Жаҳон | 20:26 / 02.11.2023
16801
7 дақиқада ўқилади

Ғазонинг жанубий қисмига авиазарбалар: анклавнинг «хавфсиз» дейилган ҳудудлари ҳам ўққа тутилмоқда

Исроил ҳукумати Ғазо сектори шимолида яшовчиларни ўз уйларини тарк этишга чақирганидан сўнг юз минглаб фаластинликлар анклавнинг жанубий қисмига кўчишди. Бироқ ЦАҲАЛ Ғазонинг жанубий қисмига ҳам зарба бера бошлади, натижада БМТ ва бошқа ташкилотлар Ғазода «ортиқ хавфсиз жой йўқлиги»ни таъкидлашди.

Фото: ASHRAF AMRA / ANADOLU

BBC Verify бўлими Ғазодаги бир нечта локацияларга берилган авиазарбалар ҳамда Исроил ҳукуматининг эвакуация тўғрисидаги огоҳлантиришларни таҳлил қилиб чиқди.

ЦАҲАЛ томонидан эълон қилинган айрим огоҳлантиришлар эвакуация қилиниши лозим бўлган йўналиш стрелкаларда кўрсатилган жойнинг хариталари билан эълон қилинган.

BBC ўрганган учта авиазарба баёнотлар чиққанидан сўнг кўчиш сўралган ўша ҳудудлар ёки уларга яқин жойларга берилган.

Хон Юнус. 10 октябр

10 октябр куни ЦАҲАЛ ўзининг қирувчи самолётлари Ғазо сектори шимолидаги Римал туманида ва анклав жанубидаги Хон Юнус шаҳрида 200 дан ортиқ объектларни бомбардимон қилгани ҳақида баёнот берди.

BBC Хон Юнусдаги нишонларга берилган зарба оқибатларини ўрганди. Авиазарбадан сўнг эълон қилинган видеотасвирда шаҳар марказидаги биноларга зарар етказилгани ва вайрон қилинганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Зарба берилган жой яқинида бўлган объектларга, жумладан, Хон Юнусдаги Катта масжид минорасига қараб бомба тушган жойга аниқлик киритилган.

Шунингдек, вайрон бўлган бинолар, уйлар ва машиналарнинг бўлакларини саралаётган одамларнинг фотосуратлари ҳам ўрганилган.

Фотосуратлар ва видеотасвирда битта жой кўрсатилган, чунки ҳар икки локацияда дорихона пешлавҳасини кўриш мумкин. Шунингдек, фотосуратлар аввалроқ рўй берган ҳодисага тааллуқли эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун, тасвирлар аввалги саналарга қараб изланган.

8 октябр куни эрталаб ЦАҲАЛ расмий вакили Авихай Адраэ X («Twitter») тармоғида араб тилида Ғазонинг бир неча туманлари аҳолсини ўз уйларини тарк этиб, хавфсизроқ жойга кўчиш тўғрисидаги чақириғини эълон қилди.

Хон Юнуснинг жанубий-шарқий қисмида жойлашган Абасан ал-Кабийра ва Абасан ал-Сағийра туманлари аҳолиси шаҳар марказига кўчиши кераклиги айтилган.

X тармоғида эълон қилинган харитада Хон Юнус йўналишини кўрсатувчи стрелкаларни кўриш мумкин. Ўша куни бошқа бир тавсиялар ҳам берилган бўлиши мумкин, бироқ BBC бунга далил топа олмаган.

Рафаҳ. 11 октябр

11 октябр куни анклавнинг энг жанубий қисми — Миср билан чегарада жойлашган Рафаҳ шаҳри марказидаги Нажма майдонига авиазарба берилган.

BBC майдондаги вайронагарчиликларни ўрганган: бу кадрлар авиазарбадан сўнг ижтимоий тармоқларда эълон қилинган.

8 октябр куни Исроил армияси Рафаҳ аҳолиси «шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадида» шаҳар марказидаги бошпанага қараб юришлари лозимлиги ҳақида огоҳлантириш чиқаради.

BBC шу давр ичида ЦАҲАЛнинг ижтимоий тармоқлардаги араб тилидаги барча хабарларини таҳлил қилган, бироқ дастлабки чақирув бекор қилинганини исботловчи бошқа чақирувларни топа олмаган.

Хон Юнус. 19 октябр

19 октябр куни анклавнинг жанубий қисмида Жамол Абдунносир кўчаси бўйлаб жойлаган Хон Юнус шаҳрига яна авиазарба берилган. Бундан шаҳарнинг бош магистралидаги вайрон қилинган биноларнинг видеоси гувоҳлик бериб турибди.

Видеода тасвирланган биноларни ўша жойда туширилган фотосуратлар билан таққослаб, BBC таҳлилчилари бу битта жой эканига аниқлик киритишган.

