Жаҳон | 10:52 / 12.11.2023
31643
17 дақиқада ўқилади

Эйфел минорасини сотган фирибгар – тарихдаги энг машҳур алдовлар

Машҳур фирибгарлар тарихига назар ташласангиз, эҳҳе, улар нималар қилишмаган? Бири Эйфелни сотмоқчи бўлган, иккинчиси дунёга машҳур Лувр музейи мутасаддиларини алдаган. Бошқаси эса чек ва турли банкнотларни аслидан фарқ қилмайдиган тарзда ясаб тарқатган. Ушбу материалда яқин тарихда содир этилган энг машҳур фирибгарликлар баён қилинган.

Одамлар осон пул топиш учун нималар қилишмайди: ўғрилик, фирибгарлик, товламачилик, талончилик ва босқинчилик. Шулар орасида энг кўп тарқалгани фирибгарлик ҳисобланади.

Ҳар йили Ер юзи бўйлаб миллионлаб инсонлар турли фирибгарликлар қурбони бўлади ва пулларидан, ер-мулкларидан айрилади.

Масалан, 2022 йилда Ер юзида биргина телефон орқали содир этилган фирибгарликлар туфайли одамлар 53 млрд доллар пулларидан айрилган.

Аксарият ҳолларда айримлар учун фирибгарлик нафақат пул топиш усули, балки ҳаёт тарзига айланади. Таниқли даллоллар ва саргузашт изловчилар маҳорат билан исм-шарифларини, касбларини ва таржимаи ҳолларини ўзгартиришади.

Агар фирибгар қанчалик маҳоратли ва иқтидорли бўлса, шунчалик катта таваккалга қўл уради ва машҳурроқ одамларни алдаб кетади. Катта компанияларни, ҳатто шаҳар аҳлини ҳам алдаб, чув тушириб кетиши мумкин.

Тарихда бундай ҳодисалар кўп бўлган. Машҳур фирибгарлардан бири Эйфел минорасини сотувга қўйган, бошқаси шахсан Бенито Муссолинини алдаган. Қуйида жуда шов-шув бўлган машҳур фирибгарликлар ҳақида сўз юритамиз.

Виктор Люстиг – Эйфел минорасини сотган фирибгар

Виктор Люстиг ўзининг биринчи фирибгарлигини 1910 йилда, 20 ёшида қилган. У харидорга ўзи ясаган сохта юз долларлик пулни чоп этишга мўлжалланган ихчам ускунани кўрсатиб, роса мақтайди.

Сўнг ундан 100 долларлик пулни чиқариб кўрсатади ва ускуна ҳар олти соатда битта банкнот чиқаришини айтади. Муваффақиятли намойишдан сўнг битим тузилади. Люстиг 30 минг доллар олади, мижоз эса мўъжизавий ускунани. Фирибгар қўлга тушиб қолмаслик учун дарҳол харидорнинг олдидан кетади.

Ускуна ҳеч қандай доллар чиқармас, у ҳатто қоғозга нақш ҳам туширмасди. Виктор чиқариб кўрсатган доллар ҳақиқий бўлиб, фирибгар уни ускуна ичига олдиндан жойлаб қўйганди.

Люстиг энг машҳур фирибгарлигини 1925 йилда, Парижда Эйфел минорасида навбатдаги таъмирлаш ишлари олиб борилаётганда амалга оширган.

Эйфелнинг атрофи ўраб қўйилганидан фойдаланган Люстиг минорага масъул бўлган почта ва телеграф вазирлигининг юқори мансабдор шахси номидан сохта ҳужжатлар тайёрлаб, бешта йирик темирфурушга таклифнома жўнатади.

Улардан бири билан учрашув чоғида фирибгар тадбиркорга Эйфел минораси яроқсиз ҳолга келиб, Париж аҳолиси ва унинг меҳмонлари учун хавф туғдираётганини, шу боис шаҳар ҳокимияти уни йўқ қилишга қарор қилганини айтади.

Бу иш жамоатчилик норозилигига учраши мумкинлиги сабабли, минорани бузиш шартномаси бўйича ёпиқ аукцион ўтказиш ҳуқуқига эгалигини таъкидлайди. Лаққа тушган харидор Люстигга 250 минг франкка чек ёзиб беради. Фирибгар дарҳол пулни нақдлаштириб, мамлакатдан қочиб кетади.

