«Бизда бомбалаш тўғрисида буйруқ бор. Сизда икки соат». Ғазолик стоматолог юзлаб қўшниларини қандай қутқаргани ҳақида
«Ҳозир биз яна бир бинони бомбалаймиз, кейин яна бошқасини. Якунламагунимизча сенга қўнғироқ қиламиз». Ғазо секторида яшовчилардан бири Исроил разведкаси одамлар эвакуация қилиниши учун отишмалардан қандай огоҳлантириб турганини айтиб берди.
Маҳмуд Шаҳинга биринчи қўнғироқ 19 октябр куни тонгда, Исроил Ғазони бомбалашни бошлаганининг 12-кунида бўлади.
Бу вақтда у Ғазо сектори шимолидаги нуфузли Аз-Заҳро туманида жойлашган кўп қаватли бинонинг учинчи қаватидаги уч хонали квартирасида эди. Бунга қадар бу ҳудудда авиазарбалар деярли кузатилмаганди.
У кўчадан келаётган кучли шовқинни эшитади. Одамлар бақира бошлайди. «Ўзимизни қутқаришимиз керак, — дея бақиради кимдир, — чунки улар кўп қаватли уйларни бомбалайди».
Маҳмуд уйдан чиқиб, хавфсиз жой қириб йўлнинг бу томонига ўтганида унинг телефонига яширин рақамдан қўнғироқ келади.
«Сизга Исроил разведкаси қўнғироқ қилмоқда», — дейди эркак кишининг овози. Маҳмуднинг сўзларига кўра, қўнғироқ бир соатдан ортиқ вақт давом этган ва бу унинг ҳаётидаги энг қўрқинчли паллалар бўлган.
«Биз учта кўп қаватли уйни бомбалаймиз»
Телефоннинг нариги томонидаги овоз Маҳмудга тўлиқ исми-шарифини айтиб мурожаат қилади ва араб тилида нуқсонсиз сўзлайди.
«У менга улар учта кўп қаватли уйни бомбаламоқчи эканини айтди ва ушбу ҳудуддаги одамларни эвакуация қилишга буюрди».
Маҳмуднинг ўзига тўғридан тўғри таҳдид бўлмаган, аммо кутилмаганда юзлаб кишиларни эвакуация қилиш масъулияти унинг зиммасига тушади. «Бу одамлар тақдири менинг қўлимда бўлиб қолганди», — дейди у.
Маҳмуд фикрини бир жойга жамлайди ва ўзини Абу Холид деб таништирган шахсдан гўшакни қўймасликни сўрайди.
40 ёшли стоматологнинг сўзларига кўра, нега айнан уни танлашганини тушуна олмаган. Аммо шу куни у ўз қўшнилари хавфсизлигини таъминлаш учун қўлидан келган барча ишни бажарган.
Унга қачон ва қандай боғланиш мумкинлигини ҳамиша билган телефондаги номаълум шахснинг айтганлари бўйича ҳаракатланар экан, у бомбардимон қилишни тўхтатишни ўтиниб сўрайди ва овози борича бақириб одамларни хавфсиз жойга кетишга чақиради. У одамларни ёппасига эвакуация қилади, кейин эса унинг кўз ўнгида атрофдаги барча нарса портлай бошлайди.
Ҳозирги можаро вақтида исроиллик ҳарбийлар баъзида Ғазо аҳолиси вакилларига қўнғироқ қилиб, уларни бўлажак ҳаво зарбалари ҳақида огоҳлантираётгани янгилик эмас. Маҳмуднинг ҳикояси шундай қўнғироқлардан бири ҳақида батафсил маълумот беради.
Аз-Заҳрода яшовчилар огоҳлантирувчи қўнғироқ айнан унга бўлгани ҳақида айтиб беришганидан сўнг BBC Маҳмуд билан боғланган.
Маҳмуд ҳодисадан уч ҳафта ўтиб берган қўнғироқ мазмунини бошқа мустақил манба орқали тасдиқлаб бўлмайди. Аммо унинг ҳикояси ўша куни фейсбукдаги гуруҳда жойлаштирилган постга ҳамда ҳаво зарбасидан олдин ва кейин олинган сунъий йўлдош тасвирларига мос келади.
Очиқ манбаларга кўра, 19 октябр куни Исроил ҳарбийлари камида 25 та кўп квартирали уйларни бомбардимон қилиб, юзлаб квартиралар ҳамда бутун бир туманни яксон қилганидан кейин юзлаб кишилар бошпанасиз қолгани маълум. Бу одамлар қўлига илинган буюмларини кўтариб, бутун Ғазо бўйлаб қочишга мажбур бўлган.
ЦАҲАЛ ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар бериши ва ўз ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ нормаларига мос келишини айтади.
«Ҳамма ишониши учун огоҳлантирувчи зарба йўлланг»
Маҳмуд аввалига ушбу нотаниш шахснинг сўзларига ишонмаганини эслайди. Атрофдаги одамлар бу товламачилар томонидан қилинаётган пранк бўлиши мумкинлигини айтишади. Уруш бошланганидан буён фейсбукдаги гуруҳ чатларида исроилликлардан ёлғон қўнғироқлар ҳақидаги огоҳлантиришлар ҳамда бундай қўнғироқларни эвакуация тўғрисидаги ҳақиқий буйруқлардан ажратиш бўйича маслаҳатлар бериб келинади.
Маҳмуд телефоннинг нариги томонидаги шахсдан одамлар бўлаётган воқеанинг ҳақиқийлигига ишониши учун огоҳлантирувчи зарба йўлланишини сўрайди. У одамлар ухлаётган бўлса, кўчадаги чақириқни эшитмаслиги, зарба овозини эса эшитиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Ва шунда таҳдид остида бўлган турар жойлардан бирига огоҳлантирувчи зарба берилади. У кутилмаганда келгандек туюлади, катта эҳтимол билан бу зарба дрон орқали берилган.
«Мен бомбардимонни бошлашдан олдин яна бир огоҳлантирувчи зарба беришни сўрадим», — дейди Маҳмуд. Шунда яна бир портлаш овози эшитилади.
Маҳмуд хавф реал эканини тўла англаб етганидан кейин суҳбатдошидан шошилмаслик ва зарба беришни кечиктиришни сўрай бошлайди. «Мен унга дедим: бизни алдаманг ва эвакуация тугамагунича бомбаламанг».
Маҳмуднинг эслашича, нотаниш шахс вақт беришини, чунки кимдир ҳалок бўлишини истамаслигини айтган. Стоматолог эса бунга ҳеч ким умуман жабр кўрмаслигини исташини айтиб жавоб қайтаради.
У барча қўшниларникига кириб, уларни эвакуация бўлишга чақириб чиқмагунича гўшакни қўймайди. Қўшнилардан бири эслаши, Маҳмуд «шунчаки қичқирган», қолганлар эса унга қўшила бошлаган.
«Мен қутқариш имконим бўла туриб, кимдир қолиб кетишини истамасдим», — дейди Маҳмуд.
Ўша куни тонгда юзлаб кишилар кўчага чопиб чиқишади. Одатда тинч яшайдиган ҳудуд аҳолиси қичқириб уёқдан буёққа югурарди, айримлар — битта пижамада.
Аз-Заҳро тумани қуриб бораётган Води-Ғазо дарёси ўзанидан шимолда жойлашган бўлиб, Исроил армияси жанговар ҳаракатлар бошланганидан буён маҳаллий аҳолини жанубга кетишга чақириб келади.
У замонавий турар жой бинолари, шунингдек, кафелар, дўконлар, университетлар, мактаблар ва хиёбонлари билан машҳур эди. Бомбардировка ҳақидаги хабарлардан кейин одамлар айнан хиёбонларда тўплана бошлайди.
Маҳмуд нега у яшайдиган туман ҳаво зарбаси нишонига айланганини тушуна олмасди. «Мен уларни тўхтатиш учун барча ишни қилдим, нега бизни бомбалашни истаяпсиз, деб сўрадим», — дейди у.
«У эса менга шундай жавоб қилди: сизга кўринмайдиган, биз эса кўриб турган нарсалар бор». Маҳмуднинг сўзларига кўра, у нимани назарда тутаётганини изоҳлаб ўтирмаган.
«Бу сен ёки мендан муҳимроқ одамларнинг ихтиёри ва бизда бомбалаш ҳақида буйруқ бор», — дея қўшимча қилган қўнғироқ қилган шахс.
Бинолар атрофида одам қолмаганида у Маҳмудга ҳозир бомбардировка бошланишини айтган.
У эса ваҳимага тушган: агар улар хатолик билан бошқа биноларни бомбаласа-чи? «Кутиб тур», — деган унга суҳбатдоши.
Тепадан Исроил ҳарбий самолёти учиб ўтган. Маҳмуд ўз уйига қўшни жойлашган учта кўп қаватли уйларга қараб турган. Шунда улардан бирига зарба берилган.
«Бу бизга керак бўлган ўша минора, шундай экан узоқроқ тур», — деган эркак телефон орқали у қулаётганида. Кейин яна икки минора қулатилган.
Ўша куни тонгда Аз-Заҳрода олинган фотосуратларда учта турар жой ўрнида ҳосил бўлган харобаларни кўриш мумкин, видеода эса маҳаллий аҳоли вакиллари авиазарба оқибатларига қараганча тентираб юргани акс этган.
Фейсбукдаги гуруҳ чатида маҳаллий вақт билан соат 08:28 да қўйилган хабарда учта бино «таг-туби билан ер юзидан супуриб ташлангани» айтилган.
Бомбардимон қилиш якунлангач, телефондаги овоз Маҳмудга айтади: «Биз тугатдик, қайтишингиз мумкин».
Маҳмуд айнан ниманинг гувоҳига айланганини тушуна олмайди. У бу ҳудудда 15 йил яшаган, ўз клиникасида яшаган ва болаларини тарбиялаган.
«Мен унга Аз-Заҳро — тинч жой эканини, бу ерда ҳамма бир-бирини танишини айтдим. Мен у буни тушунишини истардим. Бу чегара ҳудуди эмас, бизда ҳеч қачон ҳеч қандай тўқнашувлар бўлмаган. Бу ерда доим тинчлик ҳукм сурган», — дейди у.
Ўша тонгда фейсбукдаги чатда қўшнилар уйсиз қолганларга бошпана, сув ва егулик бериши сўралган пост пайдо бўлади.
Одамлар вақтинча бошпана ёки бир кунга тунаш учун жой ахтара бошлайди. Маҳаллий расмийлар йўлларни харобалардан тозалаш ва ёнғинларни ўчиришга киришади.
Уйи шикастланмаганлар уйга қайтади. Айримлар хавфсизлигидан қаттиқ қўрқа бошлайди.
«Биз бошқа бомбалаш бўлмаслигидан умид қилганча, ортга [уйларимизга] жўнадик», — дейди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Махфий рақамдан ўтказиб юборилган қўнғироқ
Ўша куни кечқурун, квартирасида намозини ўқиб бўлганидан кейин Маҳмуд телефонида яширин рақамдан қилинган қўнғироқни кўради.
Унинг ичи зил кетади. «Мен дарҳол янги эвакуация ва бомбалаш бўлишини тушундим, аммо мен энди қайси бино нишонлигини билмасдим. Бу менинг уйим бўлиши ҳам, қўшни уй бўлиши ҳам мумкин эди», — дейди у.
