Иккинчи Бахмут. Украина Авдийивкани ушлаб туришидан маъно борми?
Авдийивка учун жанглар авж паллага кирди. Россия қўшини Донецк областидаги ушбу шаҳар атрофидаги «қисқич»ни торайтирмоқда ва уни мудофаа қилаётган украин гуруҳини қуршовга олишга ҳаракат қилмоқда. Бундай вазиятда Украина қуролли кучлари қандай йўл тутиши керак?
Урушга қадар 30 мингга яқин киши яшаган ушбу кичик саноат шаҳри бўлган Авдийивканинг қанотларига Россия армиясининг ҳужуми 10 октябр куни бошланганди.
Украина томони маълумотларига кўра, Россиянинг қарийб 40 минг кишидан иборат қўшини бир вақтнинг ўзида шимол ва жанубдаги қанотларга босим қилиб, шаҳар таъминот йўлларини кесиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.
Авдийивка — Донецк чеккасидаги шаҳар бўлиб, ҳарбий ҳаракатларнинг 9 йили давомида Украина томони бу ерда кучли мудофаа чизиғини ташкил этган. Россия армияси уни бир ҳамлада эгаллай олмагач, ўтган ойда шаҳарни авиация зарбалари орқали вайрон қилиб, кейин пиёдалар билан штурм қилишга ўтди.
Украина қўмондонлиги Россия армияси штурмнинг илк ҳафтасида катта йўқотишларга учраганини маълум қилди. Авдийивка шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Барабаш октябр ойи охирига келиб бу миқдор 6,5 минг киши атрофида эканини айтди. Штурм бошланганига бир ой тўлганида, 10 ноябр куни Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия армияси бу ерда 10 минг кишидан айрилгани, шунингдек, бир ой давомида украин ҳарбийлари россияликларнинг 100 дан ортиқ танкини, бошқа турдаги 250 та зирҳли машиналари, 50 та артиллерия қурилмасини йўқ қилгани ҳақида хабар берди. Буюк Британия мудофаа вазирлиги ҳам ноябр ойи бошида Россиянинг ушбу шаҳар учун жанглардаги йўқотишлари минглаб экани, 200 дан ортиқ зирҳли техникаларини йўқотгани ҳақида маълум қилганди. Аммо бу йўқотишлар Кремлни шаҳарни эгаллаш режасидан воз кечишга ундай олмаяпти.
Авдийивкадаги ҳозирги вазият қандай?
Ноябр ойи бошигача Россия армияси иккита ҳужум тўлқинини амалга оширди. Россиялик ҳарбийлар Авдийивкадан шимолда бир неча километрга илгарилаб, маҳаллий кокс кимё заводига яқинлашди, шунингдек жанубда — Водянедан Тоненке посёлкаси томон ҳаракатланган.
Асосий мақсад — Украина қуролли кучлари таъминот йўлини Орловка, Семеновка ва Бердичи посёлкалари ҳудудида кесиб қўйишдир.
Украина ҚК Бош штаби хабарига кўра, 7 ноябр кунининг ўзида Авдийивка атрофида рақибнинг 14 ҳужуми қайтарилган.
Виталий Барабашнинг қайд этишича, сўнгги кунларда об-ҳаво ноқулайлиги туфайли Россия қўшини ўз фаоллигини бир неча бор пасайтиришга мажбур бўлган — тупроқ ёмғирлардан балчиққа айланган ва бу зирҳли техникалар ҳаракатига халал бермоқда. Аммо россияликлар бу вақтдан қайта гуруҳланиш ва навбатдаги, учинчи штурмга тайёрланиш учун фойдаланмоқда.
«Учинчи тўлқин бўлиши аниқ, штурмларнинг иккинчи тўлқини ҳам муваффақиятсиз чиққанидан кейин душман қайта гуруҳланмоқда, ҳам техникалар, ҳам шахсий таркибдан иборат захираларни олиб келмоқда», — дея қайд этган Барабаш телемарафон эфирида.
