Исроил ва ҲАМАС уруши Яқин Шарқни қандай ўзгартирди: бешта янги реаллик
ҲАМАСнинг Исроилга 7 октябр кунги ҳужумидан сўнг эълон қилинган кўплаб репортажлар, таҳлилий мақолалар ва шарҳлар ҳақида тушуниш керак бўлган энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, уларнинг муаллифларидан ҳеч бири содир бўлаётган воқеалар ҳақида тўлиқ маълумот бермайди. Гап фақат уруш тумани ортидаги жанг майдонида нималар бўлаётганини кўриш қийинлигида ҳам эмас. Шунчаки исроилликлар ва фаластинликлар ўртасидаги можаронинг янги қиёфаси ҳали шаклланмади.
BBC’нинг халқаро шарҳловчиси Жереми Боуэн Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши Яқин Шарқдаги вазиятни қандай ўзгартирганини кўриб чиқди. Бу унинг материалининг таржимаси, оригиналини инглиз тилида мазкур ҳавола орқали ўқиш мумкин.
Воқеалар ҳамон тез ривожланмоқда. Уруш ҳозирги чегараларидан ташқарига ҳам тарқалишидан реал хавотирлар мавжуд. Яқин Шарқдаги янги реаллик яқинлашмоқда, аммо унинг аниқ кўриниши бу уруш шу йил охиригача, эҳтимол кейинги йил бошларигача қандай ривожланишига боғлиқ бўлади.
Қуйида аллақачон кўпчиликка маълум бўлган ва ҳали кўпчилик билмайдиган айрим жиҳатлар санаб ўтилади. Бу рўйхат якуний эмас. АҚШ мудофаа вазири Доналд Рамсфелд 2003 йил Ироққа босқин вақтида «номаълум номаълумлар» ҳақида гапирганида кимлардир кулган эди. Аммо дунёнинг бу қисмида, худди бошқа барча жойларда бўлгани каби, номаълумликларнинг мавжудлиги реал — ва улар пайдо бўлганида жуда кўп нарсага таъсир кўрсатиши мумкин.
1.
Мутлақо ишонч билан айтиш мумкинки, Исроил аҳолиси армиянинг ҲАМАС ва унинг «кичик ҳамкори» — «Ислом жиҳоди» гуруҳининг кучини синдиришга қаратилган ҳарбий кампаниясини қўллаб-қувватлайди. ҲАМАСнинг ҳужуми оқибатида Исроилда 1400 дан ортиқ киши ўлдирилгани ва 240 дан ортиқ киши гаровга олингани (улар ҳамон Ғазода ушлаб турилибди) уларни ғазаб отига миндирган.
Мен Исроил армиясининг истеъфодаги генерали Ноам Тибон билан гаплашдим. У рафиқаси билан машинада 7 октябр куни ҳужумга учраган, Ғазо сектори билан чегарадош Нахал-Оз кибуцига боргани ҳақида айтиб берди. Унинг вазифаси (қайсики у уддалаган) ўғли, келини ва уларнинг икки қизчасини қутқариш бўлган, улар ҲАМАСнинг қуролланган аъзолари ҳудудга келиши билан хавфсиз хонада яширинган.
Тибон армияда хизмат қилмаяпти, аммо ушбу 62 ёшли эркак ажойиб жисмоний ҳолатини сақлаб қолган. У ҳалок бўлган исроиллик аскарнинг автомати ва каскасини олган ҳамда ўша куни тартибсизлик ичида йиғилган ҳарбийлар гуруҳини бошқаришига тўғри келган. Улар кибуц ҳудудини озод этишган ҳамда истеъфодаги генералнинг оила аъзолари ҳамда бошқа кўплаб кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолишган.
Генерал ҳозирда бўлаётган воқеалар ҳақида очиқдан очиқ гапиришни афзал кўрадиган исроиллик ҳарбийларнинг олдинги авлодига мансуб.
«Ғазо азобланиши керак… дунёда ҳеч бир миллат қўшнилари чақалоқлар, аёллар ёки оддий одамларни ўлдириш билан шуғулланишига рози бўла олмайди. Худди сиз [британлар] Иккинчи жаҳон уруши вақтида душманни тор-мор этганингиз каби. Биз ҳам Ғазода айнан шундай қилишимиз керак. Ҳеч қандай раҳм-шафқатсиз».
