Ўзбекистон | 15:22 / 02.11.2023
5850
6 дақиқада ўқилади

«Ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланмоқда» — Ўзбекистон ва Франция етакчилари қўшма бизнес форумида иштирок этди

Франция президенти Эммануэл Макроннинг Ўзбекистонга расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Самарқанд шаҳрида қўшма бизнес форуми бўлиб ўтди. Унинг ишида икки давлат раҳбарлари иштирок этди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йил ноябр ойида Францияга расмий ташрифи давомида ҳам ушбу мамлакат ишбилармон доираларининг етакчи вакиллари билан учрашган. Ўшанда савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш юзасидан аниқ келишувларга эришилган эди. Бугунги учрашув ушбу очиқ ва конструктив мулоқотнинг давоми бўлди.

Франция томонидан тадбирда ташқи савдо, иқтисодий жозибадорлик масалалари ва хориждаги француз фуқароларининг ишлари бўйича вазир-делегат Оливь Бешт, иқтисодиёт, молия, саноат ва рақамли суверенитет вазири ҳузуридаги саноат масалалари бўйича вазир-делегат Ролан Лескюр, «MEDEF International» бизнес уюшмаси бош директори Клод Имовен, Франция тараққиёт агентлиги бош директори Реми Риу қатнашди.

Бундан ташқари, тадбирда EDF, Voltalia, Total Energies, Orano, Eiffage, Veolia, SUEZ, Lactalis, Semai, Semmaris, Alstom, Airbus Helicopters, ATR, Vicat, Mobilitas, Boehringer Ingelheim, Thales, Aramine, Meridiame, Societe Generale, Natixis каби йирик компания ва банклар раҳбарлари иштирок этди.

Кўҳна Самарқанддаги учрашувни очар экан, давлатимиз раҳбари президент Эммануэл Макронни ва Франция ишбилармон элитаси вакилларини самимий қутлади.

Олий даражадаги фаол мулоқотлар туфайли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликда ижобий суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Йил бошидан ўзаро савдо ҳажми уч баробар, кейинги йилларда қўшма корхоналар сони тўрт баробар кўпайди.

Тўғридан тўғри савдо алоқалари ва саноат кооперациясини янада мустаҳкамлаш икки мамлакатнинг узоқ муддатли манфаатларига мос экани қайд этилди.

– Бугун қадрли ҳамкасбим билан ниҳоятда самарали музокараларни ўтказдик, ҳамкорлигимизнинг янги даври бошланаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Келгусида ўзаро муносабатларимизни стратегик шериклик даражасига кўтариш ниятидамиз, – деди Ўзбекистон президенти.

Давлат раҳбари ўз нутқида етакчилар келгусида савдо ҳажмларини кескин ошириш, Франция компанияларининг инвестициявий фаолиятини фаоллаштириш масалаларига ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олганларини қайд этди.

Бунда қўшма лойиҳаларни молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий қилинади, бизнес учун янада қулай шароитлар яратилади ва ишбилармонлик ташаббусларига ҳар томонлама кўмаклашилади.

Бугунги кунда энергетика, тоғ-кон саноати, сув таъминоти, транспорт, қишлоқ хўжалиги, банк-молия ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликда катта натижаларга эришилмоқда.

Франциянинг ишбилармон доиралари билан самарали ва очиқ мулоқотни кенгайтириш учун янги самарали платформаларни яратишга тайёрлик билдирилди.

Шу маънода, мамлакатимиз етакчиси Ўзбекистон-Франция савдо палатасини ташкил этиш бўйича форум доирасида эришилган келишувни олқишлади. Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида «Business France» агентлигининг офисини очиш режалари қўллаб-қувватланди.

Франция ҳукумати, етакчи компаниялари ва молия институтлари Ўзбекистондаги ислоҳотлар дастурини фаол қўллаб-қувватлашда давом эттиришидан манфаатдорлик билдирилди.

– Бир нарсани аниқ айтишим мумкин – ислоҳотларимиз орқага қайтмас тус олди. Бизнинг бош устувор мақсадимиз – кучли фуқаролик жамияти институтлари, замонавий инфратузилма ва қудратли саноатга эга бўлган демократик давлатни қуришдир, - деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Франция шериклигини кенгайтириш бўйича тўртта энг устувор йўналишни кўрсатиб ўтди ва қатор ташаббусларни илгари сурди.

Мамлакатимиз «яшил» энергетикадек муҳим соҳада стратегик ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр экани таъкидланди. Бу борада EDF, Voltalia ва Total Energies компаниялари билан йирик лойиҳалар бошланган.

Кооперациянинг яна бир муҳим йўналиши сифатида стратегик хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш ва илғор технологиялар асосида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш қайд этилди. Бу соҳада Orano компанияси билан шерикликни кенгайтириш режалари борлиги таъкидланди.

Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва замонавий инфратузилмани барпо этиш муҳим устувор йўналиш сифатида кўрсатиб ўтилди. SUEZ, Eiffage ва Veolia компаниялари билан биргаликда юртимиз сув таъминоти ва иситиш тизимларини модернизация қилиш бўйича катта ишлар олиб борилаётгани таъкидланди.

Навбатдаги муҳим йўналиш сифатида қишлоқ хўжалигида рақобатбардошликни ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга катта эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан мамлакатимиз ҳудудларида замонавий агрологистика мажмуаларини қуриш бўйича Франция томонидан билан фаол ҳамкорлик қилиниши қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон президенти бизнес форуми икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида амалий мулоқотни жадаллаштириш ҳамда янги ўсиш нуқталарини белгилаб олишга қаратилгани билан айниқса аҳамиятли эканини таъкидлади.

– Янги Ўзбекистонда ишлаш учун франциялик ҳамкорларимизга эшикларимиз доим очиқ эканини, қандай фойдали қўшма лойиҳаларингиз бўлса, амалга оширишга доим тайёрлигимизни таъкидламоқчиман, – деди давлат раҳбари сўзининг якунида.

Франция президенти Эммануэл Макрон ҳам бизнес форум иштирокчиларига мурожаат қилди. У президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлаб, ушбу сиёсат туфайли икки томонлама инвестициявий ҳамкорлик учун катта имкониятлар очилганини қайд этди. Ўзаро манфаатли шерикликда мавжуд улкан салоҳиятни янада фаол ишга солишга чақирди, бундан мамлакатларимиз иқтисодиётлари ва халқлари манфаат топишига ишонч билдирди.  

Бизнес форуми якунида энергетика, металлургия, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа муҳим соҳаларда эришилган келишувлар бўйича салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланди.

Мавзуга оид