Жаҳон | 19:07 / 13.11.2023
13872
6 дақиқада ўқилади

Меҳнат бозорини бузиб юборган уруш: эркаклари жанг қилаётган, аёллари ишлаётган Украина

Cоvid-19 икки йил аввал Оксанадан онаси ва турмуш ўртоғини тортиб олганди. Россия артиллерияси эса баҳорда уни отаси ва катта ўғлидан айирди. «Ҳозир бошимни ишдан кўтармайман», — дейди аёл. У ҳозир Украина шарқидаги Тернивка шаҳарчаси четида 480 метр чуқурликда жойлашган конда ишлайди. 

Фото: Reuters

Оксана 49 ёшда. У урушнинг энг даҳшатли нуқтасига айланган Бахмутда яшаган. Камбағал болалар мактаб-интернатида рақсдан дарс берган. Бугун унинг уйи ҳам, жонажон шаҳри ҳам ер билан битта бўлган. Мактаби ёпилган. Қариндошлари вафот этган. Ўзи эса ҳозир кўмир кони ишчиси

Рус босқини бошланган 2022 йил февралида Оксана (кон раҳбарияти унинг фамилиясини ошкор қилмасликни сўради) Полшага қочиб ўтади. У ерда ресторанлардан бирида ошпаз, идиш ювувчи бўлиб ишлайди. Бироқ у ватани Украинани соғинарди. Орада дўстлари Тернивкадаги кон янги ишчилар қидираётганини айтиб қолади. Оксана ишга ёзилади. Унинг сўзларига кўра, янги ишида бошқаларига қараганда яхши маош тўлашади. Шунингдек, яхши нафақа ҳам таклиф қилишган. Бу иш унга барча хотираларига тўсиқ қўйишда ёрдам беряпти. «Ҳаммасини унутишни хоҳлайман», — дейди аёл. 

Уруш сон-саноқсиз украиналиклар ҳаёти билан бирга меҳнат бозорини ҳам тубдан ўзгартириб юборди. Россия ҳужум қилган бир кечанинг ўзида 4,8 миллионга яқин киши ишидан айрилди. Ҳисоб-китобларга кўра, 2022 йил баҳорида ишсизлик даражаси 30 фоиз бўлган, 2023 йил октябрида бу кўрсаткич анча камайган — 18,4 фоиз. Бироқ бу ҳам аслида урушгача бўлган ишсизлик даражасидан анча кўп ҳисобланади. Сўровномалардан бирига кўра, уруш бошлангандан бери украиналикларнинг 17 фоизи касбини ўзгартиришга мажбур бўлган. Юз минглаб киши армияга чақирилди. Америка расмийларининг қайд этишича, урушда камида 70 минг Украина аскари вафот этди. Яна 120 минг нафари эса турли даражада жароҳат олган. 

Бунинг оқибати ўлароқ эркаклар ишлаб келган кўплаб соҳаларда янги иш кучларига катта эҳтиёт сезилмоқда. 

Уруш ва оккупация шароитида сифатли маълумотларни йиғишни деярли имконсиз ҳолатга келтирди. Бироқ аёлларнинг Украинанинг депсиниб турган иқтисодиётига қилаётган таъсири фаоллашиб бораётганининг белгилари мавжуд. Мамлакат иқтисодиёт вазири Юлия Свириденкога кўра, Украинада жорий йилда рўйхатдан ўтган 36 минг компаниянинг (ўрта ва кичик) 51 фоизи аёллар томонидан бошқарилмоқда. 

Кўплаб хотин-қизлар саноат, қурилиш, тоғ-кон соҳаларида меҳнат фаолиятини бошлаяпти. Уларнинг сони кун сайин ортиб боряпти. «Биз қайта қуришни бошлаганимизда буни кенгроқ миқёсда кўрамиз», — дейди вазир.

Яқин йилларда Украина уруш фахрийлари, жумладан, минглаб ампутантлар, жароҳатланган аскарларга ғамхўрлик қилиш учун шифокорлар, психологлар армиясига муҳтож бўлади. Шубҳасиз, ушбу ғамхўрлик қилувчиларнинг аксарияти (агар ундан ҳам кўпи бўлмаса) эса аёллар бўлади. 