— Аммо бу урушда ҳалок бўлаётган тинч фаластинликлар ҳақида нима дейиш мумкин? — дея сўрайман мен.
— Афсуски, бу рўй бермоқда, — дея жавоб беради у. — Биз хавфли ҳудудда яшаймиз ва биз омон қолишимиз керак… Биз қатъий ҳаракат қилишимиз даркор. Бизда танлов йўқ.
Унинг фаластинлик оддий фуқаролар ўлими ёмонлиги, аммо улар ҲАМАСнинг ҳаракатлари туфайли ҳалок бўлаётгани тўғрисидаги фикрларига исроилликларнинг жуда кўп қисми қўшилади.
2.
Исроилнинг ҲАМАСга қарши ҳарбий кампанияси даҳшатли қон тўкилишига олиб келаётгани ҳам очиқ ойдин кўриниб турибди. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳалок бўлган фаластинликлар сони 10 мингдан ошган, шундан 60 фоиздан ортиғи — аёллар ва болалар.
Ҳалок бўлган эркакларнинг қанчаси тинч аҳоли вакиллари, қанчаси ҲАМАС ёки «Ислом жиҳоди» бўлинмалари сафида жанг қилгани маълум эмас. АҚШ президенти ва исроилликлар вазирлик маълумотига ишонмайди, аммо олдинги можаролар вақтида халқаро ташкилотлар қурбонлар сони тўғрисида Фаластин ҳукумати томонидан берилган маълумотларни ишончли деб ҳисоблашган.
Даҳшатли бир босқич яқинлашиб келмоқда. БМТ Россиянинг Украинага 21 ой олдин бошлаган босқинидан буён тинч аҳоли вакиллари бўлган 9,7 минг киши ҳалок бўлганини билдирган. Ҳа, ҳалок бўлган фаластинликларнинг бир қисми ҲАМАС аъзолари ҳисобланади. Аммо агар бундайлар миқдори 10 фоиз деб олинса ҳам (бу эса тўғри экани даргумон), бу Исроилнинг Ғазо бўйлаб бир ойлик авиазарбалари Россиянинг 2022 йил февралида Украинага бошлаган босқини даврида ҳалок бўлганлар билан бир хил миқдордаги тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келганини англатади.
(БМТ Украинадаги қурбонлар тўғрисидаги маълумотлар тўлиқ эмаслиги ва тинч аҳоли орасидаги ўлимларнинг ҳақиқий сони анча юқори бўлиши мумкинлигини билдирган. Шу билан бирга, Ғазода ҳалок бўлганлар сони ҳам кўпроқ бўлиши мумкин, чунки, катта эҳтимол билан, ҳали кўплаб фаластинликлар харобалар остида қолмоқда).
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси исроилликларнинг авиазарбалари тинч аҳоли орасида жуда кўп қурбонларга сабаб бўлаётгани ҳарбий устунликка мутаносиб эмаслиги, шу туфайли бу ҳарбий жиноят бўлиши мумкинлигидан хавотирда эканини билдирган.
ҲАМАС Исроилга ҳужум қилган кунданоқ АҚШ президенти Жо Байден Исроилнинг ҲАМАСни Ғазода ҳокимиятдан кетказиш учун ҳарбий куч қўллаш қарорини қўллаб-қувватлаган. Аммо у буни «тўғри йўллар билан» қилиш кераклигини таъкидлади. У Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилишни ўз ичига олувчи уруш олиб бориш қонунларига риоя қилиши кераклигини назарда тутганди.
Тел-Авивга АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен келди. У кетишидан олдин шундай деди: «Қачонки вайрон бўлган бино харобалари остидан олиб чиқилган фаластинлик болани — ўғил ёки қизни кўрганимда, Исроил ёки исталган бошқа давлатдан бўлган болани шу аҳволда кўрганда бўладигани каби ларзага тушаман».
Мен Исроил сўнгги 30 йил мобайнида олиб борган барча урушларда репортёрлик қилганман. Ва мен Америка маъмурияти Исроил уруш олиб бориш қонунларига риоя этишини бу қадар очиқ талаб қилганини ҳеч қачон кўрмаганман. Блинкеннинг ташрифи шуни кўрсатадики, у исроилликлар Байденнинг маслаҳатига амал қилмаяпти деб билади.
3.
Ишончимиз комил бўлиши мумкин бўлган яна бир нарса бор: Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу улкан босим остида.
Исроил махсус хизматлари ва армия раҳбарларидан фарқли ўлароқ, у 7 октябр куни Исроил чегараларини деярли ҳимоясиз қолдирган қатор ҳалокатли муваффақиятсизликлар учун шахсан жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.
29 октябр куни бош вазирнинг барчасига разведка хизмати айбдорлиги ҳақида твиттерда ёзган сўзлари катта норозилик уйғотди. Кейинроқ Нетаняҳу ўз твитини ўчириб юборди ва бунинг учун узр сўради.
Уч нафар таниқли исроиллик — тинчлик музокараларининг собиқ иштирокчиси, Исроил контрразведкасининг собиқ бошлиғи Шабак (Шин-Бет) ва кўзга кўринган тадбиркор — Foreign Affairs журнали учун мақола ёзиб, унда Нетаняҳу урушда ва ундан кейинги воқеаларда умуман иштирок этмаслиги кераклигини билдиришган. Бош вазирнинг содиқ тарафдорлари бор, аммо у Исроил армияси ва махсус хизматлардаги нуфузли шахсларнинг қўлловини йўқотди.
Истеъфодаги генерал, ўз оиласини қутқариш учун Нахал-Оз кибуцига жанг билан кириб келган Ноам Тибон Нетаняҳуни Иккинчи жаҳон урушининг илк йилларидаги Британия бош вазири Невилл Чемберленга қиёслаган. У муваффақиятсизликлардан кейин 1940 йилда истеъфо беришга мажбур бўлган ва унинг ўрнини Уинстон Черчилл эгаллаганди.
«Бу Исроил давлати тарихидаги энг улкан муваффақиятсизлик, — дейди Тибон. — Бу ҳарбий муваффақиятсизлик эди. Бу разведка муваффақиятсизлиги эди. Ва бу ҳукуматнинг муваффақиятсизлиги эди. У барчани бошқаради, шундай экан, барча айб унинг — бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг зиммасида. Айнан унинг раҳбарлиги вақтида Исроил тарихтидаги энг катта муваффақиятсизлик рўй берди».
4.
Шунингдек, минтақада шу вақтгача ўрнатилган статус-кво энди йўқлиги ҳам кундек равшан. Вазият бунгача ҳам хавфли ва нохуш эди, аммо унда қандайдир барқарорлик мавжуд эди. Фаластинликларнинг сўнгги исёнидан кейин (2005 йилларда) Нетаняҳу абадий давом этиши мумкин, деб ўйлаган қандайдир схема ўрнатилганди. Аммо икки томон учун ҳам бу хавфли иллюзия бўлиб чиқди. Фаластинликлар ортиқ Исроилга хавф солмаслигига ишонишарди. Улар қандайдир тарзда ҳал этилиши керак бўлган муаммо сифатида қаралди. Мавжуд воситалар орасидан қамчи, ширин кулча ҳамда «бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» деб аталувчи қадимий тактика танланди.
Аввалига 1996-1999 йилларда, кейин 2009 йилдан бошлаб жами 10 йил мобайнида бош вазирлик курсисида бўлган Нетаняҳу доимо Исроилда тинчлик учун ҳамкор йўқлигини таъкидлаб келди.
Аммо унинг шундай ҳамкори бор эди. ҲАМАСнинг асосий рақиби бўлиб қолган Фаластин мухторияти (ФАТҲ) — муаммолари кўп ташкилот бўлиб, унинг кўплаб тарафдорлари кексайиб қолган етакчи Маҳмуд Аббос кетадиган пайти бўлган деб ҳисоблашади. Аммо айнан ФАТҲ 1990 йиллардаёқ Исроил билан тинч-тотув яшаши мумкин бўлган Фаластин давлатини яратиш ғоясига рози бўлганди.
«Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил» принципи Нетаняҳу учун ҲАМАСга Фаластин мухторияти ўрнига Ғазодаги ҳокимиятини мустаҳкамлашга имкон беришни англатарди.
