Ўзбекистон | 11:08 / 13.11.2023
16342
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳали қуриб бўлинмаган “дом”нинг таги ёмғирдан сўнг очилиб қолди    

Ёмғир оқова сувлари бинонинг пойдевор қисмини ҳимоя қилиб турувчи зичлаштирилган тупроқ ичига тушган ва айрим жойларида отмостканинг чўкиш ҳолатлари юзага келган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги камчилик қурувчи ташкилот томонидан бартараф этилаётганини билдирди.

Фото: Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида қурилаётган “дом”нинг тупроқ қисми ёмғирдан сўнг чўкиб, таг қисми очилиб қолгани акс этган видеолавҳа тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат берди.

Вазирликка кўра, ушбу ҳолат Шайхонтоҳур тумани Гулобод кўчаси 234-уй манзилида қурилаётган кўп қаватли уйда юзага келган. Мазкур турар жой мажмуаси “Roaf Art House” МЧЖ томонидан бунёд этилмоқда.  

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Айни пайтда мазкур объектда қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмаган. Бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси ҳам расмийлаштирилмаган. Бинонинг отмостка қисмидаги қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланмагани боис, ёмғир оқова сувлари бинонинг пойдевор қисмини ҳимоя қилиб турувчи зичлаштирилган тупроқ ичига тушган ва шу сабабли айрим жойларида отмостканинг чўкиш ҳолатлари юзага келган. Ҳозирда ушбу камчиликлар қурувчи ташкилот томонидан бартараф этилмоқда.

Шунингдек, ҳозирда ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мутахассислари мазкур қурилиш объектида қурилиш-монтаж ишлари сифати устидан назорат ишларини олиб боришмоқда” дейилади вазирлик муносабатида.

Қўшимча қилинишича, мазкур объект Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 23 августдаги 1164-сонли қарорига асосан “Roaf Art House” МЧЖга кўп қаватли турар жой комплексини қуриш учун майдони 0.45 гектарли ер участкаси бўйича захиралаш ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишга рухсат берилган. Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан 2019 йил 16 сентябрда архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган ҳамда 2020 йил 2 июлда эскиз лойиҳаси тайёрланган.  

Мавзуга оид