Жаҳон | 22:51 / 09.11.2023
12220
2 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазо секторида тўрт соатлик оташкесимларга рози бўлди – АҚШ 

Гуманитар танаффуслар ҳар куни 4 соат давом этиши, тинч аҳолининг жанубга кўчиб ўтишига имкон берилиши айтилмоқда. 

Фото: Khalil Hamra/AP

Исроил Ғазо секторининг шимолидан жанубигача иккита гуманитар йўлак очишга, шунингдек, ҳарбий амалиётларда ҳар куни тўрт соатлик танаффус қилишга рози бўлди, бу эса тинч аҳолининг жанубга кўчишига имкон беради. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилди. 

Унинг таъкидлашича, битта гуманитар йўлак аллақачон очилган, иккинчиси қирғоқ йўлида бўлади. Гуманитар танаффуслар 9 ноябрдан бошланади. 

«Биз буни муҳим қадам деб ҳисоблаймиз. Ва биз унинг қанча керак бўлса, шунча давом этишини истаймиз», деди Кирби. 

Шунингдек, у бир кун аввал Ғазо секторига 126 та юк машинасида инсонпарварлик ёрдами етказилганини, бироқ уларнинг сонини кунига 150 тага етказиш кераклигини таъкидлади. 

Аввалроқ, Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторига ёрдам етказиш учун ўт очишни тўхтатишга эмас, балки фақат қисқа гуманитар танаффусларга рози бўлганини билдирган эди. Исроил ҳарбийлари, шунингдек, Ғазо фуқаролари учун анклав жанубига вақтинча хавфсизроқ ҳудудларга кўчиб ўтиши ва у ерда гуманитар ёрдам олиши учун йўлак очишини айтди.

Мавзуга оид