ЙҲХХ жарималарни юбораётган почта хизматига 37 млрд сўм қарзини тўламаган
“Ўзбекистон почтаси” йил бошидан буён йўл ҳаракати қоидабузарликлари бўйича салкам 9 миллионта жарима қарорини манзилига етказиб берган, лекин ЙҲХХ келишувда кўрсатилган маблағнинг 37,5 миллиард сўмини тўлаб бермаган. Суд ИИВ бошқармасига қарзни тўлаш мажбуриятини юклади. Бунинг фонида ҳайдовчилар жарима қарорини вақтида олмаётган ҳолатлар кўпайган.
Kun.uz ихтиёрига келиб тушган суд ҳужжатларига кўра, 2023 йил 20 октябр куни Тошкент туманлараро иқтисодий судида даъвогар “Ўзбекистон почтаси” АЖ ва жавобгар Ички ишлар вазирлиги ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ўртасидаги иқтисодий можаро кўриб чиқилган.
Почтачилар манфаатида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси даъвогар сифатида судга мурожаат қилган.
Суд ҳужжатларига кўра, шу йил 28 апрел куни “Ўзбекистон почтаси” ва ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси 1-сонли хизмат кўрсатиш шартномасини тузган. Лекин бошқарма шартномада кўрсатилган почта хизматлари учун тўловларни амалга ошириш борасидаги мажбуриятларини бажармаган.
Даъво аризага киритилган умумий сумма 37,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Маълум бўлишича, ИИВ расмийлари биринчи суд мажлисида қатнашиб, қарздорлик мавжудлигини тан олган ҳамда ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш ва судга қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Лекин охирги суд мажлисида қатнашмаган.
20 октябр куни бўлиб ўтган мажлисда суд даъвогар “Ўзбекистон почтаси” АЖ вакилларининг тушунтиришлари ва ишдаги мавжуд ҳужжатларга кўра, даъво аризасини қисман қаноатлантирган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, томонлар йўл ҳаракати қоидалари бузилгани бўйича жарималар қўллаш ҳақидаги қарорларини электрон шаклда тақдим қилиш ва хизматлар ҳақини тўлаш, ижрочи (даъвогар) эса бундай қарорларни қабул қилиш, чоп этиш, етказиб бериш ва етказиб берилгани бўйича ахборот алмашиш хизматларини кўрсатиш мажбуриятини олган.
Шу асосда тузилган шартнома ва қўшимча келишувлар шартларига асосан, ЙҲХХ томонидан 2023 йилнинг январ-сентябр ойларида жавобгарга жами 8 миллион 903 минг 443 дона маъмурий қарорлар бўйича хизматлар кўрсатилган. Умумий сумма 53 миллиард 420 миллион сўмдан ошади. Жавобгар эса бу хизматлар учун 15,9 миллиард сўм тўлайди. Қарздорлик 37,5 миллиард сўмдан (3 миллион доллар) ошади.
Почта ташкилотининг бу қарздорликни қоплашга доир талабномаси ҳам қондирилмаган. Суд даъво аризасининг асосий қарз ундириш тўғрисидаги талабини асосли деб ҳисоблайди ва уни тўлиқ қаноатлантиришни лозим топади. Шунингдек, даъвогарларнинг 2,2 миллиард сўмдан ортиқ пеня ундиришга доир талаби “неустойка” тўғрисидаги ёзма келишув бўлмагани учун қондирилмаган.
Бундан ташқари, суд қарори билан Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси ҳисобидан Республика бюджетига 750 миллион сўм, “Ўзбекистон почтаси” АЖ ҳисобидан эса 45,2 миллион сўм давлат божи ундириш белгиланган.
Томонларда ҳал қилув қарори устидан бир ойлик муддат ичида апелляция тартибида шикоят бериш (протест келтириш) ҳуқуқи мавжуд.
Куни-кеча “Севимли” телеканали ўтказган журналистик суриштирувда Самарқанд вилоятида кўплаб ҳайдовчилик қоидабузарлиги учун тузилган баённома асосида хабарларни вақтида олмаётгани айтилган эди. Натижада ҳайдовчилар жарималарни берилган имтиёзлар асосида тўлашга улгурмаяпти.
Мавзуга оид
15:10 / 13.12.2024
Онкологик касалликлар давоси ҳақида реклама жойлаштирган МЧЖ жаримага тортилди
14:47 / 04.12.2024
Германияда мактабга кечиккан ўқувчиларга жарима солиш бошланди
12:29 / 30.11.2024
Жамоат транспортига ажратилган йўлакдан ҳаракатланиш қоидаларини бузганлар учун жарима жорий қилинмоқда
21:56 / 26.11.2024