Вилгелм Фойгт – шаҳар ҳокимиятини эгаллаб олган сохта офицер

1906 йилда ишсиз қолган Вилгелм Фойгт Берлинга туташ Кёпеник шаҳарчасида Пруссия армияси капитанининг кийимини сотиб олади ва маҳаллий казармага боради.

Вилгелм у ерда тўрт нафар ҳарбийни учратади ва уларга бургомистер ва ғазначини ҳибсга олиш учун ўзи билан бирга шаҳарча маъмуриятига боришни буюради.

Аскарлар офицерга бўйсунмасликка журъат эта олмайди ва унга эргашишади. Вилгелм шаҳарча маъмурияти биносига кириб, бургомистер ва ғазначи давлат маблағларини ўзлаштиргани учун ҳибсга олинишини эълон қилади.

Фирибгар у ердаги барча пулларни ашёвий далил сифатида мусодара қилинишини айтиб, уларни олади. Сўнг аскарларга иккала маҳбусни қўриқлашни буюриб, ўзи вокзалга боради ва шаҳарчадан қочиб кетади.

Вилгелмни 10 кундан кейин ушлашади ва 4 йилга озодликдан маҳрум қилишади. Орадан икки йил ўтиб, фирибгарнинг бу иши император Вилгелм I нинг қулоғига етади.

Шунда император оддий бир фирибгарнинг дадиллигидан ҳайратга тушади ва алоҳида фармон чиқариб, уни озод қилади. Шундан сўнг фирибгар Европа ва Америкада машҳур шахсга айланади.

1909 йилда Вилгелм бу ҳайратланарли воқеа ҳақида асар ёзиб чоп эттиради. Кўп ўтмай ҳодиса ҳақида филм суратга олинади ва спектакл саҳналаштирилади. Шу тариқа Вилгелм бойиб кетади ва фирибгарлик қилишга ҳожат қолмайди.

Бугунги кунда, Кёпеник шаҳар маъмурияти биноси олдидаги зинапояда «афсонавий капитан»нинг бронза ҳайкали ўрнатилган. Шунингдек, Лондондаги Мадам Тюссо музейига унинг мумдан ясалган ҳайкали қўйилган.

Жозеф Уэйл – Муссолинини алдаган фирибгар

Жозеф Уэйл XX асрнинг жуда машҳур фирибгари эди. У ҳатто «фирибгарлар қироли» деб лақаб олганди. Бир куни Жозеф банклардан бири янги жойга кўчиб ўтаётганини эшитиб қолади.

У бундан фойдаланиб қолиш учун дарҳол бўш бинони ижарага олади. Сўнг бир гуруҳ сохта ходимларни ишга қабул қилади. Сохта мижозлар ёллайди ва банк фаолиятини бошлайди.

Ўша куннинг ўзидаёқ банк арзон нархда ер участкасини сотиши ҳақида эълон беради. Буларнинг барчаси маҳаллий бойлардан бирини тузоққа тушириш учун қилинаётганди.

Режа иш беради ва миллионер тузоққа тушади. У банкка кириб келганда бир муддат Жозефни кутиб қолади ва кассалар олдидаги навбатларни, қоғоз уюмларини кўтарган ходимларни, қўриқчиларни кузатади, барчаси рисоладагидек.

Банк эгаси ролини ўйнаётган Жозеф бой мижозни чарчаган ва норози ҳолда кутиб олади. Бироз ўтиб келишув имзоланади ва бой ер учун пулларни тўлайди. Унга ернинг ҳужжатларини беришади.

Мижоз чиқиб кетгандан сўнг Жозеф барчага жавоб бериб юборади ва бинони бўшатиб чиқиб кетади.

Эртаси куни ўша кўчадан ўтаётган бой кеча ўзи кирган банк биносида ҳеч ким кўринмаётганидан шубҳага тушади. Шунда у фирибгарга чув тушганини, қўлидаги ҳужжатлар сохта эканини билади.

Қизиғи шундаки, Жозеф ўз даврида Италия фашизмининг отаси, мамлакатни 20 йил (1925-1945) бошқарган Бенито Муссолинини ҳам чув туширганди.

Жозеф бир марта АҚШнинг Колорадо штатидаги конларни ўзлаштириш ҳуқуқини сотиш ҳақида эълон берганда, уларни Бенито Муссолини ҳам сотиб олади.

