Жаҳон | 09:44 / 13.11.2023
9134
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Киев Зеленский ва Трамп ўртасида учрашув ташкил қилмоқчи

Киевнинг фикрича, Трамп республикачилар орқали Украинага маблағ ажратилишига тўсқинлик қилаётган АҚШ Конгресси Вакиллар палатасини назорат қилади. 

Фото: Reuters

Украина президентининг идораси АҚШга ташрифи чоғида Володимир Зеленский ва АҚШ собиқ президенти Доналд Трамп ўртасида музокаралар ўтказишга ҳаракат қилади, дея хабар берди 12 ноябр, якшанба куни Украинанинг «Страна» нашри президент девонига яқин манбаларга таяниб. 

Нашр суҳбатдошларига кўра, Киев расмийлари «Трамп республикачилар орқали Украинага маблағ ажратилишига тўсқинлик қилаётган АҚШ Конгресси Вакиллар палатасини назорат қилади», деб ҳисоблайди. «Ҳукумат буни тушуняпти ҳамда шунинг учун Трамп ва Зеленский ўртасида тўғридан тўғри суҳбатни ташкил этишга ҳаракат қилмоқда», деди «Страна» манбаси. 

Музокаралар ташкил этиш Киев ва Вашингтон муносабатларидаги асосий масалалардан бири, дея даъво қилмоқда «Страна». Шу фонда АҚШга Украина делегацияси етиб келди, унинг таркибига Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак ҳам кирди. «Оқ уйда, Конгрессда, таҳлил марказларида, жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтади. Президентнинг «Тинчлик формуласи», Украина мудофаасини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни ҳар томонлама чуқурлаштириш ва кўплаб муҳим мавзулар кўриб чиқилади», - деди Ермак сафар режалари ҳақида.

Демократлар ва республикачилар Украинага ёрдам масаласида келиша олмаяпти 

Октябр ойи охирида республикачилар кўпчилик бўлган Вакиллар палатаси Украинага бир вақтнинг ўзида ёрдам кўрсатмасдан Исроилга ёрдам бериш учун 14,3 миллиард доллар (13,5 миллиард евро) ажратиш ҳақидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, демократлар устунликка эга бўлган Сенат Киевга ёрдам назарда тутилмаган қонун лойиҳасини блоклади. 

АҚШ президентлигига қайтадан даъвогарлик қилаётган Трамп, агар ҳокимиятга келса, «24 соат ичида» Украинадаги урушни тўхтатишини бир неча бор таъкидлаган. Бу ёзда у шу мақсадда Зеленский ва Путинга ултиматум қўйишини айтди. «Мен Зеленскийга: «Етарли. Сиз битим тузишингиз керак», дейман. Путинга эса: «Агар келишув тузмасангиз, биз унга кўп нарсани берамиз. Агар керак бўлса, олганидан ҳам кўпроқ берамиз», дейман. Мен бир кунда битимга эришаман. Бир кунда», деди Трамп. 

Зеленский бунга жавобан Трампга 24 дақиқа ичида АҚШ собиқ президенти «бу можарони бошқара олмаслигини» тушунтириши мумкинлигини айтди.

Мавзуга оид