Жаҳон | 13:58 / 16.11.2023
7253
3 дақиқада ўқилади

Bloomberg: АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдамни оширди

Қўшма Штатлар Исроилни «Апач» ҳужумкор вертолётлари учун лазерли бошқариладиган қўшимча ракеталар, 155 миллиметрли снарядлар, тунги кўриш мосламалари ва ҳарбий машиналар билан таъминламоқда. 

Фото: AFP / ARIS MESSINIS

Пентагон Исроилга ҳарбий ёрдамни ошириб, унга сўрови бўйича ўзининг «Апач» ҳужумкор вертолётлари учун лазерли бошқариладиган қўшимча ракеталар, 155 миллиметрли снарядлар, тунги кўриш мосламалари, бункерларни йўқ қиладиган ўқ-дорилар ва армия учун янги транспорт воситалари етказиб беряпти. Бу ҳақда 14 ноябр куни АҚШ Мудофаа вазирлигининг журналистлар ихтиёрида бўлган ички рўйхатига таяниб, Bloomberg хабар берди

Исроилнинг қурол-яроғ етказиб бериш бўйича сўрови ҳисобланган Israel Senior Leader номли ҳужжат октябр охирида ишлаб чиқилган, ҳозирда у Пентагон ичида тарқалмоқда, дея хабар беради нашр. Bloomberg томонидан кўрилган ҳужжатларга кўра, Исроил сўраган қуроллар аллақачон етказиб берилган ёки Пентагон уларни АҚШ ва Европадаги омборлардан етказиб бериш устида ишламоқда. 

Шу тариқа, октябр ойининг охирига келиб, 30 мм калибрли замбараклар учун 36 мингта снаряд, пиёдалар учун алоҳида M141 BDM гранатомётига 1800 та ўқ-дорилар ва камида 3500 та тунги кўриш мосламалари етказиб берилди, дейилади хабарда. 

АҚШдан Исроилга ҳарбий ёрдам

Пентагон матбуот котиби маълумотларга изоҳ беришдан бош тортди, аммо АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнотида Вашингтон «Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш воситаларига эга бўлишини таъминлаш учун ички захиралардан тортиб АҚШ саноат каналларигача бўлган кўплаб жабҳаларда ишлаётганини» билдирди.

Хавфсизлик ёрдами деярли ҳар куни етиб келишда давом этмоқда, дейилади ҳужжатда. Қайд этилишича, Қўшма Штатлар Исроилга тезкорлик билан аниқ бошқариладиган ўқ-дорилар, кичик диаметрли бомбалар, 155 миллиметрли артиллерия снарядлари ва бошқа ўқ-дорилар, шунингдек, «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизими учун ракеталар, тиббий ёрдам кўрсатиш учун ускуналар етказиб бермоқда.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 11 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид