Ўзбекистон | 15:25 / 15.11.2023
9952
3 дақиқада ўқилади

"Компромат иши" доирасида биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолди

Товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланиб, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинган Х.Далиев ва С. Ҳошимовнинг шикоятлари апелляция инстанцияси судида кўриб чиқилди. Унда биринчи инстанция суди ҳукм ўзгаришсиз, келтирилган шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

14 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида судланувчилар Х. Далиев, С. Ҳошимов ва уларнинг ҳимоячилари томонидан келтирилган апелляция шикоятлари кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов Kun.uz’га маълум қилди.

Апелляция инстанциясининг ажрими билан ЖИБ Шайхонтоҳур туман судининг шу йил 26 сентябрдаги ҳукмининг Х. Далиев ва С. Ҳошимовга оид қисми ўзгаришсиз, келтирилган шикоятлар эса қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Шунингдек, ушбу ажримдан норози тарафлар жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига мувофиқ Олий судга кассация тартибида шикоят бериш ёки протест келтиришга ҳақли

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 27 январь куни Ҳуман.уз сайти директори Хуршид Далиев Телеграм'даги "Компроматузб" ва бошқа каналлар орқали қилинган товламачилик жиноятларига алоқадорликда гумонланиб, нашр офисидан олиб кетилганди.

Кейинчалик Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг собиқ матбуот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева ва “Ўзбекнефтгаз” матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимов ҳам ушбу иш доирасида ҳибсга олингани маълум бўлганди.

2023 йил 26 сентябр куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида уларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича ёпиқ суд жараёни тугаб, суд ҳукми эълон қилинган.

Унга кўра, Хуршид Далиев ЖКнинг 4 та моддаси бўйича айбдор, деб топилиб, унга 3 йилга оммавий ахборот воситаларида ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида жарима ва 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.

Сиёвуш Ҳошимов эса ЖКнинг 3 та моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилишда айбдор, деб топилган. Унга 3 йилга ОАВда ишлаш ҳамда журналистика ва блогерлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди.

Бошқа судланувчилар Аҳмадулла Аҳмаджонов ва Мавжуда Мирзаевалар биринчи инстанция судининг ҳукми устидан шикоят бермаган. Уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган эди.

Мавзуга оид