«Навбаҳор»дан тарихий ғалаба, ОКМКнинг Теҳрондаги «қўрқинчли туни», Роналду рекорд томошабинлар ташрифига сабаб бўлди. ОЧЛ 4-турининг 7 воқеаси
Сўнгги уч кун давомида Осиё Чемпионлар лигаси 4-тури доирасидаги баҳслар ўтказилиб, бир қатор эътиборли воқеалар юз берди. Душанба куни «Озоди» стадиони 6 соат ичида дастлаб ўзбек клубининг тарихий ғалабасини тан олган бўлса, тунда Теҳрон қанчалик «қўрқинчли» экани гувоҳига айландик – ОКМК 0:9 ҳисобидаги антирекорд қайд этди. Криштиану эса Осиёда майдонга тушмай ҳам рекордга сабаб бўлмоқда. Tribuna.uz тур якунларига кўра, эътиборга молик воқеаларни саралади.
ОКМК ОЧЛда антирекорд қайд этди
Осиё Чемпионлар лигаси 4-тури ўзбек футболи учун салбий ва ижобий жиҳатдан тарихий аҳамият касб этди. 6 ноябр, душанба оқшоми – ОКМК футбол клуби тарихидаги қора кун сифатида қоладиган бўлди. Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Олмалиқ клуби Эрондаги ўйин олди сарсонгарликдан сўнг, майдонда шармандали натижага сабаб бўлди. Исфахон шаҳрида ўтиши керак бўлган баҳс, ОФК қарорига кўра ўйиндан икки кун олдин Теҳронда бўлиб ўтиши маълум қилингач, олмалиқликлар Эрон пойтахтига узоқ парвозлар орқали етиб келишди.
ОКМК жамоасини «Озоди»да ҳам даҳшатли воқеалар кутаётганди. Эрон чемпионатида 8-ўринда бораётган «Сипоҳон»га қарши Қосимов шогирдлари фақат бир бўлим қаршилик кўрсата олишди ва танаффусга минимал ҳисобдаги мағлубият билан чиқишди. Иккинчи бўлимда эса форслар майдонда хоҳлаганини қилишди. Устига-устак Акромжон Комиловнинг четлатилишидан кейин ОКМК шаъни батамом топталди. Эронликлар Ботирали Эргашев дарвозасига нақ 9та гол киритиб, турнир тарихидаги энг йирик ғалабасига эришди.
Шу билан бирга ОКМКнинг 0:9 ҳисобидаги мағлубияти ОЧЛ тарихида «Ғарб» минтақаси учун энг йирик ҳисобли мағлубият сифатида антирекордга айланди.
«Навбаҳор» Эронда тарихий ғалабага эришди
Олмалиқ клуби Осиёда ўзбек футболи тарихидаги шармандали натижани қайд этишидан икки соат аввал эса «Навбаҳор» худди шу ўйингоҳ – «Озоди»да тарихий ғалабага эришди. «Нассажи Мозандарон» клуби меҳмони бўлган Наманган клуби Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи тарихида сафардаги илк ғалабасини айнан Теҳронда қўлга киритди.
Игор Голбан ва Остон Ўруновнинг дубли эвазига Самвел Бабаян шогирдлари муҳим ва тарихий натижа (3:1) қайд этиб, кейинги босқичга чиқиш имкониятини яхшилади. Наманган клуби ўз гуруҳида 10 очко тўплаб, «Ал-Ҳилол» билан қўшҳокимлик қилмоқда.
«Пахтакор» 25 йил ўтиб Туркманистондан очко билан қайтди
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ОЧЛни кетма-кет мағлубият билан бошлагач, 3-турда Тошкентда «Ахал» устидан ғалабага эришди ва Туркманистондаги жавоб баҳсида ҳам зафар қучса, кейинги босқичга чиқиш имкониятини яхшилаган бўларди. «Пахтакор» сўнгги марта 1998 йил Туркманистонга сафар қилиб, Осиё Кубок эгалари кубоги доирасида Қурбон Бердиев мураббийлигидаги мамлакат футболи байроқдори «Ниса»га 5:0 ҳисобида мағлубиятга учраганди (Тошкентда «Пахтакор» 6:0 ҳисобида ғалаба қозонган).
Орадан 25 йил ўтиб, Тошкент клуби Ашхободга ташриф буюрди. Сунъий қопламали майдонда ўтган баҳсда Ҳожимат Эркиновнинг 90+5-дақиқадаги голи Максим Шацких жамоасини мағлубиятдан қутқариб қолди ва «Пахтакор» чорак асрдан кейин Туркманистондан очко (1:1) билан қайтди. Шу тариқа, жамоа гуруҳида 4 очко билан 2-ўринда бормоқда. «Шерлар» кейинги икки ўйинда ғалабага эришсагина кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга бўлиши мумкин.
