«Бу ҳарбий раҳбариятнинг аҳмоқлиги» — тақдирлаш вақтида зарбага учраган украин жангчилари
Украина қуролли кучларининг 128-бригадаси жангчилари фронт чизиғи яқинида — тақдирлаш маросими вақтида йўлланган зарба қурбонига айланди. The Washington Post омон қолганлар билан гаплашди.
Ноябр ойи бошларида Украина қуролли кучлари 128-алоҳида тоғ-штурм бригадаси жангчилари Запорижжя областидаги тақдирлаш маросими вақтида россияликлар зарбасига учради. 19 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланган. The Washington Post журналистлари омон қолганлар билан гаплашди. Ҳарбийлар маросим ташкил этилишини советларнинг Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги тарғибот филмлари кадрлари билан солиштирган ва тақдирлашни нима учун россияликларнинг ракеталари етиб кела оладиган ҳудудда — очиқ осмон остида ўтказишга қарор қилишганидан ажабланишган.
3 ноябр тонгида УҚК 128-алоҳида тоғ-штурм бригадаси жангчилари Запорижжя области Заречне посёлкасида Артиллерия куни шарафига медаллар топшириш маросимига йиғилади — бу фронт чизиғидан тахминан 30 километр ичкарида рўй берган. The Washington Post нашри қайд этишича, Украина ҳукумати ҳарбий хизматчиларнинг жанговар руҳини кўтариш учун фойдаланадиган бундай маросимлар советлар даврининг ҳарбий анъаналарини давом эттириш ҳисобланади.
«Совет даври қайтди, — деган 128-бригаданинг журналистлар билан аноним шартида гаплашган ҳарбий хизматчиларидан бири. — Бу Россиянинг Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги пропаганда филмларини эслатади».
Россия армияси соат эрталаб 10 атрофида — тақдирлаш маросими бошланганидан 10 дақиқа ўтиб зарба йўллаган. Бу ерда бир ёки икки ракета портлаган. Украина ҚК маълумотига кўра, бу «Искандер-М» ракетаси бўлган. Камида 19 нафар ҳарбий хизматчи, жумладан бир неча офицерлар ҳам ҳалок бўлган. Яна ўнлаб ҳарбийлар жароҳат олган.
Ҳодиса ҳақидаги хабар украин нашрларида 4 ноябр куни кечқурун пайдо бўла бошлади. The Washington Post суҳбатдошларидан бирининг тасдиқлашича, агар ҳарбийларнинг қариндошлари ижтимоий тармоқларда «шовқин кўтармаганида», бу воқеа ҳақида «ҳеч ким билмай қолган ҳам бўларди».
Кўп ўтмай Украина мудофаа вазири Рустем Умеров ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди ва «фожиа»нинг барча тафсилотларини синчковлик билан текширишга топшириқ берди, аммо айнан нима рўй берганига тўхталмади. Кейинги куни 128-бригаданинг асосий базаси жойлашган Карпаторти области раҳбари Виктор Микита қурбонлар хотирасига уч кун мотам эълон қилди. Кейин бригаданинг ўзи ҳам Запорижжя областида россияликлар ракета зарбаси оқибатида ҳарбийлари ҳалок бўлганини тасдиқлади.
Қанча ҳарбий ҳалок бўлиб, қанчаси яралангани аниқ эмас. Бригаданинг ўзида 19 нафар ҳарбий хизматчининг ўлими тасдиқланган. Украина Олий радаси депутати Олексий Кучеренко 28 қурбон ва 53 ярадор ҳақида хабар берганди. The Washington Post билан суҳбатда бригада ҳарбий хизматчиларидан бири 21 нафар қуролдоши ўлими ҳақида айтган. «Зарба вақтида қанча одам яралангани ёки ҳалок бўлганини аниқ айтиш қийин. Отишмадан кейин 21 жасад саналганди. Ҳоспиталдагиларнинг барчаси яшаб кетгани номаълум», — деган у.
Одатда тақдирлаш маросимлари яхши ҳимояланган бункерда ёки траншеяда ўтказилади. Уларда тахминан 30 киши қатнашади. 3 ноябр кунги маросим эса, The Washington Post суҳбатдошларига кўра, очиқ жойда ўтказилган ва унда 100 га яқин киши, жумладан медал олиши керак бўлмаганлар ҳам иштирок этган.
«Улар барча бўлинмадан одам йиғишди — энг яхшиларни, — дейди украин ҳарбийларидан бири. — [Тақдирланувчилар] рўйхатида 43 киши номи қайд этилган. Аммо аслида тўпланган одамлар кўпроқ эди».
