«Гўдаклар ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз» — Абдулла Арипов
Бош вазир Ар-Риёд саммитидаги чиқишида Ўзбекистон Фаластин билан бирга эканини яна бир бор таъкидлаб, мусулмон давлатларни Ал-Ақсо дахлсизлигини сақлаб қолишга чақирди.
11 ноябр куни Саудия Арабистонида ўтган Араб-ислом давлатлари саммитида Ғазо секторидаги вазият муҳокама қилинди. Унда қатнашган Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонларни муросага келишга чақирди.
«57 та давлат ва қарийб 1,5 миллиард аҳолини ўз ичига олган ташкилотимизнинг бугунги саммити алоҳида аҳамиятга эга. У бизни боғлаб турган қадриятлар нақадар кучли экани тасдиғидир.
Вайронагарчилик ва ҳалокат кўлами бўйича бу низо Яқин Шарқ можаросининг охирги 50 йиллик тарихида илк бор кузатилмоқда. Энг ачинарлиси, бу инқирознинг охири кўринмаяпти. Биз Фаластин диёридаги можарога жим қараб туролмаймиз, Ўзбекистон бу борада тегишли дипломатик чора-тадбирларни амалга оширмоқда», деган у.
Абдулла Арипов бу борада Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш учун Ўзбекистон 1,5 млн доллар ажратгани, БМТ Бош ассамблеясининг Ғазо секторида ўт очишни зудлик билан тўхтатишга чақирувчи резолюциясига 120 та давлат қаторида Ўзбекистон ҳам ёқлаб овоз бергани, иккита халқаро саммитда Ўзбекистон президенти ушбу можарога тўхталиб ўтгани ҳақида эслатди.
«Ғазо секторида юз бераётган қонли тўқнашувлар натижасида йўқотишлар ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Биз гўдаклар ўлдирилишини қабул қилиб бўлмайдиган ноҳақлик деб биламиз. Қурбон бўлганларнинг яқинларига самимий таъзия изҳор қиламиз. Биз Фаластин халқи билан эканимизни яна бир бор билдирамиз», деган Арипов.
У, шунингдек барча аъзоларни Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа табаррук масканлар дахлсизлигини таъминлаш учун имкониятларини сафарбар қилишга чақирди.
«Ўзбекистон – Фаластиннинг халқаро меъёрларга мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлайди. Можарони фақатгина икки давлат – икки халқ учун тамойили асосида ҳал этиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботламоқда.
Зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазият кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилишига сабаб бўлиши муқаррар. Буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақалари билан чекланмайдиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин.
Энг хавфлиси, ушбу можаро ортидан асло йўл қўйиб бўлмайдиган – динлар, цивилизациялар ўртасидаги можаро келиб чиқиши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам биз томонларни гуманитар масалаларда муросага келишга, жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ва низони дипломатик йўл билан ҳал этишга чақирамиз. Ўзбекистон бу борадаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди», деган Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Саудия Арабистонидаги саммитда.
Мавзуга оид
18:07
Саудия Арабистонидаги кўзгусимон мегашаҳарни роботлар қуради
15:04 / 22.12.2024
Магдебургдаги ярмаркага ҳужум. Ҳозиргача нималар маълум?
16:40 / 20.12.2024
Ғазода ҳарбий базалар қурилмоқда. Исроил мустаҳкам ўрнашиб олмоқчи
08:11 / 19.12.2024