нашри маълум қилишича, дастлаб Ғазо чегаралари ва ўтиш жойлари бошқармаси ўз саҳифасида 500 дан ортиқ хорижлик ва қўш фуқароликка эга шахслар рўйхатини эълон қилиб, уларни чоршанба куни эрталаб Ғазони тарк этиш учун Рафаҳдаги ўтиш жойига келишга чақирган.
1 ноябр куни эрталабдан чегаранинг Миср тарафида ярадорларга ёрдам бериш учун тиббий машиналар ва шифокорлар тўпланди. Шу билан бирга, Ғазога инсонпарварлик ёрдами олиб кетаётган юк машиналари ҳам чегарада кутиб турибди. Бу 7 октябрда уруш бошланганидан буён илк бор Ғазодан Рафаҳга чиқиш учун йўл очилиши бўлмоқда.
Айни вақтда Рафаҳдаги назорат-ўтказиш пунктида бўлиб турган нашр мухбири вазият жуда тартибсиз эканини айтган.
«Бу ерга келган одамлар Ғазодан чиқиб кетишга ҳаракат қилмоқда, аммо ноаниқлик кўп. Чегарага келган кўпчиликнинг номлари рўйхатда йўқ. Улар бугун ўтказишни талаб қилмоқда. Одамлар сўнгги уч ҳафта давомида Ғазони тарк этишни кутган, ўз элчихоналари ва ҳукумат амалдорларига жуда кўп қўнғироқ ва мурожаатлар қилган. Лекин ҳеч қандай жавоб бўлмагани учун ғазабда.
Бу ерда ҳамма кетишга ҳаракат қилмоқда, лекин рўйхат бўйича исми-шарифи бўлган 500 нафарга яқин кишигагина кетишга рухсат берилади», — деган мухбир.
Чегарадан ўтиш учун тузилган рўйхатда Ғазодаги турли нодавлат ташкилотлар таркибида ишлаган Испания, Италия, Филиппин, Ҳаити, Германия, АҚШ, Тайван, Япония, Австрия, Мексика, Франция, Кения, Нигерия, Жанубий Африка, Арманистон, Уганда, Гана, Украина ва Австралия паспортига эга одамлар рўйхати мавжуд. Бундан ташқари, турли давлатлардан иккинчи фуқаролик олган фаластинликлар ҳам бор.
Доҳалик сиёсатшунос профессор Тамер Қармоутнинг Al-Jazeera'га айтишича, Исроил томони юзлаб одамлар Мисрга ўтишига рухсат бериши Ғазодаги гуманитар фалокатни бартараф этиш учун етарли эмас. Қармоут Миср оммавий қочқиндан эҳтиёт бўлишини кераклигини таъкидлаган.
«Мисрликлар оммавий кўчиш сценарийсидан хавотирда. Улар Синайда фаластинлик қочқинларни кўришни хоҳламайди. Лекин, улар Фаластинни ҳам ҳимоя қилмоқчи. Агар ғазоликлар тўлиқ Мисрга қочиб ўтса, бўшаб қолган сектор ҳудудини Исроил учун беришни хоҳламайди. Агар шундай бўлса, Фаластин давлатининг келажаги бўлмайди», – деган сиёсатшунос.
Нашрга кўра, чет эл фуқаролари Ғазодан чиқиб кетиши учун Қизил Хоч орқали ўз элчихоналаридан маълумот олган. Акс ҳолда ҳеч ким шунчаки Рафаҳга бора олмайди.
Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти очилишидан бир неча дақиқа олдин Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли «хорижий фуқароларнинг биринчи гуруҳи» Ғазони тарк этишини кутаётганини айтди. Маълумотларга кўра, секторни гуруҳ бўлиб тарк этган илк хорижликлар Британия фуқаролари бўлди.
Рафаҳ ўтиш жойи 7 октябрда Исроил-Ҳамас ўртасида уруш бошланганидан буён илк марта чиқиб кетиш учун очилди. Бундан олдинроқ бир неча марта Ғазога гуманитар ёрдам карвонлари олиб кирилди.
БМТ ва у дохил халқаро ташкилотларнинг Ғазо секторидаги гуманитар вазият инқирозли ҳолатга келиб қолганини таъкидлаб, сулҳ ва урушни тўхтатишга чақириқлари самара бермаяпти.
Мавзуга оид
17:46 / 23.12.2024
Мисрдан гепатитга қарши дорининг навбатдаги партияси олиб келинди
15:10 / 19.12.2024
Ўзбекистонлик ёшларнинг Ал-Азҳар мажмуасига қабул қилиниши тартибга солинади
14:27 / 09.12.2024
Миср Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш корхонасини қуради
13:02 / 02.12.2024