Бригаданинг бошқа бир жангчиси журналистларга маросим ўтказиладиган жой «доимо баллистик ракеталар ва узоқ масофадан учиб келадиган бошқа ҳамма нарсанинг ҳаракатланиш ҳудудида бўлгани»ни айтган. Нашрнинг қайд этишича, ракета маросим ўтаётган ҳовлига келиб урилган, шунингдек бино олдидан ўтган йўлга шикаст етказган.
Украин нашрлари бригададаги манбасига таяниб, зарба мўлжалдан оғиб кетиб, йиғилиш ўтаётган жой ортидаги бинога келгани, шу туфайли айрим ҳарбийлар уй девори ортида жон сақлаш имконига эга бўлганини хабар қилган.
Иштирокчиларнинг кўпчилиги бошидан жароҳат олган, чунки улар маросимга дубулғасиз келишган. «Тиббиёт ходимлари уруш бошланганидан буён бунақа ҳолатга гувоҳ бўлмаганини айтишди», — дея қўшимча қилган ҳарбийлардан бири.
Украина президенти Володимир Зеленский урушнинг 620-куни якунлари бўйича қилган видеомурожаатида 128-штурм бригадаси ҳалокати факти бўйича жиноий иш очилганини маълум қилди. «Бу қутулиб қолиш мумкин бўлган фожиа эди. Асосийси — ҳодиса ҳақида тўлиқ ҳақиқатни аниқлаш ва бундай ҳолатлар такрорланишига йўл қўймаслик», — дея қўшимча қилган украинлар президенти.
Кейинги куни Давлат тергов бюроси ҳарбий хизматчининг хизматга совуққон муносабати туфайли ҳарбийлар ва тинч аҳоли вакилларининг ўлими ҳолати юзага келиши ҳақидаги модда (Украина ЖК 425-моддаси, 4-қисми) бўйича текширув ўтказилаётганини маълум қилган. Идора шунингдек маросимни ташкиллаштирган ҳарбий амалдорларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ички текширув ўтказилаётганини хабар қилган.
6 ноябр куни Зеленский 128-бригада командири Дмитро Лисюк хизмат текшируви вақтида вазифасидан четлатилганини маълум қилди. «Бутун вазият дақиқама дақиқа ўрганилади. Ва душман авиаразведкаси ҳаракатланадиган ҳудудда одамлар хавфсизлиги қоидаларини айнан ким бузгани аниқланади. Ҳеч ким жавобгарликдан қоча олмайди», — дея ваъда берган Украина президенти.
The Washington Post билан гаплашган ҳарбийларнинг фикрича, асосий савол россиялик ҳарбийлар тақдирлаш маросими ўтказиладиган жой ва вақтини қандай билгани билан боғлиқ. «Ҳозирча айнан нима бўлгани аниқ эмас, — ёки маҳаллий аҳоли вакилларидан кимдир қўнғироқ қилган ва кўпчилик йиғилаётгани тўғрисида хабар берган, ёки бригаданинг ички штабидан маълумот сизиб чиққан», — деган жангчилардан бири.
У бундай зарбани олдиндан тайёргарлик кўрмасдан режалаштириш имконсиз эканини қайд этган: «Икки ёки 15 дақиқада ракета учирилмайди. Рақиб бирор жойга ракета йўналтирар экан, у бу ерда раҳбариятнинг кўплаб аъзолари борлигини билади ва кучли зарба берилади». Шу билан бирга, украин нашрлари ва россияликларнинг ҳарбий телеграм-каналлари қўшин 128-бригада ҳарбийларини дрон орқали кузатгани ва у ракета зарбасини йўналтирганини ёзишган.
Бошқа бир ҳарбий хизматчининг айтишича, бригада жангчилари бригада командири Лисюк тақдирлаш маросимига кеч қолаётганига қарамасдан маросимни бошқа жойга кўчирмагани учун «қўмондонликдан ғазабда». Украин нашри маълумотига кўра, маросим эрталабки соат 9:00 да бошланиши режалаштирилган, аммо кейин соат 9:30 га кўчирилган. Бу вақтда ҳарбийлар сафга тизилган ва Лисюкни кутиб туришган, у эса «зарба берилганидан икки дақиқа ўтганида етиб келган».
«Улар [қўмондонлик] барчани бошқа жойга кўчириш ёки қандайдир бошпанага олиб киришга буйруқ бериши мумкин эди. Барчани хавфсиз жойга олиб ўтиш ва ўша ерда маросимни ўтказиш мумкин эди. Нега бундай қилинмаганини билмайман. Бу шунчаки ҳарбий раҳбариятнинг аҳмоқлиги», — дея қўшимча қилган украиналик ҳарбий.
128-бригаданинг The Washington Post билан гаплашган бошқа бир жангчиси советча маросимларни ўтказиш амалиётига чек қўйиш лозимлигини таъкидлайди. «Аскарлар ва зобитлар бундай йўл тутилмаслиги ва яна барчаси такрорланишидан хавотирда», — деган у.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024