Ўзбекистон | 12:31 / 15.11.2023
14196
6 дақиқада ўқилади

“Барчаси кеч хабар топганимиз ва хатомиз туфайли бўлди” – соғлиқни сақлаш вазири “Док-1 Макс” иши ҳақида

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Кеча, 14 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятовнинг “Мамлакатимизда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг ҳолати ва истиқболи тўғрисида”ги ахбороти эшитилди

Мажлисда Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳам сўз олиб, тизимдаги коррупция сабаб вафот этаётган болалар масаласини кўтарди ва Амрилло Иноятовдан шундай ҳолатлар бўйича изоҳ беришни сўради.

“Вазирлик вакиллари мажлисга жуда яхши тайёрланиб келишибди, 11 варақли маълумот ўқиб беришди, депутатлар нима дейишини олдиндан билишгани кўриниб турибди. Жавоблар учун раҳмат.

Охирги йилларда тиббиётга бўлган эътибор ва соҳадаги ўзгаришларни ҳеч ким инкор этолмайди. Ўзим ҳам шифокор оиласиданман, шунинг учун буни яхши ҳис қиламан. Ажратилаётган маблағлар ошди, тиббиёт марказларини моддий ва бошқа томондан қўллаш ўсди. Буларнинг ҳаммаси президентимизнинг соҳага алоҳида эътибор қаратаётганидан. Лекин шу билан бирга, афсуски, тизимдаги ўта қўпол камчиликлар туфайли ўнлаб болалар ҳаётига зомин бўладиган ҳолатлар гувоҳи бўлдик. Тизимдаги коррупция сабабли дорини тегишли тартибда сертификация қилмаслик оқибатида 65 та оила фарзандидан жудо бўлди. Президентимизнинг ўзи буни танқид қилиб, ҳар бир алоқадор одам қонун олдида жавоб беради, дедилар. Ва бугун суд жараёнлари очиқ тарзда бўляпти, жазоланяпти. Лекин шу суд жараёнларини, у ердаги ота-оналарнинг ғам-қайғусини кўриб йиғладим, менинг ҳам иккита фарзандим бор, ўшалардан бири менинг фарзандим бўлиши мумкин эди. Одамнинг виждони қийналяптики, биз ҳам депутат сифатида назоратни тўғри қилмай, эътиборни бошқа томонга қаратганимиз учун, тизимдаги шундай қўпол хатолар туфайли орамизда 65 та болакай энди йўқ.

Тизим ходимларининг кўрсатмаларидан маълум бўляптики, маълумотларни пастдан тепага етказмаслик оқибатида болаларни сақлаб қолиш имкони бой берилган. Минг афсуски, вазирлик томонидан бу ишлар учун сиёсий жавобгарлик тан олинмади. Жиноий жавобгарлик ўз йўлига, лекин масъулият нуқтаи назаридан юқори мансабдорларга жавобгарлик кўрмаяпмиз. Вазир туманларда препаратлар етмаслиги ўша туман биринчи раҳбарига боғлиқ, деб айтиб ўтдилар, сиз учун тумандаги раҳбар, биз учун тизимнинг биринчи раҳбари жавобгар. Тўғри, ўша пайт сиз вазир эмасдингиз, сизни айбламоқчи эмасман. Лекин шу бўлиб ўтган ишдан қандай хулоса чиқардингиз? Бизга шундай хатолар такрорланмаслигига ваъда бероласизларми? Пастдаги камчиликларни юқорига етказмоқчи бўлган ходимлар жазоланмаслигига ваъда бероласизларми? Маълумотлар ўз вақтида етиб келиб, ўз вақтида чора кўрилишига ваъда бероласизми? Фарзандларимизнинг ҳаётини сақлаб қолишга ваъда берасизларми? Хулоса чиқарилдими ёки бу ҳолат давом этаверадими?” – дея вазирга савол билан юзланди депутат.

Ўз ўрнида соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ўтган машъум воқеаларда айбдорликни вазирлик тўла ўз зиммасига олиши ва баҳоналарга ўрин йўқлигини айтиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслигига ваъда берди.

“Дониёр Ғаниевнинг эътирозларини тўлиқ қабул қиламиз, ҳеч қандай баҳона қилишга асосимиз йўқ. Тизим раҳбари бўлиш мен учун катта масъулият ва мажбуриятдир.

Ўша ишлар бўлган пайтда биринчи ўринбосар эдим. Биринчи ўринбосар бўла туриб хабарни кеч эшитганман, тан оламан. 24-25 декабр кунлари хабарни олганмиз. Январ ойининг биринчи ўн кунлигида 17 минг ҳамширани хонадонларга чиқариб, одамларнинг уйидаги шундай дориларни йиғиб олдик. Сиропдан ташқари таблетка кўринишидаги турлари ҳам аниқланиб, йиғиб олинди.

Президентимиз дарров топшириқ бериб, администрация, прокуратура, ички ишлар, солиқ органлари ҳам жалб қилиниб, дорихоналардан ўша дори тўлиқ йиғиб олинди. Процесс 10 кунда бирдан тўхтатилди. Қарийб 100 нафар болани Болалар миллий маркази ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига олиб келдик ва соғлиғини назоратга олдик.

Самарқанддан ҳолат бўйича маълумот келгунга қадар шифокорлар заҳарланган болаларга бошқача ташхис қўйишган, агар билишганда, барча боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди. Шу воқеадан кейин битта ҳам бундай ўлим ҳолати кузатилгани йўқ. Ҳолатдан сўнг катта хулоса қилганмиз. Яқинда бўлиб ўтган “Антиструмин воқеаси”ни ҳам вазирлик тан оляпти. Бу ҳолат билан боғлиқ бўлган барча ходимлар қонун олдида жавоб беряпти.

Бундан буён бундай камчиликларга йўл қўймасликка вазир сифатида ваъда бераман. Тизимда муаммолар йиғилиб қолган, шунинг учун тизимли ёндашув бошланган. Ҳукуматнинг, депутатларнинг ёрдами керак бўлади бизга. Тиббиёт йўналиши жуда оғир эканини ҳис қиляпман, вазирлик масъулияти жуда катта. Шуларни чуқур ҳис қилган холда ишга киришганмиз. Энди бундан буён битта ҳам бунақа ҳолатга йўл қўйишга ҳаққимиз йўқ. Ва тан оламанки, барчаси бизнинг ҳолатдан кеч хабар топганимиз ва хатомиз туфайли бўлди”, – деди вазир Амрилло Иноятов.

Мавзуга оид