Аммо кўп ўтмай телефон яна жиринглайди. Энди бошқа киши гапиради. У эрталабки воқеалардан кейин улар Маҳмуд ишни уддалайдиган одам эканига амин бўлишгани ва шунинг учун яна қўнғироқ қилишганини айтади. У ўзини Довуд деб таништиради.
Бу одам ўз ҳаётидаги икир-чикирларни билишидан, ўғлининг исмини тилга олганидан Маҳмуд қаттиқ асабийлашади.
Маҳмуднинг сўзларига кўра, кейин бу одам Ғазода ҳозирда бу ишлар нега бўлаётганини тушунтиришга уринган.
«У менга шундай деди: «Сен кўрдингми, улар [ҲАМАС] болаларни пичоқ билан қандай қилиб сўйишганини?»…
«Мен унга ислом қонунларига кўра бу тақиқланганини айтдим», — дея хотирлайди Маҳмуд. У ўз суҳбатдошини «коллектив жазо бермаслик»ка чақиради, аммо бу фойдасиз эканини ҳам тушуниб турарди.
Маҳмуднинг сўзларига кўра, бу одам унга кечаси яна бир қанча уйни яксон этишлари ва стоматолог яна қўшниларига эвакуация ҳақидаги буйруқни етказиши лозимлигини айтади.
Аввалига унга зарбалар эрталаб йўқ қилинган учта минорага ёндош жойлашган икки уйга, шунингдек яна бир кўп қаватли бинога йўлланишини айтишади.
«У менга шундай деди: „Биз сиз одамлар бу ҳудудлардан кетиши кераклигини етказишингни истаймиз“, мен эса жавоб бердим: „Менга вақт беришингиз керак“».
Маҳмуд яна ишга киришади. «Биз барча одамларни, ҳатто учинчи уйдагиларни ҳам эвакуация қилдик, чунки у иккинчисига жуда яқин жойлашганди», — дейди у.
Бу вақтга келиб Аз-Заҳрода тун бошланганди. Маҳаллий аҳоли вакилининг сўзларига кўра, электр ўчирилгани туфайли улар кўчага чиққач, чироқ ва мобил телефонлар орқали йўлни ёритишган. Айримлар олдиндан тайёрлаб қўйилган, ичида алмаштириш учун кийимлар, сув, телефон ва дорилар қутиси жойланган сумкаларни ўзи билан олган. Бошқалар бундай қилиб ўтирмаган.
«Бу ҳақиқий даҳшат эди, — дея эслайди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Абдулла ал-Хатиб. — Биз қаерга боришни билмасдик, биз ўзимиз билан ҳеч нарса олишга улгурмасдан, уйдан отилиб чиқдик».
«Атрофда ҳеч нарса кўринмасди. Шунчаки эвакуация бўлиш керак эди, — дея ёзади WhatsApp тармоғида ўша тундаги воқеа гувоҳларидан бири. — Мен шунчаки оилам билан бирга жон сақлашни ўйлардим».
Маҳмуд ўзини Довуд деб таништирган шахс билан гаплашиб, одамлар зарба бериладиган ҳудудни тўлиқ тарк этмагунича вақт чўзишга уринади.
Кейин учала уй йўқ қилинади. Маҳмуд бунга қараб турганида телефондаги овоз яна учта уй бомбаланишини, кейин одамлар қайтиши мумкинлигини хабар қилади.
Аммо бирдан режа ўзгариб қолади. Маҳмудга кўчанинг шарқий томонидаги барча турар жойларни бомбалаш бўйича қарор қабул қилинганини билдиришади. Бу 20 дан ортиқ кўп квартирали уйлар, яъни юзлаб квартиралар дегани эди.
«Аммо у ерда ҳали эвакуация қилинмаган одамлар бор, чунки бу уйлар ҳақида огоҳлантириш бўлмаганди, — дея эътироз билдиради Маҳмуд. — Бизга ҳеч бўлмаса эрталабгача вақт беринг, одамлар тунни қаерда ўтказади?»
«Биз буйруқ олганмиз ва биз бу кўп қаватли уйларни икки соатдан кейин бомбалаймиз», — дея жавоб қайтарилади унга.
Маҳмуд кварталдан кварталга чопиб, одамлар бу ҳудудни тарк этиши учун яна бақира бошлайди.
Аҳоли катта ёшлилар бақираётган, болалар эса йиғлаётган хаосни эслаб қолишган. Тўс-тўполонда айрим ота-оналар ва болалар бир-бирини йўқотиб қўйишган.
Ваҳима ҳукмрон бўлганига қарамай, Маҳмуд телефонни қўймасдан бор кучи билан бомбалашни ортга суришга уринади.
У томондаги киши эса ҳеч қандай ҳиссиёт билдирмасдан, ўша оҳангда гапиришда давом этади.
«У менга ҳатто шундай деди: „Ҳовлиқма, сен рухсат бермагунингча мен бомбаламайман“».
«Бунга эса жавоб бердим: „Йўқ, мен рухсат бермайман, мен умуман бомбалаш бўлишини истамайман. Агар сиз мен одамларни эвакуация қилишимни истаётган бўлсангиз, мен буни уларнинг хавфсизлиги учун қиляпман, аммо бомбалашингиз менинг рухсатим билан бўлмаслиги керак. Аз-Заҳрони бомбалайдиган Маҳмуд Шаҳин бўлиб қолмасин“».
Охирги уйда кекса ногирон аёл яшаган. Маҳмуд маҳаллий аҳолидан уни олиб чиқишга улгуриш учун чопишни сўрайди.
Одамлар шу атрофдаги кексалар уйи тақдиридан ҳам хавотирланишади. Аммо телефондаги одам «фақат турар жойлар йўқ қилиниши»ни билдиради.
Маҳмуднинг сўзларига кўра, ўша куни кечқурун у қўшнилари билан кузатган нарса «шунчаки навбатдаги бомбардимон» бўлмаган, балки «бинолар тўлиқ йўқ қилиниши» бўлган, турар жойлар бирин-кетин ер билан битта бўлган.
«Бу Аз-Заҳро» аҳолиси учун жуда оғир кеча эди», дейди у.
Маҳаллий аҳоли вакиллари кейинроқ ижтимоий тармоқларга жойлаган фотосурат ва видеоларда ўша тунги бомбардимон оқибатларини кўриш мумкин эди.
«Айни дақиқаларда Аз-Заҳрони бомбалашмоқда. Худойим, бизга раҳминг келсин», — дейилади маҳаллий вақт билан соат 21:11 да фейсбукдаги чатда қолдирилган постда.
Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири BBC нашрига кўчаларда ҳукмронлик қилган хаосни тасвирлаб берган.
«Биз қаерга йўл олишни билмасдик, — дея ёзади у WhatsApp орқали. — Кимдир мактабга боришни, бошқалар Нусейрат томон [Аз-Заҳродан жанубдаги қочқинлар лагери] ҳаракатланишни тавсия этди. Ва шу маҳал қақшаткич бомбалаш бошланди».
Маҳмуд телефондаги одамдан қўшниларини қаёққа юбориши кераклигини сўрайди.
«У айтди: „Шарқ ёки ғарбга бора қолишсин“. Мен унга дедим: „Шарқда ҳам осон эмас, чунки уёқда Ал-Муғрак жойлашган ва у ер ҳам аллақачон хавфсиз эмас. Одамлар у ерга боришга қўрқишади“».
«Ўшанда у таклиф қилди: „Уларни ғарбга, Фаластин кўчасига олиб кет“. Мен Фаластин университетини айтдим — ва у бунга қўшилди».
Маҳмуд нафақат қўшни уйларда яшаган аҳоли, балки вақтинча ушбу ҳудудга келиб турган одамлардан иборат гуруҳга йўлбошчилик қилади. Бу одамлар Ғазонинг шимолдаги бошқа ҳудудларидан қочиб келиб, Аз-Заҳродан бошпана топганди.
Туман аҳолисининг бошқа вакиллари ҳам уларнинг барчаси университет томон йўлга тушганини айтишган. Фейсбукда тарқалган кадрларда одамлар пиёда ёки машиналарда шу йўналишда ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.
Маҳмуд гўшакни қўяди. Аммо дарҳол унинг қўшнисига телефон қилинади
Маҳмуд университетда келган одамлар ташқаридаги портлаш овозларини қандай қўрқув билан эшитиб ўтиргани ҳақида эслайди. Қўрқиб кетган итлар аёллар ва болалар орасига яширинишга уринган.
Қайсидир паллада телефондаги овоз Маҳмуднинг телефони қуввати қанча қолганига қизиқади. 15 фоиз қолганди. Ундан телефонни ўчириш ва қувватни эҳтиёт қилиш сўралиб, кейинроқ яна қўнғироқ қилишлари айтилади.
Чиндан ҳам тез-тез қўнғироқ қилинган. «Улар менга шуни айтиш учун телефон қилишади: „Ҳозир биз яна бир бинони бомбалаймиз, кейин яна бир бинони“. Улар шундай дейишди: „Биз ишни тугатмагунимизча сенга қўнғироқ қиламиз“».
Қайсидир паллада унинг қўшнисига телефон бўлади ва иккинчи томондаги овоз гўшакни Маҳмуд Шаҳинга узатишни сўрайди.
Маҳмуд бутун кун давомида ўз рафиқаси ва беш фарзандидан ўзини узоқда тутади, биринчидан, одамларни эвакуация қилиш билан банд эди, қолаверса, Исроил разведкаси билан контакт туфайли ўзи ҳам нишон бўлишидан қўрқади.
Университетда у ўз яқинлари ҳолидан бирров хабар олади ва кейин уларни яна ёлғиз қолдиради.
Аз-Заҳро аҳолиси тунни уйқусиз ўтказади. Одамлар Маҳмуддан янгилик ва жавоб кутишарди.
«Улар сўрашарди: „Эй, доктор, улар ҳали телефон қилмадими, биз қайтишимиз мумкинлигини айтишмадими? Кейинги сафар қаерга зарба берилишини айтишмадими?“»
Тонг отади. «Бомбалаш шу вақтгача давом этмоқда», — дейилган маҳаллий вақт билан 08:53 да фейсбукда қўйилган постда.
Тунда олинган ва ижтимоий тармоқларга жойланган кадрларда осмонда тўқ сариқ рангдаги чақин кўринади. Эрталабки кадрларда эса шаҳар узра қуёш билан бирга кўтарилаётган тутун устунлари акс этган.
Маҳмуд ва ўзини Довуд деб атаган шахс кўчада барчаси тинчигунча гаплашишда давом этади. Кейин қўнғироқ бирдан узилади ва Аз-Заҳро аҳолисига кейинги ҳаракатлар бўйича кўрсатмалар келмайди.
«Улар бизга уйга қайтиш ёки эвакуация бўлишимиз ёки бу ҳудудни бутунлай тарк этишимиз кераклиги ҳақида индашмади. Шунинг учун одамлар кун ярмигача кутишди ва шундан кейингина ҳаракатга тушишди», — дейди Маҳмуд.
Кейинги соатлар ва кунларда Аз-Заҳро ҳудудидаги жамоат ҳам Ғазонинг бошқа жамоатлари каби ўз мавжудлигини тўхтатди.
«Агар уй бутун қолган бўлса ҳам, коммунал хизматлар қолмаганди, канализация шикастланган, новвойхоналар йўқ, супермаркет йўқ, сув ва электр ҳам йўқ», — дейди Маҳмуд.
