Ўзбекистон | 14:12 / 03.11.2023
14052
3 дақиқада ўқилади

«Томошага тушган», «ўқув дастурининг бир қисми» — Бухорода супурги ясашга чиқарилган талабалар бўйича икки хил изоҳ берилди

Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти ётоқхонаси талабалари супурги ясаш жараёнида қатнашаётгани видеоси тарқалди. Институт ректори талабалар томошага тушганини айтди. ОТМ матбуот хизмати вакили буни ўқув дастурининг бир қисми деди. Бироқ у ўзи айтган дастурни тақдим қила олмади.

Видеодан кадр

Kun.uz ихтиёрига Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти талабалари далада ишлаётгани акс этган видео келиб тушди. Унда бир гуруҳ талаба йигитларнинг даладан супурги пояларини олиб, бир-бирига маҳкамлаётгани кўринади. Исми сир сақланишини истаган талабанинг маълумот беришича, тасвирда Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти гидромелиорация факултетининг 3-сон талабалар турар жойида яшайдиган талабалар бўлган. Уларга ётоқхона ёнидаги ерга чиқиб ишлаш топшириғи берилган. Бундан бош тортган талабалар эса ётоқхонадан четлаштирилиши мумкинлиги айтилган. 

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш учун дастлаб институт ректори Шавкат Имомов билан суҳбатлашди. Унинг таъкидлашича, бу ерга талабалар мажбуран олиб келинмаган. Фақат ётоқхонада яшайдиган талабалар ўзлари хоҳиши билан жараённи кўришга тушишган.

Талабалар томошага тушган. Бу мажбурий меҳнат эмас. Видеода кўрингани шўр ернинг шўрини қочириш мақсадида экилган супурги бўлган. Супурги шўр ерда эксак қанақа бўлади, шуни аниқлаш мақсадида экилган. Шуни талабалар кузатаётган бўлган”, – деб жавоб берди Имомов.

Аммо институт матбуот хизмати вакили Сухроб Ўлмасов бошқача маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, видеодаги жой тажриба дала майдони ҳисобланади. У ерда қанча маҳсулот экиб, ундан қанча маҳсулот олишни ўлчаш мақсадида талабалар тўпланган.

Талабалар ўқув дастурининг маълум бир қисми амалиёт бўлгани учун бу ерда талабалар амалиёт дарсларини ўтаётган бўлган”, – дейди матбуот хизмати вакили.

Kun.uz мухбири масъул вакилдан шу амалиётни ўтган ўқитувчи билан боғлаб бериш ва далага чиқиб ишлаш кўрсатилган дастурни сўради. Бироқ матбуот хизмати ўзи айтган маълумотларни таҳририятга тақдим қилмади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳозирча ҳолатга муносабат билдиргани йўқ.

Ўзбекистонда фуқарони мажбурий меҳнатга жалб қилишга барҳам бериш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори борлигига қарамай, мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари ҳалиям учраб турибди. Яқинда Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Абдуғаниевнинг тиббиёт ходимларини 2 кунлик ҳашарга қатнашиши шартлиги ҳақидаги аудиоси тарқалган эди. Гарчи бу ҳолатни вилоят ҳокимлиги мажбурий меҳнат эмас деб талқин қилган бўлса-да, кўчада тозалик қилиш тиббиёт ходимининг вазифасига киради дейиш учун ҳам асос кўрсатилгани йўқ.

Тегишли ҳужжат бўйича бундай ҳолатларга биринчи бўлиб Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Адлия вазирлиги муносабат билдириши, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериши керак.

Шунингдек, фуқароларни мажбурий жамоат ишларига ноқонуний жалб қилиш ёки ҳар қандай шаклдаги мажбурий меҳнатдан фойдаланишда айбдор бўлган мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳам юқорида номлари саналган ташкилотлар вазифасига киради.

Мавзуга оид