Жаҳон | 12:10 / 07.11.2023
11327
4 дақиқада ўқилади

Кулеба: Украинани тарихдаги энг ёмон қиш кутмоқда

Украинага қишда фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари кўпроқ керак, деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Die Welt нашрига берган интервюсида. Бундан ташқари, Киев Германиянинг Taurus ракеталари етказиб берилишига эришмоқчи.

Фото: AFP

Украина Германиянинг узоқ масофага учувчи Taurus ракеталарини етказиб беришдан бош тортишига вақтинча «кўз юмишга» тайёр, аммо бунинг эвазига немис расмийлари келгуси қишда мамлакат фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаво мудофаа тизимларини топшириши керак. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 6 ноябр, душанба куни чоп этилган Die Welt нашрига берган интервюсида маълум қилди

«Мен ўнлаб шамлар сотиб олдим. Дадам бир юк машинаси ўтин сотиб олди. Биз ҳар қачонгидан ҳам ёмон қишга тайёргарлик кўряпмиз. Шунинг учун Taurus’ни олмасак, майли, бунга кўз юмамиз, лекин ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари керак. Биз электр станцияларимизни қўлимиздан келганча ҳимоя қилишга уриняпмиз. Лекин россияликлар бунга аллақачон мослашиб бўлган. Улар ракеталари билан бизнинг чидамлилигимизни яна синовдан ўтказади. Лекин биз ғалаба қозонамиз», - деди Украина ТИВ раҳбари. 

Шу билан бирга, Киев келажакда Германиядан Taurus қанотли ракеталарини олишга умид қилмоқда, дея таъкидлади у. «Taurus мавзуси биз учун ҳали ёпиқ эмас ва биз бу борада ишлашда давом этамиз. Германия ҳар доим жуда юқори ахлоқий меъёрлар асосида баҳоланади, лекин шу билан бирга, у қандай улкан бурилиш ясаганини унутиб қўймоқда. 2022 йилнинг 24 февралига қадар фақат Россия билан дўстлик ҳақида баёнотлар берилган вақтларни эслаб кўринг. Бугунги кунда ҳеч ким бундай қилмаяпти», деди вазир. 

Кулеба: Бербок мени Украина Европа Иттифоқига қабул қилинишига ишонтирди 

Ноябр бошида Дмитрий Кулеба Берлинда Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан музокаралар ўтказди. Мавзулардан бири, деди у, Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўлди. Кулеба Die Welt нашрига берган интервюсида: «Украина Европа Иттифоқининг бир қисми бўлишига шубҳам йўқ. Мен бу кафолатни Анналена Бербокдан олдим», деди. 

Евроиттифоқнинг ягона бозорига қўшилиш учун Украина адлия тизимини ислоҳ қилиши ва коррупцияга қарши кураш чораларини кучайтириши керак, дея қўшимча қилди Кулеба. «Биз тегишли қонунларни қабул қилдик, энди уларни амалга ошириш лозим», - деди у. 

«Агар Ғарб бу урушда ғалаба қозона олмаса, қайси урушда устун келиши мумкин?» 

Украина ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Володимир Зеленскийнинг сентябр ойида АҚШ Конгрессида Вашингтон кўмагисиз Украина урушда ютқазиши ҳақидаги баёнотига ҳам изоҳ берди. «Зеленский буни америкалик сенаторларга Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш зарурлигини тушуниши учун айтди. Агар Ғарб бу урушда ғалаба қозона олмаса, унда қайси урушда устун келиши мумкин?» — деди Кулеба. 

Унинг қўшимча қилишича, 2024 йилги АҚШ президентлик сайловлари натижаларидан қатъи назар, Киев фақат Америка кўмагига қарам бўла олмайди ва ҳозирда «барча турдаги қуролларни ишлаб чиқаришга кенг сармоя киритмоқда, ўз ишлаб чиқаришини сезиларли даражада оширмоқда ва иқтисодиётни ҳарбийлаштирмоқда». Кулеба, шунингдек, «кўпинча кам баҳоланадиган» Европанинг ёрдамини таъкидлади: «Менимча, Европадаги ва бошқа мамлакатлардаги дўстларимиз туфайли биз энг ёмон сценарийлардан ҳам қўрқмаяпмиз». 

Мавзуга оид