«Ахборий қаршилик» гуруҳи ҳарбий шарҳловчиси полковник Константин Машовец ҳам Россия захиралари Авдийивка яқинига келтирилгани ҳамда ҳужумларнинг янги тўлқинига тайёргарлик тўғрисида гапирган.
Бу йўналишга яна битта танк полки олиб келинган (таҳлилчининг фикрича, унинг таркибида 32 танк ва 1,6 минг аскар бор). Шу туфайли тўқнашувлар кетаётган кичик ҳудудда Россиянинг бирданига иккита танк полки ҳаракатланади.
Ҳарбий шарҳловчининг сўзларига кўра, Россия қўшини сўнгги кунларда шимолий қанотда Степне посёлкаси томон илгарилашга муваффақ бўлган, шунингдек Авдийивка кокс киё заводи яқинидаги темирйўл линиясини кесиб ўтган. Корхона ҳудуди украин жангчилари томонидан мудофаа қилинмоқда, аммо россияликлар штурмни давом эттирмоқда.
Жануби-шарқий қанотда Россия қўшини «Царская охота» ресторан ва меҳмонхоналар комплекси томон юришга уринмоқда, жанубда эса Опитне ва Тоненке посёлкалари йўналишида ҳужум қилинмоқда.
Авдийивка атрофига янги кучлар ташланиши шундан дарак берадики, Кремл бу шаҳарни эгаллашни устувор вазифа деб ҳисоблашда давом этмоқда, дея қайд этади «Ахборий қаршилик» координатори.
«Душман бу ерга янги куч ва воситаларни улар шунчаки Донецк атрофида „сайр қилиши“ учун ташлаётгани йўқ. Бу яққол кўриниб турибди», — дейди эксперт.
Ушлаб туриш керакми ёки чекиниш?
Ноябр ойи бошидаги ҳолатга кўра, Россия қўшинлари жанубий ва шимолий қанотларида Украина мудофаасига 10 км масофада илгарилаган. Яъни украин гарнизони чуқур «қоп» ичида қолмоқда ва икки томондан сиқиб келинмоқда.
Ва бунинг барчаси деярли барча нуқталари артиллерия нишонида турадиган кичик шаҳар атрофидаги ҳудудда рўй бермоқда. Бундай «қисилиш» ва шахсий таркиб ҳамда техникаларнинг тиғиз тўпланиши Украина қуролли кучлари учун катта хавф туғдиради, деган BBC учун интервюсида ҳарбий тарихчи Михайло Жирохов.
«У ерда вазият оғир, айниқса масофа қисқа экани инобатга олинса. "Қисқич"нинг шимолий ва жанубий чеккалари ўртасидаги масофа 4-5 км. Бу жуда-жуда кам, — дейди эксперт ва бу гапини изоҳлаган. — Агар, масалан, Запорижжя ёки Херсон областининг қаеридадир бирор ўрмонзордаги позиция бой берилса — бу ёмон, аммо ҳалокатли даражада эмас, Авдийивка атрофида эса ҳатто 100-200 м масофадаги битта илгарилаш ҳам жуда ва жуда муҳим».
Россия қўшинларида шундай илгарилаш давом этаётгани туфайли Украинадагилар гарнизонни Авдийивкадан олиб чиқиш лозим деб ҳисобламоқда. Бу чора шаҳарда ярим қуршов шароитида ҳар кунги ҳужумларни қайтариб турган яхши ўқитилган ва тажрибали жангчилардан иборат бўлинмаларни сақлаб қолиши мумкин.
«Нима муҳимлигини тушуниш лозим: ҳарбий жиҳатдан аҳамиятсиз бўлган бир парча ерни ушлаб туриш ёки мудофаанинг иккинчи линиясига чекиниб, захираларни тўплаш ва қанотлар бўйлаб кучли қарши зарба бериш. Буни фақат Залужний ва УКҚ бош штаби ҳал қилади», — дейди Жирохов.