Урушдан кейин иқтисодиётда катта ўрин тутиши кутилаётган энергетика, транспорт, мудофаа соҳаларининг ҳам аёл ишчиларни жалб этиши муқаррар. Бундан қочиб бўлмайди.

Тернивкадаги тоғ-кон мажмуасидан 600 киши армияга чақирилди. Бу кондаги умумий ишчи кучининг ўндан бир қисмига тенг, дейди директор Дмитрий Забелин. Ишчи етишмовчилигини тўлдириш учун 300 нафар аёл кончилар сафидан ўрин олган. Урушгача ҳам конда аёллар ишлаган, бироқ уларнинг ҳеч бири ер остида фаолият олиб бормаган. Ҳозир эса 100 дан ортиқ аёл ер остида — конда ишлаяпти.

Оксана кўмирни юқорига олиб чиқадиган конвейерни бошқаради, унга хизмат кўрсатади. Бошқа аёллар техника, электр хавфсизлиги инспекторлари бўлиб ишлайди. Еленанинг турмуш ўртоғи собиқ кончи, ҳозир у Луҳанскда взвод командири. Унинг ўзи эса конлар орасини боғлайдиган поездларни бошқаришни ўрганди. Яқиндагина 18 ёшга тўлган Анна кончилар ҳаракатланадиган ҳудуд муҳофазасига жавобгар. Тернивка фронт чизиғидан анча узоқда жойлашган, бироқ ҳудудга Россиянинг қанотли ракеталари ҳам етиб келган. «Бу ўта қўрқинчли. Бироқ мен ер тагида эканман, буларни эшитмайман», — дейди Анна.

Кўмир қазиб олиш — хавфли ва машаққатли иш. Уруш эса бу ҳолатни янада кучайтириб юборди. Ўтган қишда Россиянинг Украина энергетика тизимига берган зарбалари натижасида Тернивка кончилари юқорига чиқиш учун 7 км йўл босиб, қутқарув зиналари орқали 680 метр тепага ҳаракатланишга мажбур бўлди. Янги генераторлар сабаб энди кончилар поезд ва лифтларни узоқроқ муддат ишлатиши, бу орқали эса осонроқ юқорига чиқиб олишлари мумкин.

Украинада гендер тенглиги билан боғлиқ ишлар ҳам етарлича. Аёлларни ишга жалб қилиш даражаси пасайиб боряпти. 1990 йилда кўрсаткич 54 фоизга тенг бўлган, босқин арафасида эса рақамлар 48 фоизга тушган. Уй ишлари, туризм, таълим — иш ҳақи паст бўлган касбларда аёллар улуши ҳаддан ташқари кўп. Совет даврида аёлларнинг 450 хил иш билан шуғулланишини тақиқловчи (ҳаммолликдан пайвандчиликкача) қонун мамлакатда 2017 йилга келибгина, батамом бекор қилинди. 2018 йилда эса Украина ҳарбий соҳада ҳам аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенг эканини тасдиқловчи қонунни амалга киритди. Ҳозирда мамлакат қуролли кучлари сафида 43 мингдан ортиқ аёл хизмат қилади. Шулардан 5 минг нафари жанговар лавозимларни банд этган.

«Аёллар ўз амбицияларини бошқа соҳаларда ҳам амалга ошира олиши керак», — дейди кон директори Забелин. Бироқ у кўплаб эркакларнинг фронтдан қайтмаслигини, Украина эса урушдан кейин ҳам кўп сонли армияни ушлаб туришга мажбурлигини қайд этиб, конга кўпроқ аёлларни ишга жалб қилишдан бўлак имконият бўлмаслигини таъкидлади. «Қўшнимиз (Россияни назарда тутмоқда) ҳеч қаерга кетмайди», — дейди у. 

Оксана аввалги ҳаёти, эски ишини соғиняпти, бироқ янгисидан ҳам кетмоқчи эмас. У аллақачон шовқин-сурон, зимистон, чангдан тортиб ер остига узоқ вақт тушишгачада кўникиб бўлган. «Бу урушчалик қўрқинчли эмас», — дейди аёл.

 

Мавзуга оид