Маҳмуднинг ўзи яшаган уй ҳам шикастланган, аммо омон қолган. У 15 йил мобайнида стоматология клиникасини юритган ва ҳурмат қозонган ҳудуд эса энди мавжуд эмасди. Унинг Аз-Заҳрода қиладиган иши ҳам қолмаганди.
У Ғазонинг бошқа ҳудудига кўчиб ўтиб, дўстининг одамлар шусиз ҳам кўп бўлган уйида яшай бошлайди.
«Мен энди ўз клиникам ёки уйим ҳақида ўйламайман, мен фақат омон қолиш ва яшашда давом этиш учун дуо қиляпман, — дейди у. — Моддий нарсалар ҳеч нарсани билдирмайди, чунки исталган вақтда ҳалок бўлишинг мумкин, шундай экан, биз энди бошқа нарсалар ҳақида ўйлай олмаймиз».
Исроил Ғазо аҳолисини авиазарбалар ҳақида телефон қўнғироқлари, смс-хабарлар ёки ҳаводан варақалар ёғдириш орқали олдиндан огоҳлантиради. Аммо айрим ҳолатларда одамлар зарбалар ҳақида олдиндан огоҳлантириш бўлмаганини айтишади.
ЦАҲАЛ вакили BBC билан суҳбатда «ҲАМАС террорчилик ташкилотини йўқ қилиш миссияси доирасида [ЦАҲАЛ томонидан] Ғазо секторида фақат ҳарбий объектлар»га зарба берилаётганини билдирган.
Баёнотда айтилишича, ҳарбий объектлар бўйлаб зарбалар «халқаро ҳуқуқнинг тегишли қоидалари, жумладан, тинч аҳоли орасида қурбонларни камайтириш бўйича барча амалий чораларни кўрган ҳолда» амалга оширилади.
«ҲАМАС Ғазо секторининг бутун ҳудудидан Исроилга ҳужум қилишда давом этмоқда. ҲАМАС фуқаролик инфратузилмасига сингиб кетган ва бутун Ғазо сектори бўйлаб фаолият кўрсатмоқда. Исроил мудофаа армияси ушбу ҳужумларни тўхтатишга қатъий қарор қилган ва шунинг учун биз ҲАМАСга қаерда зарур бўлса, ўша ерда зарбалар берамиз», — дейилган баёнотда.
ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, уруш бошланганидан буён Исроилнинг айби билан 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, шунинг учдан бир қисми болалар ҳисобланади. Исроилнинг ҳаводан зарбалари ҲАМАСнинг 7 октябр кунги ҳужумларига жавобан амалга оширилмоқда, ўшанда Исроилнинг сектор билан чегара ҳудудларида ўтказилган рейдлар оқибатида 1400 дан ортиқ киши, жумладан, аёллар ва болалар ўлдирилган, 200 дан ортиқ киши гаровга олинганди.
Маҳмуднинг саъй-ҳаракатлари туфайли Аз-Заҳро бўйлаб зарбалар берилган кунда унинг қўшниларидан ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Аммо унинг ҳикояси фаластинликлар орасидаги ваҳима ва уларнинг умидсиз ҳолатини очиб беради, улар ўз уйлари ҳамда улар учун қадрли бўлган барча нарса яксон этилишига томошабин бўлишга мажбур.
BBC Аз-Заҳродаги оилаларнинг кўплаб аъзолари билан гаплашган — бу туманда сараланган мутахассислар ва тадбиркорлар яшаб келишган. Улар тинчлик даврида кунларини соҳилда фалафел ва пицца тановул қилиш билан ўтказишган, уларнинг фарзандлари кун ботгунича футбол ўйнаш билан банд бўлишган.
Материал Муат Ал-Хатиба, шунингдек BBC Араб хизмати журналисти Дима Ал-Бобилий иштирокида тайёрланган.