Трамп судда ўз мулки нотўғри баҳоланганини тан олди
АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Ню-Йоркда фуқаролик фирибгарлиги бўйича судда қасамёд остида кўрсатма берди.
АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп Ню-Йоркда фуқаролик фирибгарлиги бўйича суд мажлисида ўз бойлиги нотўғри ҳисобланганини тан олди. 6 ноябр, душанба куни қасамёд остида берган баёнотида у ўзининг компанияси Флоридадаги Мар-а-Лаго резиденцияси ва Дорал голф майдони, шунингдек, Ню-Йоркдаги Трамп-тауэр осмонўпар биносида жойлашган квартиранинг қийматини ошириб кўрсатганини айтди.
Reuters таъкидлашича, Трамп бу ҳисоб-китобларнинг аҳамиятини пасайтиришга уринган. «Бу муҳим эмас эди. Улар буни муҳим қилиб қўйди, лекин муҳим эмас эди», деди у. Бундан ташқари, у қасамёд остида кўчмас мулкига оид ҳужжатларни қалбакилаштириш айбловларини рад этди.
AFP таъкидлашича, Трамп 100 йилдан ортиқ вақт давомида судда айбланувчи сифатида гувоҳлик берган биринчи АҚШ собиқ президенти бўлди. У бу жараёнда икки марта ёпиқ эшиклар ортида кўрсатма берган, бироқ бу судда эмас, балки суд эшитувлари бошланишидан олдин бўлган.
Фирибгарлик бўйича иш жараёни
Ню-Йоркдаги жараён Демократик партия аъзоси, Ню-Йорк бош прокурори Летисия Жеймснинг даъвосига тегишли. У 77 ёшли собиқ президент, унинг ўғиллари ва юқори лавозимли ходимларини кредитлар ва суғурта шартномалари бўйича яхшироқ шартларга эга бўлиш учун The Trump Organization ҳолдинг компанияси қийматини йиллар давомида ошириб кўрсатиб келганликда айблади. Жеймснинг айтишича, у суд жараёнида Трампнинг фирибгарликларини тўлиқ фош этиш ниятида. Унинг сўзларига кўра, инсон қанчалик бой ёки нуфузли бўлмасин, қонунлар ҳамма учун бир хил бўлади.
Сентябр ойи охирида судя Артур Энгорон Трампни бу ишда айбдор деб топди, шундан сўнг суд жазони белгилашга киришди. Собиқ давлат раҳбари ушбу фуқаровий даъво бўйича қамоқ жазосига маҳкум этилмайди, бир неча ойга чўзилиши мумкин бўлган суд жараёни унинг навбатдаги президентлик сайловларига номзодлигига ҳам таъсир қилмаслиги керак. Летисия Жеймс 250 миллион доллар жарима солиб, Трамп ва унинг болаларига Ню-Йоркда бизнес юритишни тақиқлашни талаб қилмоқда. Трамп айбловни «жодугарлар ови» деб атади ва судя Энгорон ҳамда прокурор Жеймсни сиёсий тарафкашликда айблади.
Мавзуга оид
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
15:30 / 18.11.2024