«Ал-Иттиҳод»нинг Ироқдаги мағлубияти Эшпириту Сантунинг истеъфосига сабаб бўлди
«С» гуруҳида ОКМКнинг йирик мағлубиятидан ташқари, яна бир эътиборли воқеа Ироқда кузатилди. Саудия чемпиони «Ал-Иттиҳод» Арбилда «Ал-Қува ал-Жавия» меҳмони бўлиб, кутилмаган мағлубиятни тан олди – 2:0.
Карим Бензема, Нголо Канте сингари юлдузлар тўп сураётган Жидда клубининг бу мағлубиятини раҳбарият кўтара олмади ва жамоа Арабистонга қайтиши билан бош мураббийи Нуну Эшпириту Сантуга «чиқиш эшиклари» кўрсатилди. «Ал-Иттиҳод» 9 очко билан гуруҳда ҳамон пешқадам бўлса, «Сипоҳон» ва «Ал-Қува» 7 очко билан 2-3-ўринни эгаллаб турибди. ОКМК эса -15 тўплар нисбати билан ҳамон очкосиз.
Роналду Қатарга бормасдан томошабинлар рекордига сабаб бўлди
Қатарда ўтган «Ад-Дуҳайл» ва «Ан-Наср» ўйинига қизиқиш Роналду сабабли жуда юқори эди. Кристоф Галтье мураббийлигидаги жамоа «E» гуруҳида 1 очко билан сўнгги ўринда бўлса-да, Криштиану етакчилигидаги Ар-Риёд клубининг ташрифи сабабли мезбон мухлислар ўйиндан бир неча кун олдин ҳаттоки 55 доллар нархдаги чипталарга навбатда туриб сотиб олишганди.
Аммо ўйиндан бир кун олдинги матбуот анжуманида «Ан-Наср» бош мураббийи Криштиану Роналдуга дам бергани ва у Қатарга келмаганини маълум қилди. Шунга қарамай, «Khalifa» халқаро стадионида 36 528 нафар томошабин келди. Бу Осиё Чемпионлар лигаси 2023/24 йилги мавсумида энг кўп томошабин ташрифи кузатилган ўйин сифатида мавсум рекордига айланди. Португалиялик юлдуз майдонга тушмай ҳам, рекордларга сабаб бўлмоқда.
Коутиньо ОЧЛдаги дебют голини киритди
«Ад-Дуҳайл» - «Ан-Наср» (2:3) баҳсида Роналду майдонга тушмаган бўлса-да, қатарликлар сафидаги Филипе Коутиньо Осиё Чемпионлар лигасидаги дебют голини киритди. Бразилиялик яримҳимоячи 8 ва 80-дақиқада гол киритиб, стадионни ларзага келтирган бўлса, меҳмонлардан Талиска ҳет-трики эвазига Роналдунинг ўрнини билинтирмади – 3:2. Шу тариқа, «Ан-Наср» 12 очко тўплаб, кейинги босқичга йўлланма олиш учун жуда яқин турибди.
«Ал-Айн» нимчоракфиналга чиққач, бош мураббийи билан хайрлашди
Бирлашган Араб Амирликларининг «Ал-Айн» клуби Осиё Чемпионлар лигаси 4-тури доирасидаги «Ал-Файҳа» билан ўйиндан (3:2) кейин мураббийлар штабида ўзгариш бўлгани ҳақида эълон қилди. «Ал-Айн» жамоаси гуруҳ босқичида кетма-кет 4-ғалабасига эришиб, ОЧЛда нимчоракфиналга йўлланма олган биринчи жамоага айлангач, клуб бош мураббийи Алфред Шрёдер истеъфога чиққанини маълум қилди. Нидерландиялик 51 ёшли мутахассис ўз хоҳиши билан БАА жамоасини тарк этишга қарор қилган.
«Ал-Айн» ОЧЛ 5-турида «Пахтакор»га қарши майдонга тушади. Ушбу ўйинда жамоани янги мураббий Эрнан Креспо тайёрлайди.
Мавзуга оид
17:00 / 02.11.2024
ОКМКнинг 75 йиллиги: Ўзбекистон саноат фахри бўлган комбинатда йирик ўзгаришлар
23:07 / 21.10.2024
ОЧЛ. «Пахтакор» Ироқда дуранг қайд этиб, 8-ўринда қолди
20:17 / 15.10.2024
Олмалиқда 4-мис бойитиш фабрикаси қурилиши бошланди
17:08 / 15.10.2024