Veolia вакили: “Ишонаманки, бу йил қишда аҳолида эътирозлар бўлмайди”
Ўтган қишда Тошкентнинг кўплаб ҳудудларида кўп қаватли уйлар етарлича иситилмади. Kun.uz ноябрнинг илк кунларида шаҳардаги иссиқлик таъминоти оператори – Veolia масъуллари билан суҳбатлашиб, бу йилги қишга қандай тайёргарлик кўрилгани ҳақида сўради.
2022 йил 1 июлдан эътиборан, Франциянинг Veolia компанияси давлат-хусусий шерикчилик асосида Тошкент шаҳри иссиқлик таъминотининг ягона оператори сифатида иш бошлади. Kun.uz тизимга оид бир нечта саволлар билан компания масъулларига мурожаат қилди.
Компания бош муҳандиси Икромжон Исоқовнинг айтишича, ҳозирда Тошкент шаҳрида 90 фоиз иссиқликни ишлаб чиқариш “Тош электромарказ” ва “Тошкент электромарказ” унитар корхоналари ҳиссасига тўғри келади, 10 фоизини “Veolia”нинг ўзи ишлаб чиқаради ва 100 фоиз иссиқликни аҳолига етказиб беради.
“Ўтган йили қишда ҳақиқатан анча масалалар бўлган. Асосий муаммо ишлаб чиқариладиган электр марказларида газ босими кам бўлгани учун иссиқлик етарли даражада бўлмагани билан боғлиқ. Шунинг ҳисобига анча муаммо бўлди. Бу йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик давомида 68 километрлик қувурларни алмаштирдик. Ёз вақтида 16 босимли синовларни ўтказдик. Эскирган қувурларни текшириб, алмаштирдик. Локал қозонхоналарни таъмирладик. Ишонаманки, бу йил куз-қиш мавсумини эсон-омон ўтказамиз, аҳолида эътироз бўлмайди”, – деди компания вакили.
Компания масъулларининг айтишича, шаҳардаги 1500 км иссиқлик тармоғининг 80 фоизи техник аудитдан ўтказилган. Бу борадаги ишларни 2024 йил баҳорида якунлаш режа қилинган.
“Дастлабки хулосаларга кўра, баъзи жойларда иссиқлик тармоқларини сув босганини кўрамиз, торайиш ҳолатлари кузатилади, яъни бир пайтлар ўрнатилган қувурлар диаметри норматив талабларга жавоб бермайди. Шундай экан, ўтказилаётган техник аудит ҳозирги схемадан келиб чиқиб, тармоқ ҳолатини талаб даражасига келтириш имконини беради”, – дейди “Veolia Energy Tashkent” МЧЖнинг коммуникациялар ва бизнесни ривожлантириш бўйича директор Арсен Погосов.
Унинг сўзларига кўра, айрим участкаларда тармоққа рухсат берилмаган уланишлар ҳам аниқланган – улардан одамлар экинни суғориш учун ва бошқа мақсадларда фойдаланган.
“Бу каби аудитни ўтказмай туриб, биз инвестициявий дастурни тўлақонли баҳолай олмаймиз ва шаҳар иссиқлик таъминоти схемасини туза олмаймиз. Бугунги кунда шаҳар иссиқлик таъминоти схемаси мавжуд эмас ва уни техник аудитсиз ҳамда таҳлилларсиз тузиб бўлмайди”, – дейди у.
“Veolia Energy Tashkent” Тошкент шаҳрининг иссиқлик тизимини очиқ тизимдан ёпиқ тизимга ўтказмоқчи. Бу ҳақда Икромжон Исоқов гапириб берди.
“Ёпиқ тизимда ҳар бир хонадон ёки мавзеда ички тизимнинг ўзида сув иситилади. Кўпгина давлатлар ёпиқ тизимда ишлайди. Биз ҳам бунга ҳаракатни бошладик – иккита пилот лойиҳамиз бор. “Сувчи” (Бектемир туманида) ва “Саноат энергия” (Сергели туманида) қозонхоналаримиз бор, уларда шу иш устида ишлаяпмиз, янги локал қозонхоналар қурилди. Ҳали ишга тушмади, эскисини ишлатяпмиз. 2024 йил 1 мартгача тугатиб, тўлиқ ишга туширамиз. Кейинги йилдан Мирзо Улуғбек туманидаги қозонхоналарни ёпиқ тизимга ўтказишни бошлаймиз. Шартномамиз 30 йиллик, режамиз бўйича 10 йил ичида 90 фоиз қозонхоналарни ёпиқ тизимга ўтказамиз”, – дейди у.
Масъулларнинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва канализация тарифлари оширилиши иссиқ сув нархларига таъсир қилмайди. Ўтган йили пасайтирилган тарифларни қўллаш ва кўриладиган зарарларни қоплаш учун Тошкент шаҳар бюджетидан 2021-2027 йилларда 8,4 трлн сўм субсидия ажратилиши маълум қилинганди. Субсидиялар ҳисобига аҳоли учун нарх ўзгармайди.
“Кўтарилаётган нарх-наво бизга иссиқлик етказиб берадиган корхоналар ва ўртамиздаги тарифга таъсир қилади. Бу субсидиялар миқдорига таъсир қилиши мумкин, лекин аҳоли учун нархлар ўзгармайди”, – дейди Икромжон Исоқов.
Мавзуга оид
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
20:44 / 06.11.2024