Ўзбекистон | 11:31 / 02.11.2023
3717
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Президент томонидан имзоланган қонун билан Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битим (Анқара, 2023 йил 16 март) ратификация қилинди.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг маблағлари Ўзбекистоннинг Туркий инвестиция жамғармасидаги улушини битимда назарда тутилган муддатларда шакллантириш, шу жумладан унинг бошланғич капиталидаги 2 000 та акцияга обуна бўлиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаи эканлиги белгиланди.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги битимнинг бажарилиши учун масъул ваколатли орган этиб, Марказий банк битим бўйича депозитарий функциясини бажариши белгиланди.

Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этиш тўғрисидаги битимнинг асосий мақсади – Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида минтақавий савдони ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш орқали иқтисодиётни ривожлантиришдан иборат. Ушбу битим Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар ўртасида Туркий инвестиция жамғармасини таъсис этишни ҳамда унинг ҳуқуқий мақомини белгиловчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Шу билан бирга, Туркий инвестиция жамғармаси доирасида ҳамкор давлатлар, жумладан, Озарбойжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия билан инвестициявий лойиҳаларни, хусусан, электротехника, енгил саноат, автосаноат, чарм саноати, қурилиш материаллари соҳаларида қўшма саноат кооперацияси каби лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга хизмат қилади.

Мавзуга оид