Жаҳон | 09:15 / 03.11.2023
10358
4 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Ғазо шаҳрини тўлиқ қуршаб олди

«Аскарларимиз ҲАМАСнинг маркази бўлган Ғазо шаҳрини қуршаб олишни якунлади», деди ЦАХАЛ вакили Даниэл Хагари. Фаластинликлар Исроил жанубига яна ракета зарбалари берди.

Фото: Picture Alliance

Ғазо секторида кенг кўламли қуруқликдаги операция ўтказаётган Исроил мудофаа кучлари 2 ноябр, пайшанба куни Ғазо шаҳрини қуршаб олди. «Аскарларимиз ҲАМАСнинг маркази бўлган Ғазо шаҳрини қуршаб олишни якунлади», деди ЦАХАЛ вакили Даниэл Хагари. Аввалроқ ЦАХАЛ Бош штаби бошлиғи генерал-лейтенант Герци Халеви Исроил қўшинлари Ғазо шаҳрини турли йўналишлардан ўраб олгани ҳақида маълум қилганди.

ҲАМАС штаб-квартираси Ғазо шаҳрида жойлашган. Унинг инфратузилмаси ерости туннелларининг кенг тизимига алоқадор. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҲАМАС жангчилари доимий равишда туннеллардан чиқиб, Исроил аскарларига қарата ўт очади ва кейин яна еростига қайтади. Мутахассисларга кўра, партизан тактикаси - Исроил армиясига ҲАМАС қарши туриши мумкин бўлган ягона нарса.

Ғазо секторидаги объектларга 12 мингдан ортиқ зарба берилган

ЦАХАЛ қуруқликдаги амалиёти 2,3 миллион фаластинлик истиқомат қилувчи Ғазо секторининг шимолида жамланган. Исроил тинч аҳолини ҳудудни тарк этишга чақирди. ЦАХАЛ вакилининг 2 ноябр куни маълум қилишича, Исроил қўшинлари Ғазо секторидаги 12 мингдан ортиқ объектга, жумладан, ўқ-дорилар омборлари, ҲАМАС етакчиларининг уйлари ва ракета арсеналларига зарба берган. Бир кун аввал Исроил Ғазога 11 мингта зарба бергани хабар қилинган эди.

Исроил армияси фақат ҲАМАС нишонларини ўққа тутаётганини иддао этмоқда. Шу билан бирга, аҳоли зич жойлашган ҳудудларда тинч аҳоли орасида қурбонлар сонининг кўплиги ва Ғазо секторида тинч аҳолининг фалокатли аҳволи халқаро ҳамжамиятнинг тобора кескин танқидига учрамоқда.

Юзлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлган Жабалия қочқинлар лагерининг Исроил томонидан ўққа тутилиши айниқса қаттиқ реакция кўтарди. Бир кун аввал БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Жабалиянинг ўққа тутилиши уруш жинояти бўлиши мумкинлигини билдирди.

Айни пайтда, фаластинликлар 2 ноябр куни Исроил жанубига яна ракета зарбалари берди. Беэр-Шева шаҳрида, шунингдек, кибуцилардан бирида ҳаво ҳужуми ҳақида тревога эълон қилинди. Сигнал Исроилнинг шимолий қисмида бир неча бор эълон қилинган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 8,7 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид