Жаҳон | 14:17 / 15.11.2023
13569
6 дақиқада ўқилади

Дэвид Кэмерон кутилмаганда Британия сиёсатига қайтди. Бундан нима кутиш мумкин?

Етти йиллик танаффусдан кейин собиқ бош вазир Дэвид Кэмерон яна Буюк Британия сиёсатига қайтди ва ташқи ишлар вазири лавозимини эгаллади.

Фото: ANADOLU AGENCY

Ҳукуматдаги кадрлар алмашинувига Ҳоум-офис раҳбари, ички ишлар вазири Суэлла Браверман Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруши туфайли Фаластин тарафдорларининг Лондонда мунтазам равишда ўтказила бошланган маршлари борасидаги позицияси туфайли ишдан кетди.

Шундан кейин Форин-офис раҳбари Жеймс Клеверли ички ишлар вазирлиги раҳбарлигига ўтказилди, унинг ўрнини – Кэмерон эгаллади.

Бу 1970-йиллардан бу илк бор собиқ бош вазир ҳукуматга қайтиши бўлмоқда.

Кэмерон бошқаруви даврида Британия ташқи сиёсатида ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкинми?

Дэвид Кэмерон ким ўзи?

Дэвид Кэмерон Британияда болалар учун энг нуфузли мактаб – Итон мактабида ўқиган, кейин эса Оксфорд университетини тамомлаган.

У анча ёшлигида Консерватив партия аъзоси бўлган, 39 ёшида (2005 йилда) унга раҳбар бўлган.

2010 йилдан 2016 йилгача у Буюк Британия бош вазири бўлган, бу вақт ичида қатор сиёсий ғалабаларга эришган.

Масалан, кўп жиҳатдан у олиб борган сиёсат туфайли Шотландия 2014 йилги мустақиллик референдумидан кейин ҳам Бирлашган Қироллик таркибида қолган.

Шунингдек, Россия 2008 йилда Гуржистонга бостириб кирганида айнан у Ғарбни Россиянинг G8 аъзолигини тўхтатишга чақирган. Қрим Россия томонидан аннексия қилингач, Кэмерон Кремл сиёсатининг ашаддий мухолифларидан бири бўлади.

Кэмерон Британия Евроиттифоқни тарк этишига қарши чиққанди.

Евроиттифоқ аъзолиги бўйича миллий референдум ўтказиш унинг асосий сайловолди ваъдаларидан бири эди, у сўзида турди, лекин 2016 йилги овоз бериш натижалари эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб (ўшанда ЕИдан ажралиб чиқиш тарафдорлари минимал устунликка эришганди) истеъфога чиқди.

Унинг қайтишидан нима кутиш мумкин?

Дэвид Кэмерон етти йил давомида катта сиёсатда бўлмади, аммо, ўзининг сўзларига кўра, у партия ва вазирлар кабинети раҳбарлигидаги ўн йилдан ортиқ тажрибаси ҳозирги ҳукуматга фойда келтиришига умид қилмоқда.

У икки уруш – Украина ва Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар фонида Британия дипломатиясини бошқаради, аммо унинг тажрибаси бундай мураккаб халқаро вазиятда қандай қўлланиши ҳозирча аниқ эмас.

Айни вақтда британиялик сиёсатчилар, жумладан собиқ сафдошлари унинг Хитойга нисбатан эҳтимолий позициясини фаол муҳокама қилмоқда.

Кэмерон бош вазирлик йилларида Пекинга жуда яхши муносабатда бўлган, ХХР раиси Си Жинпингнинг давлат ташрифини уюштирган ва мамлакатга катта миқдорда Хитой инвестицияларини жалб этганди.

Ҳукуматни тарк этганидан кейин ҳам у Британия-Хитой инвестиция жамғармасини ташкил этишга уринди, аммо бунга эриша олмади.

Янги ташқи ишлар вазири ва Хитой ўртасидаги бундай илиқ муносабатлар, агар, албатта, Кэмерон уларни сақлаб қолган бўлса ва ривожлантиришда давом этса, кўпчиликда маълум хавотирларни уйғотади.

Айримлар бу Британиянинг Россия-Украина можаросидаги позициясига ҳам таъсир қилиши мумкин деб ҳисоблайди.

Консерватив партиянинг собиқ етакчиси, сэр Иэн Дункан Смит эса Кэмероннинг тайинланиши – Британия «Ҳонгконгда демократия талаб қилаётганлар ва Шинжондаги геноциддан жабр кўраётганлар»ни ҳимоя қилишдан бош тортиши ҳақида Хитойга берилган сигнал эканини айтди.

Унинг партиядошларидан айримлари фикрича, ТИВ раҳбарлигига рози бўлиш орқали Кэмерон фурсатдан фойдаланиб, ўз сиёсий фаолиятида бошқача якун бўлишини таъминлаган.

«Истеъфога чиққанда бу ҳеч қачон сенинг шартларинг бўйича бўлмайди. Аммо агар сен кетсанг ва қайтсанг, ниманидир ўзгартиришга, бошқача нотада якунлашга имкон бўлади», – деган Кэмероннинг собиқ сафдоши, унинг ҳукуматида лавозим олган баронесса Ники Морган.

Аммо Дэвид Кэмероннинг сиёсатга қайтиши ўзидан кўра ҳозирги бош вазир Риши Сунакка фойда келтириши тайин.

Ички сабаблар

Буюк Британияда навбатдаги парламент сайловларига қадар бир йилдан кўпроқ муддат қолди. Аниқ санаси ҳозирча маълум эмас, аммо улар 2025 йил январидан кечиктирмай ўтказилиши лозим.

Ижтимоий сўровлар мамлакатдаги мавжуд сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда лейбористлар учун яққол устунликни кўрсатмоқда.

Бундай вазиятда Риши Сунак, афтидан, сайловчиларнинг бир қисмини қайтариш учун, ўз партиясининг консерватив қанотини мўътадил сиёсатчилар фойдасига мўътадиллаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Дэвид Кэмерон Консерватив партиянинг мўътадил қанотига мансуб ва ҳамон торилар орасида нуфузли шахс бўлиб қолмоқда.

«Бу [Кэмероннинг тайинланиши] Сунак амалга ошириши мумкин бўлган энг катта ўзгаришдир. Бу партияни янада ўнгга тортаётган Европага қарши ҳаракат бостирилганини яққол намоён этади», – дейди Консерватив партия фахрийси, Маргарет Тэтчер ва Жон Мейджор кабинетларида ҳам ишлаган Майкл Ҳезелтайн.

Аммо Сунакнинг ҳисоб-китоблари иш беришига кафолат йўқ, деб ҳисоблайди таҳлилчилар.

Уларнинг фикрича, Суэлла Браверманнинг ишдан бўшатилиши унинг фойдасига хизмат қилиши ҳамда уни Сунакнинг партия ичидаги асосий мухолифига айлантириши, натижада консерваторлар партияси раҳбарлиги учун кейинги сайловларда партиядошларнинг радикал қарашларга эга бўлган қисми айнан уни қўллаши мумкин.

Мавзуга оид