Разумков марказининг ташқи сиёсат ва халқаро хавфсизлик дастури директорларидан бири, подполковник Олексий Мелник ҳам бу фикрга қўшилган. Унинг сўзларига кўра, Авдийивка бўйича қарор қабул қилиш учун фронтдаги воқеалар ҳамда қўмондонликнинг стратегик режалари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш керак:
«Харитага қараганда ва нуфузли манбалардан олинган қисқача маълумотларни ўқиганда, маълум хулосалар чиқариш мумкин. Аммо бу ерда умумий стратегик контекстни, хусусан, Авдийивка мудофааси умумий стратегияга қандай мос келишини тушунмасдан оддий ечим қабул қилиш хавфи мавжуд».
Шу маънода Авдийивка мудофааси Бахмут мудофаасига ўхшаш. Украина қўшини Бахмутни ҳам ярим қуршов ҳолатида, россияликларнинг штурмлари ва вайронкор ҳаво зарбаларига дош бериб, бир неча ой давомида ушлаб турганди. Якунда 2023 йил май ойида Украина қуролли кучлари шаҳарнинг ғарбий чеккаларига чекинган, Кремл эса Бахмут эгалланганини эълон қилганди.
Ўшанда Украина қўмондонлигининг ҳаракатлари мамлакат ичкарисида ҳам, ғарбдаги ҳамкорлар томонидан ҳам бир хилда маъқулланмаганди. Кўплаб ҳарбий экспертлар украин жангчилари «Бахмут гўштмайдалагичи»да иштирок этиши Украина қуролли кучларини ҳолдан тойдиргани ва бу мамлакат жанубидаги қарши ҳужумга ҳам таъсир кўрсатганини билдирган.
Хорижий нашрлар қуролли кучлар бош қўмондони Валерий Залужний ва президент Володимир Зеленский Бахмут мудофааси бўйича турлича қарашларда бўлгани ва бу борада баҳслашгани ҳақида ёзганди. Президент шаҳарни охиригача сақлаб туришни талаб қилган, бош қўмондон эса қўшинларни олиб кетишни истаган.
Шу билан бирга, Бахмут ва Авдийивка мудофааси ўртасидаги ўхшашлик ҳақида фикр билдираркан, ҳарбий эксперт Олексий Мелник амалда Бахмутнинг узоқ давом этган мудофаасининг ижобий таъсирларига тўхталган.
Хусусан, шаҳарни штурм қилган «Вагнер» ХҲК отрядлари улкан йўқотишларга учраган — 30-40 минг киши ҳалок бўлганди. Бу эса, ўз навбатида, унинг раҳбари Евгений Пригожин ва Россия ҳарбий-сиёсий раҳбарият ўртасидаги кескинлик кучайишига олиб келганди.
Можаро 24 июн кунги исён даражасигача ўсиб борган. Бу Кремлнинг нуфузига кучли даражада зарба бўлган, кейинроқ «Вагнер» амалда ўз мавжудлигини йўқотган, Пригожиннинг ўзи икки ой ўтиб сирли авиаҳалокатда ҳалок бўлганди.
«Агар бу жиҳатни олсак, Бахмут мудофааси стратегик томондан муҳим рол ўйнаган», — дея қайд этади Мелник.
Авдийивканинг икки томон учун аҳамияти
Россияликларга Авдийивка нега керак? Экспертларнинг кўпчилиги у Кремл учун ҳарбий эмас, фақатгина сиёсий жиҳатдан аҳамиятли эканини айтади.
Россия раҳбарияти ва «ДХР» етакчиларининг Украина қуролли кучлари Авдийивкадан сиқиб чиқарилиши Донецкни ўққа тутилишдан ҳимоялаши ҳақидаги олдинги баёнотлари танқидларга дош бера олмайди, дейди Михайло Жирохов.
Чиндан ҳам Авдийивкадан Донецкка қадар масофа атиги 10-15 км, украин қўшини эса бундан каттароқ масофага зарба берувчи артиллерияга эга.