Италия махсус хизмати ходимлари Жозефнинг бу фирибгарлигини фош қилганда у 2 миллион доллар билан қочиб кетишга муваффақ бўлади.

Жозеф фаолияти давомида бир неча марта қамалиб чиқади. У узоқ умр кўради ва 1976 йилда 101 ёшида вафот этади.

Фрэнк Абигнейл – ФҚБни ҳам доғда қолдирган фирибгар

Фрэнк Абигнейл қалбаки чекларни ясай бошлаганида 16 ёшда эди. Кейинчалик сохта чекларни ясаб тарқатиш унинг одатий ишига айланади.

Абигнейл Pan American учувчисининг сохта гувоҳномаси махсус формасини қўлга киритади ва авиакомпания самолётларида дунё бўйлаб текинга уча бошлайди. У қаерга борса, ўша ерда сохта чекларни нақд пулларга алмаштириб олаверади.

Шу тариқа Фрэнк ясаган 2,5 миллион долларлик сохта чеклар дунё бўйлаб тарқалиб кетади, 26 та давлатда муомалада бўлади. Йигитда ҳеч қандай диплом йўқ эди. Шундай бўлса ҳам у сохта диплом билан шифохонада ишлайди, прокурор ёрдамчиси бўлади. Охир-оқибат ФҚБ Фрэнкни ушлашга муваффақ бўлади.

1971 йилда Виржиния штати Олий суди Абигнейлни 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилади. Шунда ФҚБ сохта чек ва пулларни аниқлашда ноёб истеъдод эгаси бўлган Абигнейлга ҳамкорлик таклиф этади.

Ҳамкорликнинг шарти шу эдики, Абигнейл сохта чекларни аниқлашда ФҚБга кўмаклашади. Бунинг эвазига улар Фрэнкнинг қамоқдан муддатидан олдин чиқишига ёрдам беришади.

Абигнейл қамоқ муддатининг тўртдан бирини ўтагач ФҚБ кафиллиги остида озод қилинади. Шундан сўнг уни Бюрога ишга олишади. Фрэнкни таъқиб қилиб ҳибсга олган агент кейинчалик унинг энг яқин дўстига айланади.

Кейинчалик Абигнейл ҳақида Ҳолливудда филм суратга олинади. Филмни машҳур режиссёр Стивен Спилберг суратга олган ва унда бош ролларни Ҳолливуд юлдузлари Леонардо ди Каприо ва Том Ҳенкс ижро этган.

«Тутқич бермас фирибгар» деб номланган мазкур филм иккита Оскар мукофотини қўлга киритган ва ижодкорларига жуда катта маблағ ишлаб берган.

Фердинанд Демара – тиббий маълумотга эга бўлмаган истеъдодли шифокор

1950-1953 йилларда бўлиб ўтган Корея яриморолидаги фуқаролар уруши пайтида Канаданинг «Каюга» эсминеци бортига ўнлаб ярадор аскарлар олиб чиқилади.

Ярадорларнинг барчасини кема шифокори Жозеф Кайр операция қилади ва улар тузалиб кетишади. Ўшанда Жозеф амалга оширган энг қийин операциялардан бири – кўкрак қафасидан ўқни олиб ташлаш – ҳатто Канаданинг ихтисослашган журналига киритилади. Бу катта жанжалнинг бошланиши эди.

Маълум бўлишича, шифокор Кайр сохта исм-шариф билан ҳарбий-денгиз флотига қўшилган ва у қалбаки ҳужжатларда кўрсатилгандек Канада фуқароси эмас, балки америкалик Фердинанд Демара бўлган.

Энг ҳайратланарлиси, бу шахснинг тиббиётга умуман алоқаси йўқ эди. Фош бўлганидан сўнг Демара кучли хотира соҳиби экани ва катта ҳажмдаги матнни сўзма-сўз эслаб қолиш қобилиятига эгалигини айтади.

Маълум бўлишича, Демара ҳар бир операциядан олдин жарроҳлик бўйича дарсликнинг тегишли бўлимини ўрганган.

Айтганча, шифокорлик Фердинанд Демара ўзини синаб кўрган ягона касб эмас. У ҳаёти давомида қурилиш муҳандиси, шериф ўринбосари, қамоқхона назоратчиси, психология фанлари доктори, адвокат, болаларни ҳимоя қилиш хизмати эксперти, жарроҳ ва ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Турли ишларда ишлар экан у моддий манфаатдорлик учун бундай қилмаган. Фирибгарни фақат ижтимоий мавқе қизиқтирган.