Исроил бош вазирлигида ҳаммадан кўп вақт давомида ўтирган ушбу сиёсатчи ҳамиша ўз чиқишларида эҳтиёткор бўлиб келган, бироқ унинг бу йиллар мобайнида қилган ҳаракатлари у фаластинликларга мустақил давлат қуришга рухсат беришни истамаслигини кўрсатди. Бундай сценарий (фаластинликларнинг ўз давлати бўлиши) Ғарбий соҳилдаги ерлардан, жумладан Шарқий Қуддусдан воз кечишни ўз ичига олади. Исроиллик ўнглар эса бу ҳудудларни яҳудийларга тегишли деб ишонади.
Вақти-вақти билан Нетаняҳунинг кенг омма учун мўлжалланмаган баёнотлари юзага чиқади. 2019 йилда Исроилдаги бир неча манбалар унинг «Ликуд» партияси аъзолари қаршисидаги нутқи ҳақида хабар берганди. Ўшанда у партиядошларига агар улар Фаластин давлати қурилишига қарши бўлса, Ғазога сармоя киритиш бўйича схемани (буни асосан Қатар амалга оширади) қўллаб-қувватлаши лозимлигини айтади. Нетаняҳу Ғазодаги ҲАМАС ва Ғарбий соҳилдаги Фаластин мухторияти ўртасидаги кескинлик чуқурлашиши фаластинликлар давлати пайдо бўлишини имконсиз қилишини таъкидлайди
5.
Бундан ташқари, бу масалада АҚШ қўлловига эга бўлган Исроил ҲАМАСнинг ҳокимиятда қолишига имкон берувчи ҳеч қандай келишувга рози бўлмаслиги ҳам аён нарса. Бу эса қон тўкилиши кўлами янада кенгроқ ва каттароқ бўлишини англатади. Бу ҲАМАСнинг ўрнини ким эгаллаши борасидаги жиддий саволларни ҳам туғдиради — уларга эса жавоб ҳозирча йўқ.
Иордан дарёси ва Ўрта Ер денгизи ўртасидаги замин устидан назоратни қўлга олиш учун араблар ва яҳудийлар ўртасидаги кураш 100 йилдан ошиқ вақт давом этмоқда. Аммо унинг узоқ ва қонли тарихидан чиқарилган бир сабоқ шундаки — ҳеч қачон ҳарбий ечим бўлмайди.
1990-йиллар бошида Ослода тинчлик жараёни бошланганди — у пойтахти Шарқий Қуддусда бўлган, Исроилга қўшни бўлиб яшайдиган Фаластин давлатини тузиш йўли билан можарога барҳам беришга қаратилганди. АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти даврида ушбу музокараларни жонлантиришга қаратилган сўнгги уриниш амалга оширилади. Аммо 10 йил олдин бу уринишлар барбод бўлганди — ва шундан буён можаро фақат чуқурлашиб борди.
Президент Байден ва бошқа кўпчилик айтганидек, янги урушлардан қочишнинг ягона йўли — Исроилнинг ёнида Фаластин давлатини тузишдир. Аммо курашаётган томонларнинг ҳозирги етакчилари билан буни амалга ошириш имконсиз. Икки томондаги экстремистлар 1990-йилларда бўлгани каби (ўшанда тинчлик музокаралари ташаббускори бўлган Исроил бош вазири Исҳоқ Рабин ўлдириб кетилганди) бундан кейин ҳам бу ғояни кўмиб ташлаш учун барча имкониятларини ишга солади. Уларнинг айримлари диний амрни бажараётганига ишонади, шунинг учун уларни дунёвий йўналтирилган муроса зарурлигига ишонтириб бўлмайди.
Аммо бошқа нарса эмас, фақат шу уруш шу қадар кучли шокка олиб келиши мумкинки, чуқур илдиз отган нотўғри қарашлар қулайди ва икки давлатнинг биргаликда яшаши ғояси ҳақиқатга айланади. Можарони якунлаш учун ўзаро мақбул йўл топилмаган тақдирда эса исроилликлар ва фаластинликларнинг янгидан янги авлодлари янги урушларга маҳкум бўлади.
Мавзуга оид
00:02 / 22.12.2024
Владимир Путин: «Суриядаги воқеалар бенефициари — Исроил»
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
18:08 / 19.12.2024
Исроил илк бор Яман пойтахтига зарба берди
14:47 / 18.12.2024