Ўзбекистон | 18:40 / 02.11.2023
10644
2 дақиқада ўқилади

Тошкент, Урганч ва Бухоро яшаш учун энг қулай шаҳарлар деб топилди

Юқори бешликдан Самарқанд ва Навоий ҳам жой олган.

Фото: Kun.uz

Тошкент — яшаш учун Ўзбекистоннинг энг қулай шаҳри. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан тузилган рейтинг натижаларидан маълум бўлмоқда.

Қайд қилинишича, республикадаги яшаш учун энг қулай шаҳарлар юқори бешталигидан Тошкент (100 баллик тизимда рейтинг бали 79,1), Урганч (76,0), Бухоро (75,4), Самарқанд (70,6) ва Навоий (68,1) шаҳри ўрин эгаллади. Рўйхатнинг энг қуйи бешталигидан Бекобод (35,3), Хонобод (35,3), Янгиер (33,5), Оҳангарон (32,9) ҳамда Қувасой (26,4) шаҳри жой олган.

Индексни шакллантиришда таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, барқарорлик, маданият ва атроф-муҳит йўналишларидаги жами 27 та миқдорий ҳамда сифат кўрсаткичларидан фойдаланилган.

Рейтинг аҳоли сони 40 минг кишидан ортиқ бўлган республиканинг 30 та шаҳри учун ишлаб чиқилган.

Алоҳида йўналишлар инобатга олинса, таълим ҳамда тиббиёт йўналишида Бухоро, Гулистон ва Урганч, инфратузилма бўйича Урганч, Навоий ва Тошкент, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик бўйича Тошкент, Урганч ва Гулистон, маданият ва атроф-муҳит бўйича Тошкент, Бухоро ва Самарқанд энг яхши деб топилган.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти 1968 йилда ташкил топган ва макроиқтисодий, пул-молия, банк, ижтимоий муаммоларни прогноз қилиш ва тадқиқ қилиш бўйича кўп йиллик тажрибага эга. 2005 йилдан Ижтимоий-иқтисодий тадқиқотлар маркази номи остида фаолият юритган. 2023 йилдан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институтига айлантирилган.

Мавзуга оид