Ўзбекистон | 10:58 / 04.11.2023
15672
2 дақиқада ўқилади

“Ёшларга хос қизиқиш туфайли ясашга уринган” — супурги ясаётган талабалар воқеасига вазирлик муносабат билдирди

Бухорода супурги ясаётган талабалар ҳолатига Олий таълим вазирлиги муносабат билдирди. Унда айтилишича, супурги институтнинг бўш қаровсиз ерига экилган бўлиб, уни ўриб олиш жараёнида талабалар ўзлари қизиқиб қатнашган.

Фото: Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги

Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти талабаларининг супурги ясаш жараёнида қатнашгани акс этган видео тарқалгач, бунга Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги расмий изоҳ берди. Вазирлик вакиллари институтга бориб, ҳолатни ўрганган ва воқеа талабани мажбурий меҳнатга жалб қилиш деб талқин этилиши хато эканини маълум қилди.

Таъкидланишича, Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институти илмий жамоаси томонидан ернинг шўрланишига қарши маҳаллий галофит (чўлда ўсадиган) ўсимликлардан фойдаланиш бўйича тажрибалар ўтказилган. Супурги ҳам шундай ўсимлик бўлиб, у институтнинг бўш, қаровсиз ер майдонига экилган. Айни вақтда уни ўриб олиш ишлари бошланган.

Ер майдони талабалар турар жойининг яқинида бўлгани боис, ушбу жараёнга қизиққан бир неча талабалар ходимларнинг ишини бевосита келиб кузатганлар ва айримлари ёшларга хос қизиқиш туфайли ўзлари ҳам супурги ясаб кўришга уринган”, – дейилган расмий муносабатда.

Шунингдек, вазирлик талабаларнинг ҳар қандай мажбурий меҳнатга жалб этилишига қатъиян қарши эканини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Бухорода талабаларнинг супурги ясаётгани видеоси бўйича Kun.uz институт расмийларидан изоҳ сўраганди. Институт ректори талабалар томошага тушганини айтган бўлса, ОТМ матбуот хизмати вакили буни ўқув дастурининг бир қисми деб, ҳолат бўйича 2 хил изоҳ берилганди.

Мавзуга оид