Ўзбекистон | 18:58 / 02.11.2023
8203
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган дрон ишлаб чиқарилиши мумкин

«Навоий» эркин иқтисодий зонасида Россия компанияси билан ҳамкорликда агробизнес учун мўлжалланган учувчисиз авиация тизимларини ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда.

Фото: dronnews.ru

Россиянинг FlySeeAgro бош директори Василий Птицин ва Ўзбекистоннинг «Навоий» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) дирекцияси раҳбари Ҳабиб Абдуллаев «Ўзбекистон Республикасида учувчисиз авиация тизимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш» ҳақидаги 5 йиллик инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича меморандумни имзолади. Бу ҳақда FlySeeAgro хабар берди.

Қайд қилинишича, дастурнинг беш йиллик муддатдаги умумий қиймати 80 миллион долларни ташкил этади. Меморандум доирасида томонлар лойиҳанинг йўл харитасини ишлаб чиқиш, сармояларни жалб қилиш бўйича бош режани яратиш, ишлаб чиқариш масалаларида кўмаклашиш бўйича ишчи комиссия тузиш бўйича келишувга эришган.

FlySeeAgro компанияси қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган дронларни ишлаб чиқариш, энтомофаглар (йиртқич ҳашаротлар) ёрдамида ўсимликларни биологик ҳимоя қилиш билан шуғулланади ва ўзини Россияда дронларни инсон фаолиятининг турли соҳаларига интеграциялаш соҳасида етакчи компания сифатида кўрсатади. Агробизнесни ривожлантириш бўйича 5 йиллик тажрибага эга эканини таъкидлайди.

Дастур Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш, завод ва лойиҳага жалб қилинган Ўзбекистон саноат корхоналарини бошқариш тизимини яратишни назарда тутади. Дастурда иштирок этиш учун Россиядан мутахассислар жалб қилиниши айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун дронларни яратиш, ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳамда уларни ташқи бозорларга, жумладан, Россияга экспорт қилиш дастурнинг устувор йўналишлари экани таъкидланган.

Мавзуга оид