Айрим видеоёзувларда ҳалок бўлганлар ва ярадорларни вайроналар остидан чиқариб, энг яқинда жойлашган Носир шифохонасига олиб кетишаётганини кўриш мумкин.

16 октябр куни ЦАҲАЛ Ғазо аҳолисини «агар ўзингизнинг ва яқинларингизнинг хавфсизлиги сиз учун муҳим бўлса», деб жанубга — Хон Юнусга кўчиш ҳақида огоҳлантирган.

Исроил ҳарбийлари бошқа огоҳлантириш ҳам чиқарган бўлиши эҳтимоли бор, бироқ BBC бунга далил топа олмаган.

Марказий Ғазодаги лагерлар. 17, 18 ва 25 октябр

Ғазонинг марказий қисмида тўртта қочқинлар лагери жойлашган. BBC уларнинг иккитасига берилган авиазарбаларни таҳлил қилишга муваффақ бўлган: Ал-Бурайж (17 октябр куни вайрон этилганлик видеолари таҳлил қилинган ва кўз кўрадиган масофадаги масжиднинг минорасига қараб локация аниқлаштирилган); ан-Нусейрат (18 октябр кунги вайронагарчиликлар видеоси таҳлил қилинган ва видеоёзувларда тушиб қолган дўконларнинг номи бомбалашгача эълон қилинган тасвирлардаги дўконлар билан солиштирилган).

Мағази туманининг шарқий ва жанубий қисмида истиқомат қилувчи аҳолига Ғазо марказидаги лагерларга кўчиш тўғрисидаги 8 октябр куни аввалдан эълон қилинган огоҳлантиришга қарамасдан, Х тармоғида эълон қилинган харитада кўрсатилган жойда ҳеч қандай лагер бўлмаган.

Бироқ, BBC ўша жойдан сал нарида жойлашган учта лагер борлигини аниқлаган: ал-Бурайж ва ан-Нусейрат 17 ва 18 октябр кунлари бомбаланган, ундан ташқари яна бир лагер — Дайр ул-Балаҳ бўлган.

BBC ЦАҲАЛнинг бошқа огоҳлантиришлари ҳам бўлганини рад эта олмайди, бироқ бунга далил топилмаган.

Al-Jazeera телеканали 25 октябр куни ан-Нусейрат лагерига берилган яна бир зарба оқибатларини намойиш этган.

Интернетда эълон қилинган кадрларда Al-Jazeera мухбири Воил ад-Даҳдуҳ касалхонада ўзининг етти ёшли қизининг қўлида кўтариб, ўсмир ўғли ўлиги устида йиғлаётгани тасвирланган. Унинг рафиқаси ҳам ўлдирилган.

«Ғазода ортиқ хавфсиз жой қолмади», — деган у.

Воил ад-Даҳдуҳ унинг оиласи Исроил ҳукумати чақириқларига бўйсуниб, шимолдан жанубга кўчган бўлганини айтган.

ЦАҲАЛнинг реакцияси

BBC ЦАҲАЛга ушбу материалда қайд этиб ўтилган жойларнинг координаталари ва саналари тўғрисида маълумот тақдим этиб, тушунтириш сўраган.

Чунончи, ушбу нуқталар Исроил ҳарбийлари авиазарбасига дучор бўлган ёки йўқлиги ва ЦАҲАЛ бомбалашдан аввал маҳаллий аҳолини огоҳлантиргани ё йўқлиги сўралган.

Ўз жавобида Исроил мудофаа армияси «ушбу локациялар борасида ҳеч қандай қўшимча маълумот тақдим эта олмаслиги»ни билдирган.

Жавоб хатида Исроил армияси, шунингдек, «Ғазонинг тинч аҳолисини ўз шахсий хавфсизлигини таъминлаш учун анклавнинг жанубий қисмига кўчишга чақиргани»ни қайд этган ва «Ғазонинг барча қисмидаги террорчилик объектларига зарба беришда давом этишлари»ни билдирган.

«Халқаро ҳуқуқларга мувофиқ ЦАҲАЛ тинч аҳолига зиён етказмаслик учун эҳтиёт чораларини кўрмоқда. Бу чоралар фурсат туғилган пайтда [тинч аҳолини] огоҳлантиришни ҳам қамраб олади», — дея қўшимча қилган ЦАҲАЛ.

BBC Ғазонинг у ёки бу қисмига тушган ракеталар аслида кимга тегишли эканини аниқлаш имкони йўқ. ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, 7 октябрдан сўнг ҲАМАС томонидан учирилган 7 мингдан ортиқ ракеталарнинг 500 дан зиёди Ғазо ҳудудига тушган.

Мавзуга оид