“Фаластинда ягона давлат ва трибунал керак” — БМТ мулозими истеъфога чиқиб, очиқ хат ёзди
Крейг Мохибер тарихий Фаластин ерларида насронийлар, мусулмонлар ва яҳудийлар учун тенг ҳуқуқли ягона, демократик, дунёвий давлат қуришга чақирди. У можаронинг узоқ муддатли ечими борасида 10 та пунктдан иборат ўз таклифини илгари сурди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарининг Ню-Йоркдаги бўлими раҳбари Крейг Мохибер Исроилнинг Фаластинга уюштираётган қонли ҳужумлари тўхтатилмаётгани сабабли истеъфога чиқишини эълон қилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро эксперт, методолог ва ҳуқуқшунос Крейг Мохибер 1992 йилдан буён БМТ тузилмаларида фаолият юритиб келган.
Америкалик мутахассис 28 октябр куни лавозимидан кетишини билдириб, ўз раҳбари – олий комиссар Волкер Туркка очиқ хат ёзди.
“Ҳурматли Олий комиссар,
Бу – Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарнинг Ню-Йорк бўлими директори сифатида сизга сўнгги расмий мурожаатим бўлади.
Мен буни бутун дунё, жумладан, кўплаб ҳамкасбларимиз учун жуда оғир бир пайтда ёзяпман. Яна бир бор кўз ўнгимизда геноцид содир бўлаётганига гувоҳ бўляпмиз ва биз хизмат қилаётган ташкилотимиз буни тўхтатишга ожиз кўринади. 1980 йиллардан бери Фаластинда инсон ҳуқуқларига риоя этилишини тафтиш қилиб келганман. 1990 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси сифатида Ғазода яшаганман. Унгача ва ундан кейин ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича бир нечта миссияларни амалга оширган шахс сифатида, бу мен учун жуда шахсий масаладир.
Тутсилар, босниялик мусулмонлар, язидийлар ва роҳинжаларнинг геноцидлари даврида ҳам шу ташкилотда ишладим. Бу геноцидларнинг ҳеч бирида ҳимоясиз тинч аҳолига қарши содир этилган даҳшатларни ва оммавий ваҳшийликларнинг олдини ололмадик. Заиф қатламларни ҳимоя қилолмадик. Ўз вазифаларимизни бажара олмаганимиз аянчли тарзда аён бўлди. Айнан шу тарзда фаластинликларга қарши йиллар давомида содир этилган таъқиблар ва қотилликларнинг ҳам олдини ололмадик.
Олий комиссар, бизнинг ҳаракатларимиз яна муваффақиятсизликка олиб келяпти.
30 йилдан ортиқ инсон ҳуқуқлари тажрибасига эга адвокат сифатида геноцид тушунчаси сиёсатда кўп суиистеъмол қилинишини жуда яхши биламан. Лекин Фаластинда ҳозир оммавий қатлиом бўлаётгани ҳақида шубҳа ёки мунозарага ўрин қолмади. Бу қирғиннинг асоси этно-миллатчилик ва мустамлакачилик мафкураси билан боғлиқ. Уларни араб бўлганликлари учунгина узоқ йиллар давомида мунтазам равишда таъқиб ва қирғин қилиб келишмоқда. Исроил ҳукумати ва ҳарбий раҳбарлари ўз ниятларини очиқ айтишди. Ғазода турар жойлар, мактаблар, черковлар, масжидлар ва тиббиёт марказларига қасддан ҳужумлар бўляпти, минглаб тинч аҳоли қирғин қилиняпти. Ғарбий Соҳилда ва Қуддусда эса, уй-жойлар тортиб олиниб, фақат миллатига қараб бошқаларга бериляпти. Исроил армияси ҳимоясида ноқонуний кўчманчиларнинг зўравонликлари давом этмоқда. Бутун Фаластинда апартеид ҳукм сурмоқда.
Бу ҳолат айнан китобда ёзилган геноцид таърифига мос келади. Европадан келган, этно-миллатчи, босқинчи мустамлакачилик лойиҳасининг якуний босқичи бошланди: маҳаллий фаластинликларнинг Фаластиндаги ҳаётидан сўнгги қолдиқларини тубдан йўқ қилиш. Бунинг устига, АҚШ, Британия ва Европанинг кўп давлатлари бу даҳшатли ҳужумга тўлиқ шерикдирлар. Бу давлатлар нафақат Женева конвенцияларининг “ҳурмат қилинишини кафолатлаш” бўйича мажбуриятларини бажаришдан бош тортмоқдалар, балки улар бу ҳужумни фаол равишда қуроллантирмоқдалар ва Исроилнинг ваҳшийликларини иқтисодий, сиёсий ва дипломатик ҳимоя билан таъминламоқдалар”, – дея ёзган Крейг Мохибер жами 4 саҳифадан иборат мактубининг биринчи саҳифасида.