Мэри Бейкер – Карабу маликаси

Яна бир машҳур фирибгар Мэри Бейкер ҳам моддий манфаатларни кўзламасди. У 1817 йилда экзотик кийимда, бошида салла билан Англиянинг Глостершир графлигида пайдо бўлади.

Мэри дарахтларга чиқади, ғалати қўшиқлар куйлайди. Қиз англияликларга нотаниш тилда гапирарди. Аввалига барчага нотаниш бўлган бу қиз ҳар жойда яшаб юради.

Кунларнинг бирида португалиялик денгизчи Мануэл Эйнессо унинг нутқини тушунаётганини айтади. Денгизчининг айтишича, қиз Ҳинд океанида жойлашган орол маликаси Карабу. У қароқчилар томонидан асирга олинган. Қароқчиларнинг кемаси ҳалокатга учрагач, қиз қочиб қутулишга муваффақ бўлган.

Бу янгилик глостерширликларнинг нотаниш қизга бўлган қизиқишларини оширади. Бироқ унинг расми маҳаллий газетада пайдо бўлгандан сўнг, бир аёл аслида этикдўзнинг қизи бўлган Мэрини таниб қолади.

Суд ёлғончини жазо сифатида Филаделфияга юборади. Аммо Мэри у ерда ҳам одамларни сирли малика ҳақидаги ҳикояси билан алдамоқчи бўлади. Кейинчалик Бейкернинг таржимаи ҳоли ҳақида «Малика Карабу» филми суратга олинади.

Сергей Мавроди – колиявий пирамида асосчиси

1993 йилда Сергей Мавроди томонидан ташкил этилган МММ кооперативи қимматли қоғозларни чиқарди. Кўп ўтмай кооператив 10-15 миллион кишини жалб этади ва Россия тарихидаги энг йирик молиявий пирамидага айланади.

Энг авжига чиққан пайтда МММга жалб этилган депозитлар миқдори мамлакат жами бюджетининг учдан бир қисмини ташкил этади.

1994 йил 4 августига келиб МММ акциялари нархи ўзининг дастлабки қийматидан 127 марта ошади. Баъзи экспертларнинг фикрича, ўша пайтда Сергей Мавроди биргина Москва шаҳрининг ўзида кунига тахминан 50 миллион доллар ишлаб топган.

Пирамида қулаганида миллионлаб одамлар ўз жамғармаларидан маҳрум бўлишади. Турли ҳисоб-китобларга кўра, Мавроди етказган зарарнинг умумий миқдори 110 миллион доллардан 80 миллиард долларгача эди.

Мавроди аввалига ўзини Россиядан қочиб кетгандай кўрсатиб яширинади. У интерпол томонидан қидирилаётганда ҳам Stock Generation номли виртуал молиявий пирамида ташкил этиб, одамларнинг пулларини ўзлаштириш билан банд эди.

2003 йилда Мавроди ушланади. 2007 йилда Москва шаҳридаги судлардан бири уни 4,5 йилга озодликдан маҳрум этади. Фирибгар 2018 йилда Москва кўчаларидан бирида юрак хуружи туфайли вафот этади.

Гохманлар – Лувр музейини алдаган ака-ука

Ака-ука Гохманлар XIX асрда Одессада яшаган. Улар кўпинч тарихий осори-атиқалар билан бирга сохта нарсаларни ҳам сотадиган дўконга эгалик қилган.

Гохманлар катта пулни орзу қилишарди, шу мақсадда улар ҳақиқатан ҳам мисли кўрилмаган тадбирни ташкил этишга қарор қилишади. 1896 йилда улар оддий тожни Лувр музейига скиф қироли Сайтафарнанинг ноёб тожи деб 200 минг франкка пуллашади.

Етти йил давомида бутун дунёдан кўплаб одамлар Парижга ушбу мўъжизани кўриш учун келади. Саккизинчи йилда рассом ва ҳайкалтарош Эллин Маенс тожнинг сохталигини фош қилади. Шундай бўлса-да, ака-ука фирибгарларни жавобгарликка тортишнинг иложи бўлмайди.

Павел Шпейер – Москва генерал-губернаторининг уйини сотган фирибгар

Россия тарихидаги энг шов-шувли фирибгарлик XIX асрнинг иккинчи ярмида содир бўлган. 1867 йилда Павел Шпейер бошчилигида фирибгарлар гуруҳи ташкил этилган.

