Жаҳон | 15:17 / 16.11.2023
3972
4 дақиқада ўқилади

ICIJ: Кипр фирмалари россиялик олигархларга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам беряпти

Журналистларнинг маълум қилишича, ҳатто Ғарбнинг урушга қарши санкциялари остида ҳам Кипр россиялик миллиардерлар манфаати учун амалга оширилган молиявий операциялар маркази бўлиб қолган. 

Фото: picture-alliance/AP

2014 йилдан бери Кипр ҳукумати Қримнинг аннексия қилиниши ва кейинчалик Россиянинг Украинада тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлар бошлаши муносабати билан Ғарб санкциялари остида қолган юзга яқин россияликларга пул ювишда ёрдам берди. Бундай хулосалар ICIJ журналистлар ассоциацияси томонидан 14 ноябр куни эълон қилинган Cyprus Confindencials суриштирувида келтирилган

Суриштирувда 54 мамлакат ва дунёнинг бир ҳудудидан 270 дан ортиқ журналист иштирок этди. Ноқонуний активларни аниқлаш учун улар 1990-йилларнинг ўрталаридан 2022 йил апрелигача яширинган ички ҳужжатларни, жумладан, молиявий ҳисоботларни, банк ҳисоби аризалари ва электрон почта хабарларини таҳлил қилиб чиққан. 

«Кипр модели» қандай ишлайди? 

«Кипр модели» сифатида танилган оролнинг иқтисодий тизими Европа Иттифоқидаги энг заиф молиявий маълумотларни ошкор қилиш қонунларидан бирига эга бўлган молиявий секторга, нисбатан енгил марказий банк сиёсатига ва 200 миллиард доллардан ортиқ Россия инвестициялари цунамисига таянади, бу эса олигархларга катта таъсир кўрсатди», - деди журналистлар ушбу иш натижаларидан кейин. 

Уларнинг фикрича, «Кипр модели» асосидаги «кланизм»нинг типик мисоли 2013 йилдан 2023 йил бошигача Кипр президенти лавозимида ишлаган Никос Анастасиадисдир. Суриштирув муаллифлари аниқлаганидек, Анастасиадис президент лавозимига киришдан олдин оффшор хизматлар кўрсатувчи ва россиялик мижозлар учун жуда жозибадор бўлган юридик фирмага асос солган. 

Кипр собиқ президентининг россияликлар томонидан пул ювишдаги эҳтимолий роли 

ICIJ медиа ҳамкори - OCCRP лойиҳасининг 2019 йилдаги суриштируви шуни кўрсатдики, Анастасиадис лавозимга киришгунга қадар унинг адвокатлик фирмасида «кенг миқёсдаги пул ювиш операциялари, шу жумладан Россия раҳбарияти билан боғлиқ операцияларга алоқадор бўлган сохта компаниялар ходимлари бўлган».

Муаллифларнинг эслатишича, лавозимга киришгач, Анастасиадис фирмани икки қизи ва бошқа шерикларига қолдириб, Москвага жўнаб кетган ва у ерда Путин билан учрашган ҳамда яқинроқ иқтисодий ва молиявий алоқаларни ривожлантириш бўйича келишувларни муҳокама қилган. 

ICIJ сўровига жавобан, Анастасиадис томонидан асос солинган фирма шундай маълумот берди: «Биз қатъий айтмоқчимизки, юридик фирмамизнинг ҳеч бир аъзоси қонунбузарлик билан шуғулланмаган. Бу айбловлар мутлақо асоссиздир». 

Кипр ҳукуматининг реакцияси

Суриштирувчилар маълумотларига кўра, 2014 йилдан бери Кипр фирмалари Қримнинг аннексия қилиниши ва Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаши ортидан ғарб санкциялари остида қолган жами 96 нафар россияликнинг манфаатларини кўзлаб иш тутган. Улардан 67 нафари Forbes 2023 миллиардерлари рўйхатига киритилган. Суриштирувчилар фикрича, йирик ширкатлардан бирининг Кипрдаги филиали ҳам россиялик олигархларга ёрдам беришда иштирок этади. 

Умуман олганда, ICIJ ассоциацияси журналистлари 2014 йилдан бери санкцияга учраган россияликларга тегишли бўлган ёки уларнинг назорати остида махфий юрисдикцияларда рўйхатдан ўтган 800 га яқин компания ва трастларни аниқлади. Махфий юрисдикциялар - бу паст солиқ режимлари ва корпоратив эгалари учун анонимликни таъминлайдиган мамлакатлар ва ҳудудлар, деб тушунтиради муаллифлар. 

ICIJ саволларига жавобан, Кипр ҳукумати вакили «2013 йилдан бери Кипр доимий саъй-ҳаракатларни амалга оширди ва ўз банк секторини барқарорлаштиришга муваффақ бўлди ҳамда пул ювишга қарши курашда ҳам, санкцияларни қўллашда ҳам етакчи юрисдикцияга айланди», дея маълум қилди. 

Мавзуга оид