Жаҳон | 09:16 / 07.11.2023
9705
3 дақиқада ўқилади

Украина президенти: Ҳозир сайлов ўтказиш вақти эмас

Уруш пайтида давлат мудофаага эътибор қаратиши керак, деди Володимир Зеленский анъанавий кечки видеомурожаатида.

Фото: Украина президенти офиси

Украина президенти Володимир Зеленский 6 ноябр, душанба куни кечки видеомурожаатида уруш кетаётган пайтда сайлов ўтказиш тўғри эмаслигини айтди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, «ҳозир, уруш даврида, кўп қийинчиликлар бўлган бир пайтда, сайловлар мавзусини қандайдир тарзда жамиятга бепарволик билан ташлаш мутлақо масъулиятсизликдир».

Украина жамияти ва давлати олдида турган асосий вазифа - «мудофаага эътибор қаратиш», деди Зеленский. «Ишонаманки, ҳозир сайлов ўтказиш вақти эмас», - дея таъкидлади Украина президенти ўз нутқи охирида. Унинг таъкидлашича, «агар у ёки бу сиёсий низога чек қўйиб, ҳамжиҳатликда ишлашни давом эттириш керак бўлса, давлатда низолар ва Украинага қарши кимнингдир ўйини учун жой қолмаслиги учун барча керакли жавобларни беришга қодир тузилмалар мавжуд».

Украинадаги президентлик сайловлари 

Шу билан бирга, 11 октябр куни эълон қилинган Руминиянинг digi24 ахборот ресурсига берган интервюсида Зеленский урушдан кейин Украина президенти лавозимини тарк этишини ва уруш давом этаётгандагина қайта сайланишга тайёрлигини айтди, чунки Россия ўз мамлакатига қарши уруш олиб бораётган пайтда «уни ташлаб кета олмайди».

Аввалроқ, август ойида Зеленский журналист Наталя Мосейчук билан суҳбатда Украинада уруш даврида сайловлар ўтказиш АҚШ ва Европа Иттифоқи Киевга сайлов кампанияси ва овоз беришни молиялаштиришда ёрдам берган тақдирдагина мумкин бўлишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, тинчлик даврида сайлов ўтказиш учун тахминан 5 миллиард гривна (тахминан 130 миллион евро) керак, бироқ уруш даврида аниқ миқдорни айтиш қийин. 

Бундан ташқари, Украина президенти ҳарбий хизматчилар, шунингдек, Европа мамлакатлари бўйлаб тарқалиб кетган миллионлаб украиналик қочқинлар овоз беришини таъминлаш зарурлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Украина қонунчилиги сайловларни ҳарбий ҳолат шароитида ўтказишни тақиқлайди, деб эслатди Зеленский.

Зеленскийнинг ваколатлари 2024 йил баҳорида тугайди 

Аввалроқ Украинада 29 октябрга белгиланган Олий радага сайловлар номаълум муддатга қолдирилди, чунки Украина парламенти ҳарбий ҳолатни ноябр ойи ўрталаригача узайтирди. Президент сайловлари ўтказилиши ҳам таҳдид остида. Август ойида Киевга ташриф буюрган америкалик республикачи сенатор Линдси Грэм мамлакат расмийларини 2024 йилдан кечиктирмай президентлик сайловларини ўтказишга чақирганди. 

45 ёшли Володимир Зеленский 2019 йилда Петр Порошенко ўрнига Украина президенти лавозимига сайланган. Унинг президентлик ваколатлари навбатдаги муддати, Украина конституциясига кўра, келаси йил баҳорида тугайди. 

Мавзуга оид