Улар бир неча йил давомида кўплаб фирибгарликларни содир этишади. Охир-оқибат Шпейер кимсан Москва генерал-губернаторини ҳам алдагач гуруҳнинг барча аъзолари ушланиб, жазоланади.

Фирибгарликлар ортидан яхши даромад қилган ва аслзодалардай юрган Шпейер Москва генерал-губернатори княз Владимир Долгоруковнинг ишончига киради ва унинг дўстига айланади.

Кунларнинг бирида фирибгар «дўсти»дан яшаб турган қўрғонини бир кунга бериб туришни сўрайди. Генерал хурсандчилик билан рози бўлади ва оиласи билан дам олишга шаҳар ташқарисига чиқиб кетади.

Шундан сўнг Шпейер генералнинг қўрғонини бироз аввал танишган инглиз лордига ўз уйи деб кўрсатади ва катта миқдордаги пулга сотади.

Бир неча кундан сўнг генерал дам олишдан қайтиб, номаълум шахс хизматкорлари билан бирга уйига нарсаларни тушираётгани устидан чиқади. Маълум бўлишича, Шпейер қўрғонни унга 100 000 рублга сотган.

Нотариус томонидан берилган олди-сотди ҳужжати қалбаки бўлиб чиқади. Ҳужжатни берган нотариусни эса топиб бўлмайди.

Генерал-губернатор фирибгардан қаттиқ қасос олишга аҳд қилади. 1875 йилда гуруҳнинг деярли барча аъзолари ҳибсга олиниб, жазога тортилади. Қизиғи, судланган 48 фирибгардан 36 нафари зодагонларга мансуб эди.

Асосий ташкилотчилар сургун қилинади, ижрочилар турли муддатларга қамалади. Бир нечтаси катта жарималар билан қутулиб қолди. Ўшанда Шпейер қочиб кетади ва уни тутишнинг иложи бўлмайди.

Савин–Граф де Тулуза-Латрек – Россия ҳукумати вакили

XX аср бошларида Россия армияси офицери Николай Савин Сан-Францискога боради ва энг яхши меҳмонхонадан жой олиб, ўзини ҳаммага граф де Тулуза-Латрек деб таништиради.

У маҳаллий газеталарга интервю беради, АҚШга Россия ҳукуматининг топшириғи билан Транс-Сибир темирйўли қурилиши учун Америкадан ҳамкор топиш мақсадида келганини айтади.

Фирибгарнинг ёлғонларига лаққа тушган бир неча тадбиркор сохта графнинг қабулига кириш учун навбатда туради. Унга қимматбаҳо совғалар беришади.

Калифорния бўйлаб саёҳат қилиб анча пул йиғиб олганидан сўнг сохта граф Россия ҳукумати билан ҳамкорлик қилмоқчи бўлган тадбиркорларни доғда қолдириб, ғойиб бўлди.

Кўп ўтмай Савин Римда пайдо бўлади. Бу ерда Италия Мудофаа вазирлиги қуролли кучлар учун кўп от сотиб олиш ҳақида эълон берганди. Фирибгар дарҳол йилқичилик билан шуғулланувчи йирик рус чорвачиси ролига киради.

Сўнг у Мудофаа вазирлиги билан отларни етказиб бериш бўйича муваффақиятли шартнома тузади ва аванс учун берилган йирик миқдордаги пулларни олиб қочиб кетади.

Болгария пойтахтида у Николай I нинг ўғли Буюк герцог Константин Николаевич ролини ҳам қойиллатиб ўйнайди. Фирибгар жуда ишонарли тарзда герцогнинг қиёфасига кирган эди.

Унга совға-саломлар беришар, ҳар куни зиёфатларга таклиф этишарди. Бироқ София шаҳридаги сартарош герцогнинг сочини кесаётиб, уни фош қилиб қўяди. Фирибгар у ердан ҳам қочишга мажбур бўлади.

Савиннинг яна бир машҳур фирибгарлиги Санкт-Петербургдаги Қишки саройни бой америкаликка сотиш бўлган. Бу иш ҳам муваффақиятли амалга ошган ва фирибгар анча маблағ ишлаб олган.

Америкалик чув тушганини билганида 1917 йилдаги феврал инқилоби содир бўлган, мамлакатда юз бераётан талaтўплар туфайли уни эшитадиган одам йўқ эди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид