Машҳур раққосани ўлдирган шарф ёки зиёфатда бўкиб қолган мақтанчоқ – тарихдаги энг ғалати ва аҳмоқона ўлимлар
Бир томондан қараганда, инсоннинг жони жуда қаттиқ, умри давомида жуда кўп қийинчиликларга дуч келса ёки қанча заҳмат чекса ҳам барчасига бардош беради. Иккинчи томондан, инсоннинг жонидан мўрт нарса йўқ, сал нарсага вафот этиши мумкин. Қолаверса, ғалати ишлари ёки аҳмоқлиги туфайли ўзига ажал сотиб олганлар ҳам етарлича бор.
Ҳар йили дунёда миллионлаб одам туғилади ва вафот этади. Жумладан, 2022 йилда Ер юзида қарийб 161 миллион чақалоқ туғилган. 62,3 миллион одам вафот этган.
Вафот этаётганлар орасида ўзига ўзи ўлим сотиб олган ва аҳмоқона иши ортидан ҳалок бўлганлар сони ҳам етарлича. Қўйида ғалати тарзда ёки аҳмоқона ўлим топганлар тарихини келтирамиз.
Сабзи шарбати туфайли ўлим
Сабзи шарбати инсон саломатлиги учун энг фойдали ичимлик. Лекин ҳар нарсанинг меъёрда бўлгани яхши. Акс ҳолда оқибати аянчи тугаши мумкин.
1974 йилда англиялик Бэзил Браун 10 кун давомида 50 литр сабзи шарбати истеъмол қилади. Шу тариқа унинг танасига белгиланган меъёрдан 10 минг марта ошиқ А витамини тушади. Оқибатда, Бэзилда жигар етишмовчилиги содир бўлади ва у вафот этади.
Қаттиқ кулгу туфайли ўлим
Ҳа, инсоннинг ёши ўтавергани сайин тана аъзолари ҳам қарий бошлайди ва у ҳатто қаттиқ кулги туфайли ҳам ўлиб қолиши мумкин. Алекс Митчел билан шундай бўлган.
1975 йилда 50 ёшли Алекс ўзининг севимли сериалини кўраётиб қаттиқ кулади. Унда юрак касали бор эди. Алекс кулаётиб, инфаркт бўлади ва жон беради.
Севимли шарф туфайли ўлим
Раққоса Айседора Дунканни руслар яхши танишади. Аёл шоир Сергей Есениннинг маъшуқаси бўлган ва 1922 йилда у билан оила қурганди. Раққоса йилнинг тўрт фаслида ҳам бўйнига узун шарф ташлаб юришни жуда ёқтирган. Охир-оқибат ана шу шарфлардан бири унинг ўлимига сабаб бўлади.
1927 йил 14 сентябр куни раққоса Франциянинг Ницца шаҳрида дўсти билан кабриолетда сайр қилишни хоҳлаб қолади. Ўшанда ҳам унинг бўйнида чиройли ипак шарфи бор эди.
Автомобил ҳаракатланишни бошлаганда Айседоранинг узун шарфи машина ғилдирагига ўралиб қолади. Оқибатда, раққоса аввалига бўғилади, сўнг бўйни синиб аянчли тарзда ҳалок бўлади.
Зиёфат туфайли ўлим
Жюлен Офре де Ламетри 16-асрнинг машҳур врачи ва файласуфларидан бири бўлган. Кунларнинг бирида у Франциянинг Пруссиядаги элчисини даволаб қўяди.
Бундан миннатдор бўлган элчи Ламетри шарафига зиёфат ташкил этади. Врач бир ўтиришда кўп овқат ерди ва доимо соғломлиги ҳамда овқат ҳазм қилиши билан мақтаниб юрарди.
Бироқ элчининг зиёфати унинг мақтаниб юришига чек қўяди. Зиёфат давомида врач одати бўйича жуда кўп овқат ейди ва бўкиб қолиб вафот этади.
Панд берган кийим-парашют
20 аср бошларида франциялик тикувчи Франц Райхелт кийим шаклидаги парашют тикади. Сўнг кўп марта уриниб, Франция ҳукуматидан парашютни синовдан ўтказишга рухсат олади.
2012 йилда у Эйфел минорасининг тепасига чиқади ва парашют-кийимни кийиб, ўзини пастга ташлайди. Парашют уни тутиб қололмайди ва тикувчи ерга зарб билан урилиб ҳалок бўлади.
Хўроз туфайли ўлим
Калифорнияда истиқомат қилувчи 35 ёшли Хосе Луис Очоа нафақат ноқонуний хўроз уриштириш жинниси, балки бундай мусобақаларнинг фаол ташкилотчиси ҳам бўлган.
Очоа ташкиллаштирган ноқонуний мусобақаларда хўрозлар шунчаки уриштирилмасди. Уларнинг оёғига тиғ боғлаб қўйишар ва хўрозлар бир-бирини ўлдиргунча уришарди.
2011 йилда мусобақа пайтида уриштириладиган хўрозлардан бири оёғига боғланган тиғ билан Очоанинг оёғини жароҳатлайди. Уни касалхонага етказиб боришга икки соат вақт кетади.
Бу вақтда хўрозлар жанги ташкилотчиси кўп қон йўқотади ва касалхонага етиб борганидан кейин бироз ўтиб вафот этади.
Ойна туфайли аҳмоқона ўлим
1993 йил Канаданинг Торонто шаҳрида адвокат Гарри Хой аҳмоқона хатти-ҳаракат туфайли ҳалок бўлади. У осмонўпар бинонинг 24-қаватида жойлашган офисида бир гуруҳ талабаларга хонага ўрнатилган ташқи ойна синмаслигини айтиб мақтанади.
Сўнг буни исботлаш учун у ойнани куч билан уради. Ойна синмайди. Бироқ офисга ўрнатилган катта дераза ойнаси билан бирга ўрнидан силжиб пастга қулайди. Оқибатда, ўз мувозанатини сақлай олмаган Гарри ҳам 24-қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлади.
Ток уриб ўлдирган балиқчи
Украиналик балиқчи қайнонаси вафот этганига бир йил бўлиши муносабати билан катта зиёфат уюштиришга қарор қилади. Бунинг учун у аввал дарёдан балиқ тутишга қарор қилади.
Балиқчи электрга уланган кабелни сувга ташлайди. Натижада бир дунё балиқ нобуд бўлиб, сув юзасига чиқади. Шунда балиқчи сувда электр токи борлигини унутиб балиқларни йиғмоқчи бўлади. Оқибатда, у ток уриб ҳалок бўлади.
Аёлларнинг гигиена воситаси туфайли ўлим
Британиялик Марк Глисонга аёлларнинг гигиена воситаси (тампонлар) ёрдамида хуррак отишга қарши курашишни ким маслаҳат бергани аниқ эмас.
Хемпширда яшовчи бу одам ўша маслаҳатни қабул қилади ва ухлашдан олдин бурнига гигиена воситасини тиқиб қўяди.
Шунда бурундаги намликни гигиена воситаси шишириб юборади. Оқибатда Марк уйқусида бўғилиб қолади ва вафот этади.
Олтинчи қаватдаги гимнастика машқлари
Профессионал гимнастикачилардан бири ўзининг 17 ёшга тўлиши муносабати билан ўтказилган байрамда меҳмонларга ўз маҳоратини кўрсатишни хоҳлаб қолади.
У сакраш ва умбалоқ ошиш машқини кўрсатишга берилиб кетади. Оқибатда, ўзини тўхтата олмай олтинчи қаватдаги деразадан пастга тушиб кетиб ҳалок бўлади.
Телефон туфайли ўлим
2020 йилда бир гуруҳ японлар Фудзияма тоғига чиқишга қарор қилишади. Улар орасида 47 ёшли Тетсу Шиохара ҳам бор эди. У тоғнинг баланд нуқтасига етганда смартфони билан ўзини ва атрофни суратга тушира бошлайди.
Шу пайтда унинг оёғи тойиб кетади. Ўшанда агар Тетсу телефонни ташласа, ҳалокатдан қутулиб қолиши мумкин эди. Бироқ у смартфонни маҳкам чангаллаганча пастга тушиб кетади.
Тетсунинг жасадини денгиз сатҳидан 3 минг метр баландликдан топишади. У 770 метр баландликдаги тик қоядан пастга тушиб кетганди.
Товуқ еб ўлган ўғри
Камерунлик ўғри Генри Бонго қўшнилардан бирига тегишли фермадан товуқ ўғирлашга қарор қилади. Бироқ қўлга тушади. Ферма хўжайини Генрининг бу ишидан қаттиқ ғазабланди.
У жазо сифатида Генрини ўғирланган товуқни ейишга мажбур қилади. Йигитнинг томоғига товуқ патлари ва суяги тиқилади ва у бўғилиб ҳалок бўлади.
Гаров туфайли ўлим
Хемпширлик Майкл Тойе сал гапга гаров ўйнашга одатланганди. У ҳар доим оддий баҳсни гаровга айлантирар ва пул тикарди. Бир марта рақиб бензин эритувчиси ҳақиқатан ҳам яхши ёнишига шубҳа қилади.
Шунда Тойе у билан гаров ўйнайди ва рақибини енгиш учун устидан кимёвий моддани қуйиб ёқиб юборади. Оқибатда куйиш жароҳатларини олиб, касалхонада вафот этади.
Ёлғончининг ўлими
Кунларнинг бирида Ню-Йоркда яшовчи фуқаро йўлни кесиб ўтаётганда машина уриб юборади. Жабрланувчига ҳеч нарса қилмайди.
Шу пайтда ўткинчилардан бири унга ҳайдовчидан кўпроқ пул ундириш учун ўзини оғирроқ жароҳат олгандек кўрсатишни маслаҳат беради.
Фуқаро тавсияга амал қилади ва ўзини бошқатдан машина остига ташлайди. Оқибатда оғир машина секин юриб кетаётган бўлса ҳам уни босиб ўлдиради.
Қотил қуён
Фермер Винсент Каррожио кунларнинг бирида қуён овига боради. У ўрмонда қуён қувлаб роса югуради ва дам олиш учун ўтиради. Сўнг қўлидаги ўқланган милтиқни ёнига қўйиб ухлаб қолади.
Шунда ёввойи қуёнлардан бири чакалакзордан чиқиб, Винсентнинг ёнидан югуриб ўтади ва тасодифан панжаси билан милтиқнинг тепкисига тегиниб кетади.
Оқибатда, ўқ отилиб овчининг бошига тегади ва у шу заҳоти ҳалок бўлади.
Адолат қиличи
Германиялик Питер Грубер Бонндаги музейга ўғирликка тушишга қарор қилади, бироқ омади чопмайди. Питер музей биносига кириши билан полиция ходимлари уни сезиб қолишади.
Притер полициячилардан қочиб музей экспонатлари орасига яширинмоқчи бўлганида тасодифан у ерда сақланаётган қилич унга суқилади. Оқибатда ўғри ҳалок бўлади.
Энг қизиғи, Питернинг ҳалок бўлишига сабабчи бўлган қилич қадимий бўлиб, у «Адолат қуроли» деб номланарди.
Мавзуга оид
17:35 / 25.10.2024
Ўзбекистонда туғилиш камайди, ўлимлар сони эса ошди
14:45 / 18.07.2024
Росстат биринчи марта ташқи сабаблардан ўлим ҳақидаги маълумотларни яширди
10:39 / 16.06.2024
100 йил олдин Ўзбекистонда Қурбон ҳайити қандай нишонланган? Архив суратлар
09:00 / 24.05.2024