Жаҳон | 15:51 / 02.11.2023
9229
5 дақиқада ўқилади

Шу замонда ҳам кунига 14 соат ишлаш керакми? – ҳинд миллиардер нега танқид остида қолди?

Ҳиндистонлик миллиардер, иш берувчи Нараяна Мурти мамлакатни ривожлантириш учун ҳиндлар ҳафтасига 70 соат ишлаши кераклиги ҳақида гапирди. Пандемиядан кейин қатор дунё давлатларида иш ҳафтаси 4 кунга қисқартирилаётган бир пайтда миллиардернинг бу гаплари кескин танқидга учради.

Фотоколлаж: Kun.uz

Ҳиндистонда 70 соатлик иш ҳафтаси кескин муҳокамаларга сабаб бўляпти. Бунга дастурий таъминот соҳаси бўйича ҳинд миллиардери, Буюк Британия бош вазири Риши Сунакнинг қайнотаси Нараяна Муртининг гапи сабаб бўлди. Миллиардер "Ёшлар мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишни истаса, ҳафтасига 70 соат ишлашга рози бўлиши керак", деб айтди.

ҳиндистонлик миллиардер Нараяна Мурти.
Фото: Getty images

Ҳафтасига 70 соатлик иш 5 кун ишлайдиганлар учун суткасига 14 соат, 6 кун ишлайдиганлар учун 11,6 соатлик иш кунига тўғри келади.

"Ҳиндистон — дунёда иш унумдорлиги энг паст бўлган мамлакатлардан бири. Агар биз иш унумдорлигимизни оширмасак, юртимизда мисли кўрилмаган бирор ўзгариш қила олмаймиз. Шунинг учун ҳам бугунги ёшларга шундай деган бўлардим: "Бу менинг мамлакатим ва мен бу ерда ҳафтасига 70 соат ҳам ишлашга тайёрман", деган Нараяна Мурти подкастлардан бирида.

Унинг сўзлари ижтимоий тармоқларга тарқалгач, одамларнинг танқидлари ва аксинча, қўллаб-қувватлаши остида қолди. Газеталарнинг "Мулоҳаза" саҳифалари токсик иш маданияти ва иш берувчиларнинг ўз ходимларидан нималар кутиши ҳақидаги дебатларга тўлди.

Одамлар нима деяпти?

Танқидларнинг айримлари бошланғич маошлари одатдагидан пастроқ даражада бўлган ҳинд технология компаниялари, жумладан, миллиардер Мурти ҳаммуассис бўлган Infosys компанияси муҳандисларидан ёғилмоқда.

Бошқалар эса танаффуссиз ишлашнинг жисмоний ва руҳий саломатликка таъсирига эътибор қаратяпти.

"Дам олишга вақт йўқ, оила билан суҳбатлашишга вақт йўқ, жисмоний машғулотларга вақт йўқ, бирор ижодий иш қилишга ҳам вақт йўқ. Компанияларнинг иш вақти тугагандан кейин ҳам ходимларининг телефонга жавоб беришларини кутишини айтиб ҳам ўтирмоқчимасман. Шунчасидан кейин яна нега ёшлар юрак хуружига чалиняпти деб ҳайрон ҳам бўламиз", деб ёзди бангалорлик кардиолог-врач Дипак Кришнамурти Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида.

Баъзилар эса аёллар ишхона ва уйларида шундоқ ҳам 70 соатдан кўп ишлашларини эслатиб ўтган.

Фото: Shutterstock

Ўз вақтида бўлмаган дебат

Дебатнинг кўтарилиши бутун дунё Covid-19 пандемиясидан кейин иш шароитларини қайта кўриб чиқаётган бир пайтга тўғри келди. Пандемияда бир муддат масофадан ишлаган одамларнинг айримлари уйдан ишласа, иш унумдорлиги юқори бўлишини, яна бир тоифа эса ишхонада ишлаб, меҳнат-шахсий ҳаёт балансини тўғри юритишни афзал кўряпти.

Экспертлар эса ҳамма ўз танловини қилиши нафақат ходим учун, балки иш берувчи учун ҳам фойдали экани ҳақида ёзишмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилотининг пандемиядан олдинги маълумотларига кўра, ҳиндистонликлар шундоқ ҳам кўп ишлайди. Уларнинг ўртача иш соати йилига 2 минг соатни ташкил қилган ва бу АҚШ, Германия ва Бразилиядаги ўртача иш соатидан анча юқори.

Фикрларга кўра, иш унумдорлигини кўпроқ ишлаб эмас, иш сифатини яхшилаш ва малака ошириб бориш орқали ошириш мумкин.

Умуман олганда, бу мавзу ҳиндистонликлар учун нозик масала. Сабаби фаоллар мамлакатда кучли меҳнат қонунлари мавжуд бўлса-да, уларнинг амал қилишини яхшилаш учун ҳукумат янаям кўпроқ ҳаракат қилиши керак, деган фикрда.

Ўтган йили мамлакатнинг жанубидаги Тамил Наду штатида ҳукумат фабрикаларда иш вақтини 8 соатдан 12 соатга ошириш тўғрисида қонун лойиҳасини эълон қилган, мухолифлар ва фаоллар эса унинг қайтариб олинишига эришган эди.

Жаноб Мурти эса 2020 йилда то коронавирус сабаб секинлашган ҳинд иқтисодини кўтариб олиш учун ҳафтасига 64 соат ишлашни таклиф қилганда ҳам танқидларга учраганди.

Ўтган йили эёш мутахассислар ўз карераларининг бошида кунига 18 соат ишлаши кераклигини айтганда танқид қилинган.

Бироқ миллиардернинг фикрини маъқуллайдиган тадбиркорлар ҳам бор. Бу тарафнинг қарашига кўра, Мурти фақат компания учун 70 соат ишлашни назарда тутмаган, балки 40 соат компания учун, яна қолган 30 соатда эса ходимлар ўз устида ишлашга сарфлаши кераклигини айтмоқчи бўлган.

Тескари маълумот: Ҳиндистонда иш соатини чўзиш муҳокама қилинаётган бир пайтда дунё 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш устида ишлаяпти. Масалан, 2022 йилда Белгияда қонунлар ўзгариб, ходимларга иш ҳақи камайтирилмаган ҳолда 4 кун ишлашга рухсат берилган.

Буюк Британияда эса 4 кунлик иш ҳафтасига ўтишга оид синовлар ўтказилиб, унинг самарали экани аниқланди. Бундай синовлардан бири ҳозир Португалияда амалга оширилмоқда.  

Мавзуга оид