У ўз мактубида низо борасидаги 10 та асосий нуқтайи назарини баён қилган. Бу ўнта масала қуйидагича (жузъий қисқартиришлар билан берилмоқда):
1. Ҳуқуқий ҳаракатлар. Аввало, биз БМТда муваффақиятсизликка учраган (ва аслида ёлғондакам) Осло келишувларидан, унинг иллюзияга асосланган иккита давлат деган ечимидан воз кечишимиз керак. Бизнинг позициямиз мутлақо инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуққа асосланиши керак.
2. Муносабатнинг аниқлиги. “Бу шунчаки ер талашиб ёки дин сабабли бўлаётган можаро” деган қарашни тўхтатишимиз ва реалликни тан олишимиз керак: номутаносиб кучга эга давлат туб аҳолини уларнинг миллатидан келиб чиқиб мустамлака қиляпти, таъқиб этяпти ва мулкини тортиб оляпти.
3. Инсон ҳуқуқларига асосланган битта давлат. Биз бутун тарихий Фаластин ерларида насронийлар, мусулмонлар ва яҳудийлар учун тенг ҳуқуқли ягона, демократик, дунёвий давлат барпо этилишини қўллаб-қувватлашимиз керак. Бу ерларда чуқур ирқчи кўчманчи-мустамлакачилик лойиҳасини йўқ қилиш ва апартеидга чек қўйиш зарур.
4. Апартеидга қарши курашиш. Биз БМТнинг барча саъй-ҳаракатлари ва ресурсларини апартеидга қарши курашга йўналтиришимиз керак, худди 1970, 80- ва 90-йилларнинг бошларида Жанубий Африка учун қилганимиздек.
5. Ватанга қайтариш ва компенсация. Биз ҳозирда босиб олинган ҳудудларда, Ливан, Иордания, Сурия ва бутун дунёдаги диаспораларда истиқомат қилаётган барча фаластинликлар ва уларнинг оилалари учун ватанга қайтиш ва тўлиқ товон олиш ҳуқуқини яна бир бор тасдиқлашимиз ва талаб қилишимиз керак.
6. Ҳақиқат ва адолат. Биз БМТнинг ўнлаб йиллар давомида тўпланган тергов ҳужжатлари, сўровлари ва ҳисоботларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда, ҳақиқатларни ҳужжатлаштириш ва барча айбдорларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлаш, барча қурбонлар учун компенсация тўлаш ва ҳужжатлаштирилган адолатсизликлар бўйича чоралар кўриш мақсадида ўтиш даври суд жараёнини ташкил этишга чақиришимиз керак.
7. Ҳимоя. Биз дарёдан денгизгача тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барқарор мандатга ва яхши ресурсларга эга БМТ мудофаа кучларини жойлаштиришни талаб қилишимиз керак.
8. Қуролсизланиш. Биз Исроилнинг ядровий, кимёвий ва биологик қуролларининг катта захираларини олиб қўйиш ва йўқ қилиш тарафдори бўлишимиз керак. Эҳтимолий тўқнашув минтақа ва, эҳтимол, ундан ташқарида ялпи вайронгарчиликка олиб келади.
9. Воситачилик. Биз тан олишимиз керакки, АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари аслида ишончли воситачилар эмас, балки Фаластин ҳуқуқларини бузишда Исроил билан шерик бўлган можаронинг фактик томонлари ва биз уларга жараёнда ана шундай мақомда қарашимиз керак.
10. Бирдамлик. Фаластин халқи ва уларнинг инсон ҳуқуқлари билан бирдамликда турган фаластинлик, исроиллик, яҳудий, мусулмон ва насроний ҳуқуқ ҳимоячилари легионлари учун эшикларимизни кенг очишимиз керак. Исроиллик лоббичиларнинг БМТ раҳбарлари идораларига чексиз оқимини тўхтатишимиз зарур, улар уруш давом этиши, таъқиблар, апартеид ва жазосиз қолиш тарафдори бўлиб, қатъий равишда Фаластин ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бизнинг ҳуқуқ ҳимоячиларимизни қоралайди.
Крейг Мохибер хатининг сўнгида 30 йилдан ортиқроқ давом этган фаолиятига бир неча кун ичида якун ясаб, иш жойини тарк этишини билдирган.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024