«Бу (Авдийивкадаги позицияларни эгаллаш) Украинадаги ўт очиш воситалари масофаси кичикроқ бўлганида муҳим бўларди. Мен кўпи билан 30-35 км масофага зарба бера олувчи 152-мм калибрли совет тўпларини назарда тутяпман».
Аммо эндиликда Украина қуролли кучлари М777 гаубицалари (ўт очиш масофаси 40 км), HIMARS ракета тизимлари (70 км) ва ATACMS баллистик ракеталари (Украина 160 км масофага ҳаракатланувчи модификацияси билан таъминланган) каби қуролларга эга.
Россияликларнинг яна бир тезиси Украина Авдийивкадаги позицияларидан келгусида «Донецкка ҳужум уюштириш учун плацдарм сифатида фойдаланиши» билан боғлиқ. Аммо бу тахмин ҳам реалликдан узоқ, деб ҳисоблайди Жирохов.
«Агар бу ердан Донецкка ҳужум қилинса, қўшинлар таъминотини жуда тор бўғиз орқали етказиш талаб этилади. У ерга катта гарнизонни бундай шароитда киритиш мақсадга мувофиқ эмас ва хафли», — дея ишонч билан фикр билдирган у.
Шуни инобатга олган ҳолда Авдийивканинг эгалланиши Россия учун фақат ташвиқот эффектига эга бўлади. Шаҳар эгалланганидан кейин Донецк областининг маъмурий чегараларигача ҳаракатланиш учун россияликларда куч ва воситалар йўқ ва яқин вақтлар ичида бўлмайди ҳам, деб ҳисоблайди Жирохов.
«Мен Украина ҳарбий қўмондонлигига маслаҳат бермоқчи эмасман, аммо бундай шароитда яна бир шаҳарни ушлаб туриш ва уни „қалъа“ деб эълон қилишдан наф борми? Бунгача ҳам „Азовстал“ ва Бахмутда „қалъа“ бўлганди ва бу қандай якунланганини ҳам кўрдик».
Қайд этиш керакки, Россиянинг олий сиёсий раҳбарияти Авдийивкадаги вазиятни деярли изоҳламаяпти.
Президент Владимир Путин 15 октябр куни фронтнинг ушбу участкаси ҳақида қисқача тўхталиб, бу ерда қўшинлар «айрим ҳудудларда ўз позицияларини яхшилаш мақсадида фаол мудофаа жанглари» олиб бораётганини айтиб ўтганди.
Американинг ISW таҳлил маркази («Урушларни ўрганиш институти») Россия қўшинлари Авдийивка штурми вақтида бераётган катта йўқотишлар, катта эҳтимол билан келгусидаги юриш қилиш салоҳиятига путур етказишига эътибор қаратган.
Бундан ташқари, дастлабки муваффақиятсизликлардан кейин россияликлар тактикани ўзгартириб, зирҳли техникалар колоннасида ҳужум қилиш ўрнига кичик пиёда гуруҳлари билан ҳаракатлана бошлаган.
Россиялик айрим ҳарбий блогерлар, масалан, ВГТРК журналисти Александр Сладков Авдийивка атрофидаги амалиёт аллақачон «ижобий натижа» келтирганини қайд этган.
«Донецк бўйлаб зарба бериш камайгани бежиз эмас — бу ҳам қўшинларимиз ҳаракатлари самарасидир. Ҳа, Донецк атрофи ҳали ҳам ўққа тутилмоқда, аммо марказ ҳозирча хавфсизликда», — дея ёзганди у телеграм-каналида 6 ноябр куни.
Аммо 7-8 ноябр кунлари Россия нашрлари Донецк маркази кучли даражада ўққа тутилганини хабар қилди. Дрон операторларини тайёрлаш маркази ҳам зарбага учраган. Россия томонига кўра, ҳужум қурбонлари сони 6 нафарни ташкил этган ва яна 50 киши яраланган.
Украина ҳукумати бу зарбалар юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.
Мавзуга оид
22:34
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024
WP: Украина ҳукумати уруш 2025 йилда тугашига ишонмоқда
22:14 / 21.12.2024