Жаҳон | 10:21 / 09.11.2023
7200
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу: сулҳ гаровга олинганлар озод қилинганидан кейин бўлиши мумкин

Исроил бош вазири гаровга олинганлар озод қилинмасдан туриб, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ғоясини рад этди. Аввалроқ ОАВ сулҳ эвазига 15 исроилликни қайтариш бўйича музокаралар давом этаётгани ҳақида хабар берган эди.

Фото: Lior Mizrahi/ Getty Images

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш фақат бир шарт – Исроилга ҳужум чоғида ҲАМАС ташкилоти жангчилари томонидан гаровга олинганларни озод қилиш шарти билан рўй бериши мумкинлигини таъкидлади. «Биз ҳар томондан эшитаётган ҳар хил миш-мишларни рад этмоқчиман ва бир нарсани аниқ айтмоқчиман: сулҳ гаровга олинганлар озод қилингандан кейин бўлиши мумкин», деди 8 ноябр, чоршанба куни кечқурун Исроил ҳукумати раҳбари.

Шу билан бирга, у барча гаровга олинганларними ёки улардан фақат бир қисмини озод қилишни назарда тутганми, ноаниқлигича қолди. Аввалроқ ОАВда Ғазо секторида гаровга олинган 15 кишини озод қилиш эвазига ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар давом этаётгани ҳақида тасдиқланмаган хабарлар тарқалган эди. 

Бу иддаоларга жавобан ЦАҲАЛ матбуот котиби Даниэл Хагари шундай деди: «Биз ўзимизни адаштиришга йўл қўймаслигимиз керак. Оташкесим йўқ. Биз ҲАМАС билан курашяпмиз. Ҳеч қандай сулҳ бўлмайди». 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. 

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 10 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид