Жаҳон | 07:50 / 04.11.2023
9316
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди

АҚШнинг Украинага 425 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетига NASAMS ва HIMARS учун ўқ-дорилар, артиллерия снарядлари ва учувчисиз учиш аппаратлари билан курашиш воситалари киради.

Фото: Reuters

АҚШ Мудофаа вазирлиги 3 ноябр, жума куни АҚШ Украинага Россия агрессиясидан ҳимояланиш учун умумий қиймати 425 миллион доллар бўлган навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этиши тўғрисида хабар берди

У Украинанинг жанг майдонидаги эҳтиёжларини зудлик билан қондириш учун 125 миллион долларгача бўлган Пентагон захираларини, шунингдек, Украина ҳаво мудофаасини узоқ муддатда мустаҳкамлаш учун 300 миллион долларлик Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси (USAI) маблағларини ўз ичига олади. 

Янги пакетга NASAMS зенит ракета тизимлари ва HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун қўшимча ўқ-дорилар, 105 мм ва 155 мм артиллерия снарядлари, TOW танкка қарши ракеталари, Claymore пиёдаларга қарши миналар, 3 миллиондан ортиқ ўқ-дорилар, гранаталар, шунингдек, оғир техникани ташиш учун 12 та юк машинаси киради. Бундан ташқари, Украина учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш учун қўшимча лазер ёрдамида бошқариладиган ўқ-дорилар олади. 

Пентагон АҚШнинг Украинага ёрдамини «ақлли сармоя» деб атади

«Украинага хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериш миллий хавфсизлигимизга қаратилган оқилона сармоядир. Бу минтақадаги йирик можароларнинг ва бошқа жойлардаги эҳтимолий тажовузнинг олдини олади, шу билан бирга, мудофаа саноат базамизни мустаҳкамлайди ва Америка халқи учун юқори малакали иш ўринларини яратади», - дейилади Пентагон хабарида.

Ҳарбий идора маълумотларига кўра, АҚШ президент Жо Байден бошқаруви бошланганидан бери Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 44,8 миллиард доллардан кўпроқ ёрдам кўрсатди, шу жумладан, 2022 йил 24 февралда Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан бери -44,2 миллиард доллар. 

Мавзуга оид